Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан истиқболдаги режаларни белгилаб олишдир.
Мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича устувор вазифалар, ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ўқувчиларни касбга ўқитишни тизимли ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, мактабдан ташқари таълим сифати, “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини шакллантириш ва бу борадаги муаммоларнинг ечимлари, мактабларда ўқувчиларнинг қизиқишлари бўйича тўгараклар ишини самарали ташкил этишга оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Ўқув семинарининг навбатдаги иш кунида “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш, кутубхоналар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш масалаларида таклиф мулоҳазалар билдирилди.
Айни пайтда мамлакатимизда 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият олиб бормоқда. Ўқувчиларда касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш, муайян малака пайдо қилиш, улар қобилиятини тўғри йўналтириш, бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказишда бу мактабларнинг ўрни алоҳида. Интилувчан ўқувчи ёшлар қамровини ошириш, уларга қўшимча мотивация бериш, аниқ соҳа — касбга йўналтиришнинг янги имкониятларини топиш ва амалиётга татбиқ этиш тарълим-тарбия ишларининг самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
— Бугунги семинарда “Баркамол авлод” мактаблари йўналишларини замонавийлаштириш, ўша жойнинг талаб, таклиф ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда янги тўгараклар ташкил этиш, машғулотлар самарадорлигини янада ошириш, мактаблардаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари бўйича фикр алмашилди ва бу борада таклифлар билдирилди, — деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бўлими бошлиғи ўринбосари Эркин Аминов. — “Баркамол авлод” мактабларини келгусида янада замонавий тўгараклар билан ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Масалан, жорий йилнинг сентябрь ойидан “Баркамол авлод” болалар мактабларини 3,5 мингта тармоқ тўгараклари ташкил этилади. Бунда биринчи галда талаб ва таклиф кўп бўлган ахборот-коммуникация технологиялари, таржимонлик каби йўналишларга урғу берилади. IT, робототехника йўналишларида ўқитувчи ва мутахассисларни тайёрлаш, тўгаракларнинг самарадорлигини ошириш билан бир қаторда ўқувчиларни халқаро танловлардаги иштирокини таъминлаш мақсад қилинган.
Тадбирда мактабдаги тарбиявий ишларни кучайтириш педагоглар, таълим соҳаси мутасаддилари, ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ва самарали иш олиб боришини талаб этиши айтиб ўтилди.
— Таълим — миллатнинг тақдирини ҳал қиладиган тизим. Ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор, бу билан боғлиқ масала ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир, — деди Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов. — Мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ўқувчиларни баркамол шахс сифатида тарбиялашдаги ўрни алоҳида. Болаларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги саъй ҳаракатлар ўз натижасини бериши шубҳасиз.
Тадбир сўнгида Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.