Баъзи сабабларга кўра ривожланишида муаммолари бор болаларнинг умумий ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим ва тарбия олишлари, ижтимоийлашуви ва жамият ҳаётига интеграциялашуви доимий давлат эътиборидаги масалалардир.
Ҳукуматимизнинг қатор қонун ҳужжатларида жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, соғлом болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилияти, имкониятларини кўрсата олишга, маънавий комил топишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Хусусан, 2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунига илк бора «инклюзив таълим» тушунчаси киритилди. Ногиронлик эндиликда тиббий масала эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масаласи дея қонуний эътироф этилди. Шуни таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан холи ва инклюзив муҳитни яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш – бола ҳуқуқларини амалга оширишнинг самарали йўлларидан биридир» деб таъкидланди.
Барчамизга маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масала жамоатчилик муҳокамаси марказида бўлиб турибди. Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бунга боғлиқ равишда конституциянинг 41-моддасига “Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади» таклифининг киритилиши бу борадаги ишларнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конституциямизга бундай қўшимчанинг киритилиши таълимда алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган болаларни ўзларининг меъёрида ривожланаётган тенгдошлари қаторида сифатли таълим олишларини кафолатлайди, иккинчидан, Ўзбекистонда инклюзив таълимни такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини жорий этилишини ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган ишларни янада жадаллаштирилишни таъминлайди.
Н.Раҳмонқулова,
Низомий номидаги ТДПУ проректори,
Педагогика фанлари доктори,
профессор.