Бугунги шиддатли, глобаллашув жараёнида мамлакатимизда таълим ривожи йўлида сезиларли қадамлар ташланмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилгани таълим муассасаларидаги ўқитиш сифати самарадорлигини ўрганиш ҳамда улар рейтингини тузишда муҳим аҳамият касб этяпти. Олий таълим муассасаларининг 2018 йилдан қўллаб келинаётган миллий рейтинги индикаторларини ишлаб чиқишда дунёнинг нуфузли рейтинг агентликлари — THE, QS ҳамда ARWU тажрибасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йил ноябрь ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, Навоий давлат кончилик институти 2020 йилда 20 дан ортиқ индикатор бўйича мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида 9-ўринни эгаллади, яъни кучли ўнликка кирди. Бу каби салмоқли натижаларга эришиш, таълим сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш давлатимизнинг таълим сифатига қаратаётган эътибори ва ғамхўрлиги эвазига бўляпти, десак асло муболаға эмас. Жумладан, Президентимизнинг бу йил 31 мартдаги “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан олдимизга қўйилган вазифалар кадрлар тайёрлаш сифатига мутлақо янгича ёндашувни талаб этади. Яқин келажакда таълим муассасамиз талабалар контингентининг 15 мингга етказилиши, уларга дарс берадиган ўқитувчилардан 30 фоизининг хориждаги нуфузли таълим муассасаларидан жалб қилиниши каби улуғвор мақсадлар жамоамизни руҳлантирди, янги фикрлаш ва ишлаш даври келганини англатди.

Янги университет ҳузурида битта институт, илмий технология саноат парки, 2 та политехника ҳамда 2 та саноат техникуми ташкил этилиши олий таълим даргоҳининг нуфузи ва салоҳиятини ошириш билан бирга зиммамизга катта масъулият юкламоқда.

Ёшларга замонавий талаблар даражасида билим бериш учун, табиийки, ўқитувчи-педагоглар малакаси ва маҳорати юқори бўлиши керак. Бугун йигит-қизлар илғор фикрламоқда, нанотехнологияларни пухта ўзлаштиряпти. Дарсларни уларнинг талабига мос, юқори савияда ташкил этиш учун ўқитувчи ҳар бир машғулотга алоҳида тайёргарлик кўриши, замонавий дунёқарашга эга бўлиши зарур. Олий ўқув муассасамизда янги ва замонавий таълим технологиялари, ўқув дастурларини амалиётга жорий этиш билан бирга, педагогларнинг касбий маҳоратини изчил ошириб бориш асосий мақсадларимиздан.

Ўтган йили муассасамизнинг кўплаб профессор-ўқитувчилари Россия, Беларусь каби давлатларнинг олий таълим муассасаларида малака оширди. Жумладан, ноябрь ойида ноёб ва радиоактив металл рудаларни қазиш ва қайта ишлаш кафедраси ассистенти Суҳроб Ҳамидов Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олимлар учун ташкил қилган стажировка танлови ғолиби бўлиб, Беларусь миллий техника университетида билим ва кўникмасини оширди. Шунингдек, автоматлаштириш ва бошқарув ҳамда машинасозлик технологияси кафедралари тадқиқотчилари Россиянинг Станкин номидаги Москва давлат технология университетида стажировкада бўлиб қайтди.

Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларимизнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларига кўмаклашиш мақсадида ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкалар ташкил этиляпти. Педагоглар бир ой давомида корхоналардаги технологияларни ўрганиш билан бирга илмий тадқиқотлар ҳам қилди. Шунингдек, илмий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тармоқ институтлари, Илғор технологиялар маркази, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқа етакчи олий ўқув юртлари билан тузилган шартномалар асосида муайян ишлар бажариляпти.

Ўқув муассасамизда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун талабаларнинг аудиторияда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлаш учун ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра филиалл ари ташкил этилган. Жумладан, буюртмачи корхона — Навоий кон-металлургия комбинати томонидан тасдиқланган режа асосида машғулотлар дуал тизимда ҳар ўқув йилида 3-босқич талабалари учун икки марта ўтказилади. Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, талабалар ишлаб чиқариш амалиётига юборилиш олдидан ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти билан тўғридан-тўғри танишади.

Талабаларнинг малакавий амалиёти НКМК бўлинмаларида, “Навоий электр тармоқлари”, “Навоий иссиқлик электр станцияси”, “Навоийазот”, “Электркимёзаводи” акциядорлик жамиятларида, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ва вилоятнинг кичик корхоналарида шартномалар асосида ўтказилади. Буюртмачи корхоналарнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда талабалар узоқ муддатли амалиётга юборилади.

Ҳозир олий таълим муассасасида 29 нафар фан доктори, профессор ҳамда 72 нафар фан номзоди, доцент фаолият кўрсатяпти. 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти олийгоҳ бўйича 42 фоизни ташкил этди. Бироқ бугунги давр муваффақиятларга суяниб яшашни эмас, берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, фаолиятга танқидий нуқтаи назардан баҳо бериб ишлашни талаб этмоқда. Шу маънода таълим муассасамизда илмий педагог кадрлар тайёрлаш бўйича 2022 йил охиригача мўлжалланган истиқболли режа ишлаб чиқилган. Бу йил якунида яна 40 нафарга яқин тадқиқотчимиз диссертация ёқлаши кутилмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача инновацион ривожлантириш дастури бўйича таълим муассасамиз олимлари 52 та лойиҳа бўйича ишлаяпти. 2019 йилда муассасада ташкил этилган технопаркда пилот ва яримсаноат қурилмалари ўрнатилган. Ишланмаларни тижорийлаштириш ва стартап лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар амалга ошириляпти. Бу йил технопарк базасида таълим муассасасининг ишлаб чиқариш мажмуасини бунёд этиш, маҳсулотлар хилма-хиллигини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда илмий инновацион фаолият дан тушадиган маблағ ҳажмини 10 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Ўрта асрларда жаҳонга юксак даражадаги илмий-маърифий салоҳиятини намоён қилган юртимиз бугун ҳам тараққиётда қуйи ўринларга тушиб қолиши мумкин эмас. Бу, албатта, илмий фаолиятни тубдан ислоҳ қилиш ва юксак марраларни белгилаб олиш орқали амалга ошади. Саноат, техника, технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни кўзлаган таълим даргоҳимиз дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилади. Хусусан, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ҳамда масофавий таълим технологиялари, илмфан, техниканинг янги ютуқлари жорий этилади.

Замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши учун янги ишланмалар яратиш, талабаларга таълим жараёнида илмий фаолият билан шуғулланишига шарт-шароит яратиш келгусидаги асосий вазифамизга айланади. Шунингдек, саноат ташкилотлари муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, тадқиқот натижалари ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, назарий билимнинг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвийлигини таъминлаш, битирувчиларни иш билан таъминлашда мақсадли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга эътибор кучайтирилади.

Келгусида илмий педагогик салоҳиятни янада яхшилаш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака ошириши нуфузли маҳаллий ҳамда хорижий олий таълим, илмий-тадқиқот марказларида ташкил этилади. Университет ҳузурида Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали негизида Нукус кончилик институти ва “Навоий” илмий-технология саноат парки ташкил этилади. 2022/2023 ўқув йилида эса Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми негизида Кармана политехника техникуми, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси тизимидаги Нурота саноат-кончилик коллежи негизида Ғозғон политехника техникуми, Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги Учқудуқ саноат техникуми ва Зарафшон саноат техникуми университет ҳузурига ўтказилади. Мазкур техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ҳамда Нурота саноат-кончилик коллежида таълим олаётган ўқувчилар ўқишни битиргунларига қадар мазкур таълим муассасаларида амалдаги таълим дастурлари бўйича ўқишини давом эттиради.

Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтига талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида аниқланади. Шунингдек, Навоий давлат кончилик институти ва унинг Нукус филиали талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтида давом эттиради.

Ҳозир олий таълим тизими учта мақсадни: таълим, тарбия ва инновацион корпоративни ҳамкорликда ривожлантириш мақсадларини кўзда тутади. Айниқса, малакали кадрлар тайёрлаш жараёни тизимини самарали ташкил этиш, уни юқори босқичларга кўтариш давр талабидир.