Бугун юртимизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, эртамиз ворислари бўлган ёшларга сифатли билим бериш, уларни ҳар томонлама етук инсон этиб вояга етказиш йўлида улкан ишлар бажарилмоқда. Тизимнинг ҳар бир бўғини ислоҳотлар даврини бошдан кечиряпти.
Ўзбекистон муҳим демографик чегарада турибди. 30 ёшгача бўлган ёшлар аҳолининг 60 фоизини ташкил қилади. Келгуси йигирма йилда бугунги болалар ва ёшлар мамлакатимиз тарихидаги энг йирик асосий кучга айланади.
Президентимизнинг 2020 йил 3 декабрдаги “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ёшларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанга рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш мақсадларига хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
— Тошкент Халқаро Вестминстер университети академик лицейи ўқувчилари ҳам ўтган вақт давомида эришган ютуқ ва муваффақияти билан билдирилган ишончни оқлаб келмоқда, — дейди Тошкент Халқаро Вестминстер университети проректори Фарҳод Каримов. — Лицей аниқ фанларга ихтисослаштирилган бўлиб, ўқувчиларга математик таҳлил, геометрия, алгебра, физика, ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилади. Машғулотлар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўқувчилар эҳтиёжи ва қизиқишидан келиб чиқиб, иккинчи хорижий тил сифатида француз ёки немис тилини танлаш имкониятига эга.
Президентимизнинг “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан таълим муассасасига ўғил-қизлар икки босқичли имтиҳон асосида қабул қилинади. Биринчи турда ёшлар Тошкент Халқаро Вестминстер университетида инглиз тили ва математика фанларидан ёзма имтиҳон топширади. Сараланган ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан махсус павильонларда ўтказиладиган тест синовида қатнашади. Фан олимпиадалари, муайян танловлар ғолиблари ва фанларни ўзлаштириш сертификатига эга бўлганлар учун махсус имтиёзлар берилади.
Замонавий таълим инфратузилмаси талабларидан келиб чиқиб, академик лицейлардаги мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаб бориш, мустақил билим олиш учун имкониятни кенгайтириш долзарб масалалардан. Жаҳон тажрибаси ҳам замон талаблари даражасида қизиқарли, интерфаол машғулотларни ташкил этишда моддий-техник базанинг ўрни катта эканини кўрсатади. Ўқувчиларнинг танқидий тафаккурини ривожлантириш, дарсда креатив ва ижодий фикрлашига кўмаклашиш учун барча техник имкониятларга эга аудиториялар, ахборот-ресурс марказлари, лаборатория хоналари бўлиши жуда муҳим.
Aкадемик лицейда 34 та ўқув хонаси, ахборот-ресурс маркази, 100 ўринга мўлжалланган мутолаа зали, 200 ўқувчи сиғадиган фаоллар зали, шунингдек, спорт зали ва майдончалари, ошхона мавжуд. Ўқув хоналари интернет тармоғига уланган ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланган. Умумий фанлар бўйича 19 та тўгарак, шунингдек, 7 та спорт ва 6 та ижодий тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Ўқувчиларнинг аксарияти халқаро тест тизими – IELTS ва SAT имтиҳонларини муваффақиятли топшириб келади.
Бугун инновацион ғоялар, таклифларга эҳтиёж катта. Таклиф билдирувчиларнинг қалбида ўти бор, дунёқараши кенг, замонавий илм ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар экани кишини қувонтиради. Вестминстер университети академик лицейида ҳам шундай иқтидор эгаларини жамлаган Инновация маркази 2017 йилнинг октябридан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Марказда ҳар йили “AL WIUT Science fair” илмий ярмаркаси ўтказилади. Унда ҳар бир ўқувчи ёки жамоа ўз инновацион лойиҳасини тақдим этиб, кейинчалик уни янада такомиллаштириши мумкин. Шунингдек, марказда “AL WIUT Robotics” робототехника тўгараги ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда ўқувчилар ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларга эга бўлади. Ғояларни амалда қўллашни, жамоада ишлаш ва ривожланишни ўрганади. Инновацион марказ ўқувчилар ўртасида SAT MOCK, Cambridge Assessment Testing Centre Uz150Tests каби халқаро тест дастурларини ўтказиб, семинар ва вебинарлар ташкил этиб келмоқда.
Академик лицей ўқувчи қизлари ҳар йили бутун дунё бўйлаб қизлар жамоалари учун ташкил этиладиган “Technovation Girls” таълим танловида фаол қатнашиб келмоқда. Улар мавжуд муаммоларни пайқаш ва уларни технологиялар ёрдамида ҳал этишни ўрганади, танқидий фикрлаш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиради. Бу борада ҳам ТХВУ академик лицейи ўқувчилари етакчилик қилмоқда. Лицейнинг иқтидорли ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаб келади.
Академик лицейлар салоҳияти уларнинг фан олимпиадаларидаги муваффақиятли иштироки ва битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи билан белгиланади. Мазкур университет академик лицейи бу борада ҳам етакчиликни қўлдан бермай келяпти. Ҳозир битирувчиларининг деярли барчаси Ўзбекистоннинг энг сара ОТМларида, хорижий таълим муассасалари филиалларида, АҚШ, Япония, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Нидерландия, Сингапур, Малайзия, Қатар ва бошқа кўпгина давлатларнинг олий таълим муассасаларида билим олиб, юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, лицейда «Ўқувчилар кенгаши» (Student Union) фаолият юритади. Бу тузилма ташаббускор, шижоатли, креатив фикрловчи ёшларни бирлаштиради. Илмий, маданий-маърифий, спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар муаллифи сифатида ўқувчиларнинг ўзи ташаббус билан чиқади. Тенгдош тенгдошга модели бу ерда жуда яхши самара беради. Ўқувчилар янги ғоя ва таклифларини мураббийлари бошчилигида амалга оширади. Бу тажриба уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш билан бирга, келгусида жамоада ишлаш, мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш каби муҳим кўникмаларни ривожлантиради.
Ўқувчи ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли имтиёз ва имкониятлар мавжуд. Лицей дастурини «яхши» ва «аъло» баҳоларга битирган ўқувчилар ТХВУ талабалар сафига имтиҳонсиз қабул қилинади.
2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси ТХВУ академик лицей битирувчиларидан 12 нафарига дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларига йўлланма бергани ҳам таълим тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин далилидир.