Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги ва Россия таълим академиясининг Таълимни ривожлантириш стратегияси институти билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг READ дастури доирасида “Таълим сифатини миллий ва ҳудудий баҳолашнинг асосий хусусиятлари. Россия тажрибаси” мавзусида онлайн вебинар ўтказилди.
Таълим соҳаси тубдан янгиланаётган Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда, PISA, PIRLS, TIMSS ва TALIS дастурларида иштирок этиб, халқаро рейтингларда юқори ўринга эга давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Россия Федерациясида ҳам ўзига хос тажриба шаклланган.
Вебинар Россия тажрибаси мисолида миллий баҳолаш тизимини яратиш ҳамда мамлакат ва ҳудуд миқёсида таълим сифатини баҳолаш тизимининг илмий-методик асослари бўйича мутахассислар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилди. Унда таълим сифатини баҳолашга доир халқаро тажрибани ўрганиш, ҳудудий мониторинг тадқиқотлари ўтказиш ва унинг натижаларидан таълим сифатини оширишда фойдаланиш юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди.
— Таълим инспекцияси 2018 йилдан буён READ лойиҳаси доирасида россиялик мутахассислар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда, — деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Ушбу ҳамкорлик доирасида Россиядаги Таълимни ривожлантириш стратегияси институти билан имзоланган шартномага асосан, халқ таълими тизими вакиллари иштирокида семинар ва тренинглар ташкил этиляпти. Бугунги вебинардан кўзланган асосий мақсад миллий баҳолаш тизимини яратишда Россия тажрибасини ўрганиш, миллий ва ҳудудий миқёсда таълим сифатини баҳолашнинг ўзига хос хусусиятлари, таълим муассасаларида эришилган натижаларни мустақил баҳолаш воситалари бўйича кенг маълумотга эга бўлишдан иборат.
Вебинарда таъкидланганидек, 2019 йил давомида Жаҳон банкининг READ дастури доирасида Москва, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида семинарлар ташкил этилиб, унда 2 800 дан ортиқ тингловчи иштирок этган, 20 нафар маъмурий бошқарув ходими, 260 нафар фан ўқитувчиси малака оширган. Жорий йилнинг 24-25 август кунлари россиялик мутахассислар иштирокида “Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш — инсон капиталини ривожлантириш омили” мавзуида онлайн вебинар ташкил этилган. Шу кунларда бўлиб ўтаётган вебинар ана шундай тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, иштирокчиларга янада кўпроқ маълумот беришга қаратилган.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги фан ва таълим масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомасида Россия Маориф вазирлиги, Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш белгиланган.
Жаҳон банкининг Москвадаги ваколатхонаси таълим йўналиши бўйича катта мутахассиси, педагогика фанлари номзоди Тигран Шмис Жаҳон банкининг READ дастури кўмагида таълим сифатини баҳолаш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, Россиянинг таълим сифатини баҳолаш бўйича етакчи ташкилотлари билан ҳамкорликда мониторинг тадқиқотлари ўтказиш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини баҳолашга йўналтирилган синов инструментларининг миллий базасини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш хусусида тўхталди.
Бугунги кунда Россияда таълим сифатини баҳолашнинг ягона тизими шакллантирилди. Ушбу тизим мамлакатда таълим сифати тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш, мактаблар фаолиятига турли омилларнинг таъсирини таҳлил қилиш ва ҳисобга олиш имконини беради. Бунинг воситасида мактаблар ўзини ўзи баҳолайди, мавжуд муаммоларни аниқлайди, ота-оналар фарзандлари билими тўғрисида керакли маълумотларга эга бўлади.
Вебинарда икки томондан таълим сифатини баҳолаш соҳасида фаолият юритаётган мингга яқин раҳбар ва мутахассис, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари, умумтаълим мактаблари раҳбарлари ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.