Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ишчи гуруҳи томонидан маҳаллий ҳокимликлар, мактабгача таълим, халқ таълими ҳамда касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда барча босқичдаги таълим муассасаларида бу борада амалга оширилаётган ишлар ўрганилмоқда.
Ушбу жараёнларда таълим муассасаларида педагог ходимларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича бажарилган ишлар натижадорлиги ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида 6 ёшли болаларни бошланғич таълимга мажбурий 1 йиллик тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, умумтаълим муассасаларида фанлар бўйича ўқув-услубий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, янги ўқув йили юкламаларини тақсимлаш ишларининг ҳолати, синфлар ва лаборатория хоналарининг зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги бўйича жорий ҳолатга баҳо берилади.
Шу билан биргаликда, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида педагоглар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан таъминланганлиги, ахборот-ресурс маркази фаолияти ва касбий фанлар бўйича ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати, амалий машғулотларни ташкил этишда ўқув устахоналарининг ҳолати, амалий машғулотларнинг ташкил этилганлиги ҳолати ўрганилади.
Бундан ташқари олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича малака талаблари, ўқув режалар, ишчи ўқув дастурларининг ишлаб чиқилганлик ҳолати ва ўзаро мувофиқлиги, меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда, ўқув дастурларига киритилган ўзгаришлар, кредит-модуль тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва шу каби бошқа масалаларга эътибор қаратилади.
Қайд этиш лозим, республикамиз бўйлаб ташкил этилган ўрганиш жараёнлари 24 августга қадар давом этади. Ўрганиш жараёнларида аниқланган камчиликлар шу вақтнинг ўзида жойида ҳал этилади.
Шу билан биргаликда, ишчи гуруҳ хулосаларига кўра, йўл хариталари ишлаб чиқилиб, тизимни такомиллаштириш бўйича зарурий чоралар кўрилади, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.