Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим соҳаси жамият тараққиётини таъминловчи асосий устувор йўналиш сифатида шаклланиб бормоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида инсон капитали, интеллектуал салоҳият ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари давлат сиёсати даражасида белгилаб олинган. Бу жараёнда олий таълим муассасалари нафақат билим берувчи тизим, балки жамиятни модернизация қилувчи стратегик институт сифатида намоён бўлмоқда.
Шу маънода, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти 2025 йил давомида ўз фаолиятини тубдан таҳлил қилган ҳолда, сифатли ривожланишга йўналтирилган изчил чора-тадбирларни амалга оширди. Институтда таълим мазмуни, бошқарув тизими ва илмий салоҳият ўзаро боғлиқ ҳолда такомиллаштирилиб, барқарор натижаларга эришилди.
Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларга мувофиқ, таълим тизимида инсон капиталига сармоя киритиш асосий вазифа сифатида қаралмоқда. Ана шу ёндашув доирасида институтда таълим сифатини ошириш, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
2025 йилда институтда 3569 нафар талаба таҳсил олди, 97 нафар профессор-ўқитувчи педагогик фаолият олиб борди. Таълим йўналишлари 16 тага етказилиб, 7 та кафедра фаолияти мазмунан янгиланди. Илмий салоҳият 43 фоизга етказилиб, 5 нафар фан доктори ва 16 нафар фалсафа доктори илмий даражаларни муваффақиятли ҳимоя қилди.
Таълим жараёни халқаро кредит-модуль тизими асосида такомиллаштирилди. 17 та дарслик ва 16 та ўқув қўлланма тайёрланиб, амалиётга жорий этилди. 86 та ўқув хоналари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.
Институтда илмий тадқиқотлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда 323 та илмий мақола ва тезислар чоп этилди, уларнинг салмоқли қисми халқаро илмий базаларда эътироф этилди. Илмий салоҳиятни ошириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фан ва таълим интеграциясини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Талабалар билан ишлашда таълим билан бир қаторда ижтимоий-маънавий ривожланишга алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида турли лойиҳалар ва тадбирлар ташкил этилди.
“Жадидлар жасорати – миллатимиз фахри”, “Маʼрифат майдони”, “Интеллектуал ҳафталик”, “Беш ташаббус олимпиадаси” каби ташаббуслар талабаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутди.
Институт фаолиятида битирувчиларнинг ишга жойлашиши устувор вазифалардан бири сифатида қаралади. 2024–2025 ўқув йили якунларига кўра, магистратура босқичини тамомлаган 60 нафар битирувчининг барчаси меҳнат фаолиятига йўналтирилди. Улар таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, илмий ва ижтимоий соҳаларда фаолият бошладилар.
Бакалавриат йўналиши бўйича эса 2025–2026 ўқув йилида илк битирувчиларни тайёрлаш режалаштирилган. Айни пайтда уларни меҳнат бозорига тайёрлаш, касбий йўналтириш ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда иш берувчилар билан ҳамкорлик, амалий машғулотлар, дуал таълим элементлари ҳамда касбий маслаҳатлар муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур ёндашув таълим дастурларининг меҳнат бозори эҳтиёжларига мослигини таъминлаш, ёш мутахассисларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг барқарор иш билан таъминланишига хизмат қилади.
Институт халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Удмурт давлат университети билан “3+2” қўшма таълим дастури, АҚШ, Корея, Япония ва Қирғизистон таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Шунингдек, Хитой фуқароси ташаббуси билан Конфуций марказини ташкил этиш ишлари амалга оширилди.
Келгуси босқичда институтда таълим сифатини янада ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва инновацион ривожланишни таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолади. Жумладан, IT, бизнес менежмент, MBA, робототехника йўналишларини жорий этиш, TESOL дастурларини кенгайтириш, шунингдек, 10.00.11 – “Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси” ихтисослиги бўйича таянч докторантура очиш режалаштирилган.
2025 йил Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти учун тизимли ривожланиш, мазмунли ислоҳотлар ва стратегик барқарорлик йили бўлди. Эришилган натижалар ва белгиланган мақсадлар институтни Янги Ўзбекистон тараққиётида фаол иштирок этувчи, замонавий ва рақобатбардош таълим муассасаси сифатида янада мустаҳкамлайди.
Ривожиддин Каримов,
Исҳоқхон Ибрат номидаги
Наманган давлат чет тиллари институти ректори