Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, дейилиши бежиз эмас. Чунки инсон бутун умри давомида оладиган билим, кўникма, малаканинг асосий қисмини мактаб партасида эгаллайди. Умумий ўрта таълим эса бошланғич, таянч ўрта ва ўрта таълимдан иборат.
Ўқув режаси нима?
Ўқувчи ва ўқитувчининг ўқиш ҳамда иш юкламаси умумий ўрта таълимнинг ўқув режасига боғлиқ. Умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси мактабларда ўқитиладиган ўқув фанлари номи, ўқув юкламасининг минимал ҳажми ҳамда уларнинг синфлар бўйича тақсимоти белгиланган ҳужжатдир.
Ўқув режаси хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳар йили такомиллаштирилмоқда. Бугун 102 турдаги ўқув режаси мавжуд. Шундан 3 турдаги таянч, 45 турдаги вариатив, 54 турдаги ихтисослаштирилган ва 4 йўналишдаги танлов фанлар ўқув режаси янги ўқув йили олдидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тайёрланиб, таълим муассасаларига етказилмоқда. Ўқув режаларидаги бундай хилма-хилликнинг ўзи таълим олувчилар ва ота-оналарга муайян қулайликлар яратади. Биргина шу ўқув йили олдидан жорий этилаётган танлов фанларга асосланган ўқув режаси болаларнинг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнини ташкил этиш, юқори синф ўқувчиларининг фанларга ихтисослашувини кучайтириш ҳамда уларни олий ўқув юртларига йўналтириш учун кенг имконият яратишга мўлжалланган.
Мазкур ўқув режаси янги ўқув йилида 124 мактабда тажриба-синовдан ўтказилади. Бу мактабларда ижод ва ихтисослаштирилган муассасаларда жорий этилган янги баҳолаш тартиби (сумматив ва форматив) жорий этилади. 10-синф ўқувчилари ўзи танлаган 2 та фаннинг таянч ўқув режасидан фарқли равишда чуқурлаштирилиб, 2–3 баробар қўп ҳажмда ўқитилиши битирувчи синф ўқувчиларининг қўшимча пул тўлаб, репетиторга қатнашига эҳтиёж қолдирмайди.
Қолаверса, вариатив ўқув режалари ўқувчилар ва мактаб маъмурияти учун фанларни танлаш имкониятини кенгайтиради. 11 йил учун ўқув юкламаси 11 минг 504 соатдан 10 минг 655 соатга туширилган. Олдинги йиллардан фарқли равишда таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар учун алоҳида, рус ва қардош тиллардаги мактаблар учун алоҳида ўқув режаси тасдиқланган.
Янги ўқув дастурларида нималар акс этяпти?
Ўқув дастурларида ҳам ўзгаришлар талайгина. Умумтаълим фанларининг ўқув дастурлари шахсни ҳар томонлама камол топтириш, таълим олувчиларнинг билим, кўникма ва малакаси ҳамда савиясини шакллантириш, қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. Қолаверса, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурларини амалиётга киритиш белгиланган.
1–4-синфларда ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш, 5–9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш ва 10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиётини жорий қилиш вазифалари қўйилган. Айни пайтда таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Ўқув дастурлари ҳар доим такомиллашиб келган. Нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа хорижий давлатларда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Бизда ўқув дастурлари 2013 йилда биринчи қадамда чет тиллар бўйича, кейин барча умумтаълим фанлари бўйича компетенциявий ёндашув асосида янгиланди. 2017 йилга келиб 9 йиллик таълимдан 11 йиллик таълимга ўтилиши ҳисобига яна ўзгаришлар кузатилди. 2020 йилдан бошлаб умумий ўрта таълимнинг халқ таълими тизимида Миллий ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. 2021–2022 йилларда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси барча таълим вазирликлари билан бирга 21 фандан узлуксиз таълим тизими учун фанлар бўйича концепцияларни ишлаб чиқди.
Барча таълим турлари бўйича ўтиладиган мавзулардаги такрорланиш бартараф этилиб, 21 фандан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари учун узвийлиги таъминланган Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим миллий ўқув дастурлари тайёрланди. Бунда бошланғич таълимни мактабгача таълим тизими билан боғлаш, ўқувчиларда умумий ўрта таълимни давом эттириш учун зарур саводхонлик, билим, кўникма ва малака асосларини шакллантириш, таянч ўрта таълим учун ўқувчиларга зарур ҳажмдаги билим, кўникма ва малака бериш, уларда мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш кўзда тутилган.
Миллий ўқув дастурининг мақсади ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш, таълим контентида амалий кўникмаларни, компетенцияларни ривожлантириш, назарий билимларни 90 фоиздан 50 фоизга камайтиришдан иборат бўлди. Дастурда мактаб битирувчисига креатив фикрлаш, кенг дунёқараш, мустақил қарор қабул қилиш, замонавий кўникмаларга эга бўлиш, ахборот технологияларини пухта ўзлаштириш каби талаблар белгиланди.
Узлуксиз, жумладан, умумий ўрта таълим ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича 21та фан бўйича ишчи гуруҳлар ишлаган. Республика таълим маркази UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда Сингапур, АҚШ, Англия (Кембриж), Финляндия, Жанубий Корея, Япония, Гонгконгда фойдаланилган ўқув дастурлари, Президент мактаблари билан Кембриж тажрибаси, ўқув дастурлари ва дарсликларини ўрганган. Шунга қарамай, амалдаги узвийлиги таъминланган ўқув дастурлари бугунги катта ислоҳотлар таъсирида яна янгиланишга эҳтиёж сезмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати ва таълим ислоҳотлари натижасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида ташкил этилган Президент таълим муассасалари, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда жорий этилган Кембриж ўқув дастурлари ва дарслик мажмуалари, ўқитиш методикалари самара бера бошлади. Маъмурий ислоҳотлар натижасида янги ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази олдига қўйилган вазифалар орасида айнан ушбу мактаблардаги янги тажрибалар, ўқитиш методикалари, ўқув дастурлари ва дарслик мажмуаларини умумий ўрта таълим мактабларига босқичма-босқич жорий этиш ҳам турибди. Бугун умумий ўрта таълим мактабларидаги фанлар хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда синфлар бўйича ҳар бир фандан турли ўқув дастурларини амалиётга жорий этиш устида ишланмоқда. Хусусан, 1–4 синфларда янги дарсликлар бўйича ўқитишда 4К модели жорий қилинади: коммуникация, коллабарация, креативлик, критик фикрлаш. 7-синфдан иккинчи хорижий тил (француз, немис, корейс, хитой, инглиз)ни ўқитиш, 10–11-синфдан 3 йўналишда касб, ишчи касбларни ўргатиш, 10–11-синфларда 4 йўналишдаги танлов фанларини жорий этиш: кимё-биология, математика-физика, математика-чет тили, она тили ва адабиёт-чет тили. Бунда 2 та танлов фан чуқурлаштириб ўқитилади. Умумий фанлар сони 18 тадан 11 та мажбурий фанга туширилади.
Ўқитиш ва ўрганиш ресурслари
Дарслик — давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув дастури асосида дидактик, методик, педагогик-психологик, эстетик ва гигиеник талабларга жавоб берадиган ҳолда яратилади, чоп этилади ва мактабларга етказилади. 2022 йилда мактабларда инглиз, немис, рус тили фанидан халқаро даражадаги дарсликлар жорий этилган бўлса, 2023 йилда 1–4-синфлар учун халқаро талаблардаги дарсликлар жорий қилинади. Француз тилидан Didier нашриётининг француз тили фани дарсликлари жорий этилади. Кембриж нашриётининг информатика дарслиги жорий қилинади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича халқаро нашриётлар дарсликларини маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Янги ва қайта чоп этиладиган дарсликларда ўқув фанининг мавзулари тўлиқ ёритилган ва асослари мукаммал ўзлаштирилишига қаратилган. Ўқув фанининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, таълим олувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Назарий маълумотлардан ташқари амалий тажриба-синов машқларини ҳам қамраб олади. Аксарият фанлардан дарсликлар ўқув-методик мажмуа кўринишида, яъни асосий ўқув дарслиги, машқ дафтари, ўқитувчи учун методик қўлланма ва рақамли ресурслар, мультимедиали иловалар, аудио, видеоресурслардан иборат.
Янги ташкил этилган Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази олдида ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан бирга таълим жараёнига инновацион педагогик технологияларни жорий қилиш, замонавий талаблар ва жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган янги ўқув режалари, дастурлари ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш меъёрларини белгилаш каби қатор вазифалар ўрин олган.
2023/2024 ўқув йили олдидан ўқитувчилар учун янгиликлар кўп. Бугун вазирликда мазкур янгиликларни тизимли равишда Август кенгашлари, ўқитувчилар форуми орқали кўп минг сонли ўқитувчилар аудиториясига етказиш устида ишланмоқда.
Қандай ўқитиш керак?
Ўқитувчи ўз фанидан кучли бўлса, ўқувчиларининг ҳам ўзлаштириш даражаси шунга мос бўлиши керак. Аммо умумий ўрта таълим тизимида ўтказиладиган ички, ташқи ёки халқаро мониторинг натижалари ушбу аксиомани инкор этиб келмоқда. Масала нимада? Ёки ўқитиш методикаларимиз оқсамоқда ёки фан ўқитувчилари тоифасини ошириш учун фақат ўз билимини ошириш ортидан қувмоқда. Ёхуд уларга берилиши керак бўлган узлуксиз методик хизмат издан чиққан.
Миллий ўқув дастурларида ўқитиш методикаси чизиқли ўқитиш — ёдлатишдан спиралсимон, XXI аср кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Дидактик таъминот илгари фақат чет тиллардан мажмуа шаклида бўлган бўлса, энди барча фанлардан дарслик, иш дафтари, ўқитувчи учун методик қўлланма ва мультимедиали иловалардан иборат тарзда яратилмоқда. Аммо натижа ижобий томон силжиди, дея олмаймиз.
Ҳар бир фандан дарслик билан бирга ўқитувчи учун ишлаб чиқилаётган методик қўлланмалардан барча педагоглар ҳам бирдек самарали фойдаланмаяпти. Айрим ҳолларда янги методикалар билан ишлашга ўргатадиган ўқув-семинарлар етарлича ташкил этилмади. Ўқитувчилар малакасини оширишдаги ўзгаришлар ҳам ёрдам бериш ўрнига муаллимларни дангаса қилиб қўя бошлади. Методистлар фанлар кесимида ўқувчилар ўзлаштиришидаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган методик тавсияларни етарли даражада бермаяпти. Илгари ҳар бир туман(шаҳар)да, вилоят халқ таълими бошқармаларида фан методистлари фаолият олиб борган бўлса, бугун улар сони анча камайган. Фақат вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари тузилмасидаги методик хизмат кўрсатиш бўлимларида биттадан фан методисти штати мавжуд, холос. Бугун вазирлик ушбу лавозимлар учун эълонлар берган ва энг тажрибали мутахассислар фан методистлигига саралаб олинмоқда. Натижада янги ўқув йили олдидан ўқитувчилар форумини мазкур саралаб олинадиган фан методистлари ёрдамида амалга ошириш режалаштирилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ўқув жараёнини методик таъминлаш ва дарсликлар бошқармаси мазкур вазифаларни амалга оширишда маҳаллий ва хорижий экспертлар билан яқиндан ишламоқда.
Ким ўқитади?
Ким ўқитади, деган савол ўқитувчилар ва уларнинг салоҳияти билан боғлиқ. Тугалланган ўқув йилида ҳукуматга қарашли 10 минг 104 мактабда 6,3 миллион нафар ўқувчига 509 минг 443 ўқитувчи дарс берди. Шундан 224 минг 384 нафари тоифага эга эмас; 41 минг 814 нафари олий тоифали, 96 минг 245 нафар биринчи тоифали ва 147 минги иккинчи тоифали ўқитувчилардир. Таҳлилларга кўра, уларнинг 46 фоизи дарс жараёнида замонавий методикаларни қўлламайди; 38 фоиз педагог тажрибасиз, 52 фоизи анъанавий усулда дарс ўтади. Қолаверса, ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб 16 та педагогик йўналишдаги педагогик олий таълим муасссаларидан ёш битирувчи мактабларга кириб келади.
Ушбу рақамлар ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида талайгина вазифалар турганини кўрсатади. Шу боис, янги ўқув йилидан бошлаб биринчи марта ишга қабул қилинган муаллимлар бир йил муддат стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритиши, педагогларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилиши белгиланди. Педагог кадрларнинг малака талаблари халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилади.
Янги ўқув йили олдидан мактаблар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналар учун ҳам таълим мазмунига қаратилган янгиликлар бисёр. Уларни сифатли ташкил этиш устида вазирлик томонидан режали ишлар олиб борилмоқда. Бу улкан вазифаларни тизимли амалга ошириш ва самарадорлигига эришиш мутасаддиларнинг ҳамда таълим жараёни иштирокчиларига боғлиқ. Асосийси, мазмунга боғлиқ янгиликлар таълим тизимининг ривожига, ўқитиш ва ўрганиш жараёнининг сифатига ижобий таъсир этади, деган умиддамиз.
Абдураҳим НОСИРОВ,
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
бошқарма бошлиғи ўринбосари,
филология фанлари доктори, профессор