Яъни уларда ёшларнинг билим олиши учун барча шароит яратиляпти. Илмий салоҳиятни ошириш, халқаро стандартларга мослашишга оид истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Фарғона давлат университетида якунланаётган йил давомида қилинган ишлар бунга яққол мисол бўлади.
Жумладан, жорий йил июль-август ойларида Фарғона вилоятидаги хорижий ва қўшма корхоналарда амалиёт ўташ ҳамда касбий тайёргарлигини ошириш орқали талабалар бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳага қўл урилган эди. Натижада барча талабалар уч томонлама шартнома асосида белгиланган корхоналарда амалиёт ўтади. Ушбу ташаббус таълим, ишлаб чиқариш ва ёшлар сиёсатини интеграцияловчи самарали модель сифатида шаклланди.
Шунингдек, ҳар ҳафта ташкил этиладиган “Талаба хавфсизлиги куни”, “Карьера ва бизнес” марафони, “Келажакка қадам” тадбирлари, менторлик тизими, ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш механизмлари ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширмоқда.
Олий ўқув даргоҳимизни ўтган йили 7845 талаба тамомлаб, бакалавр дипломини олди. Улар бугун ҳаётдан мамнун. Эртанги кунга дадил қадам қўймоқда.
— Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт йўналишини муваффақиятли тамомладим. Устозларимиз нафақат ўқув жараёнида, балки ҳаётда ўз йўлимизни топишимиз, ишли бўлишимизда ҳам чинакам йўл кўрсатувчи вазифасини бажарди, — дейди Ҳуснидабону Маҳмудова. — “Устоз-шогирд” анъанаси туфайли билим олиш билан бирга касбий кўникма, ҳаётий тажриба орттирдик, энг асосийси, келажакка ишонч билан қарашни ўргандик.
Ҳозир Фарғона шаҳридаги “Platon School” хусусий мактабида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаяпман. Шу билан бирга, билимимни чуқурлаштириш, илмий изланишларимни давом эттириш мақсадида жисмоний тарбия назарияси ва методикаси мутахассислиги бўйича магистратура босқичига ўқишга қабул қилиндим. Бугун таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳар бир ёшга кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Талабалик давримда бундай имкониятлардан самарали фойдаландим. Айниқса, битирувчиларнинг иш билан таъминланишига қаратилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ҳаётий мактаб бўлди. Ҳар бир муваффақиятим ортида фидойи устозларим, меҳрибон ота-онам, эл-юртимиз ва давлатимиз ишончи турибди. Бу ишончни оқлаш учун меҳнат қилишда, ўз устимда тинимсиз ишлашда давом этаман.
Университетимизда ўтказилган “Ислоҳотлар — менинг тақдиримда” иншолар кўрик танлови иштирокчиси — талаба Шаҳризода Комилованинг фикри ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди:
“… Янги Ўзбекистонда ҳаётим, орзу-интилишларим, таълим олишим ва келажагим билан чамбарчас боғлиқ ислоҳотлар рўй бермоқда. Кўҳна тарих шундан далолат беради-ки, янгилик қилиш, эскича қолип ва андозаларни ўзгартириш ҳеч қачон осон бўлмаган.
Ҳар қандай даврда ҳам ё очиқ, ё пинҳона тўсиқлар бўлади. Аммо бугунги кунимизнинг энг катта ютуғи шундаки, барча ислоҳотлар марказига инсон қадри қўйилган. Шу сабабли, ўзимни чин маънода қадрланган, эртанги кунига ишонч билан қарайдиган ёш сифатида ҳис қиламан.
Умримнинг олтин даври пахта далаларида эмас, ёруғ ва шинам аудиторияларда, тажрибали устозлар дарсларида ўтяпти. Биз энди билим олиш учун ўқияпмиз, кўнглимизни илму ижодга, орзу-мақсадлар рўёбига бағишлаяпмиз.
Куни кеча бир курсдошим халқаро грант соҳиби бўлди, яна бири чет тили бўйича хорижга амалиёт ўташ учун кетди, бошқаси стартап лойиҳаси учун давлатдан молиявий кўмак олди. Буларга чин дилдан ҳавасим келди ва ўзимни ҳам келажакда юксак марраларда тасаввур қилдим.
Бугун илмий мақолалар ёзиш, халқаро конференцияларда иштирок этиш, хорижий университетларда икки дипломли дастурларда ўқиш, турли стипендия ва грантларни қўлга киритиш каби имкониятларимиз бор.
Бепул электрон кутубхоналар, онлайн маълумот базалари, замонавий лабораториялар, ахборот технологиялари ва ҳатто стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам янги Ўзбекистон ёшларига берилаётган бебаҳо туҳфадир...”
Ғоявий таҳдидлар, ахборот хуружлари кучайиб бораётган бир пайтда маънавий уйғониш тушунчаси янгича маъно касб этмоқда.
Бугунги тинч ва барқарор ҳаётимиз изчил ислоҳотлар, халқ ҳамда давлат ҳамжиҳатлиги мевасидир. Эътиборлиси, университетимиз жамоаси ислоҳотларга мос кўплаб ташаббус ва ғояларни илгари суриб, халқаро ҳамкорлик доирасидаги ишларни тобора кенгайтирмоқда. Хусусан, жорий йилда инновацион ҳамкорлик, олий ва касбий таълим масалалари бўйича Ўзбекистон — Беларусь иккинчи таълим форумига мезбонлик қилди. Форумда икки давлат олий ва касбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Бу келгусида таълим соҳасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам замин вазифасини ўтайди.
Шунингдек, Марказий Осиё, Европа ва Америкадан келган 300 дан ортиқ нуфузли иштирокчини бирлаштирган “Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик” мавзусида тинчлик форуми бўлиб ўтди.
Университетимизда сўнгги йилларда халқаро рейтинглар билан ишлаш тизимли йўлга қўйилиб, муҳим натижаларга эришилаётгани ҳам диққатга сазовор. Хусусан, “Universitet Times Higher Education” (THE), “QS”, “RUR”, “UI GreenMetric”, “Webometrics” каби нуфузли рейтинг платформаларида муносиб ўринларни эгаллаб, жаҳон академик майдонида нуфузини мустаҳкамлаб бормоқда.
“THE Impact Rankings” доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича қатор йўналишларда ОТМларнинг етакчи 500 талик ва 1000 талик рўйхатларидан жой олди. “RUR” рейтингида Ўзбекистон олийгоҳлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллади.
“UI GreenMetric” рейтингида эса барқарор ривожланаётган 500 университет қаторига кириб, қисқа муддатда юзлаб поғона юқорилади.
Олийгоҳ “QS Stars” баҳолаш тизимида тўрт юлдузга сазовор бўлиб, таълим сифати ва илмий салоҳиятининг халқаро эътирофини тасдиқлади. Ушбу ютуқлар Фарғона давлат университетида амалга оширилаётган янгиланишлар, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик самарасини яққол намоён этади.
Нуриддин РАҲМОНОВ,
Фарғона давлат университети
ахборот хизмати бўлими бошлиғи