Президентимиз ёшларнинг олий маълумот олишини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Олий таълимдаги шаффофликни кучайтириш, квоталар сонини сезиларли даражада кўпайтириш, давлат гранти асосида қабуллар сони оширилиши каби ислоҳотлар шулар жумласидан.
Давлатимиз раҳбари талабаларнинг муаммоларини тинглаш асносида ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қиладиган тизим яратди, кенг қамровли имкониятлар берди. Жамият ривожи йўлидаги шундай қадамлардан бири талабаларнинг ўқиш даврида ишлашига рухсат берилишидир. Бир қарашда оддийдек туюлган бу ислоҳот аслида жамият учун ҳам, келажагимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Буни, энг аввало, талабанинг иқтисодий эркинлиги билан боғлашимиз мумкин.
Яқин йилларгача талабаларнинг асосий қисми тўрт йиллик олий таълим давомида фақат ўқиш билан чегараланиб, кундалик сарф-харажатлари ота-онаси, яқинлари зиммасига тушарди. Бу талаба психологиясига салбий таъсир кўрсатиш билан биргаликда, яқинлари учун ҳам қийинчилик туғдирар, қисқача айтганда, улар оиласига “юк” эди гўё. Тасаввур қилиб кўринг: бир эмас, икки-уч фарзандини ўқитаётган ота-оналар қанчалик қийналган!
Боласининг таълим олиши учун йиққан-терганигача сотган, рўзғоридан қийиб, топганини талаба фарзандларига юборган, ўзлари эса ночор ҳаёт тарзига кўниб яшаган қанча оилаларни кўрганмиз, эшитганмиз. Оиладаги мана шундай қийин вазиятни кўриб тургандан кейин талаба ҳам хаёлини жамлаб, бутун диққатини ўқишга қаратиши, албатта, қийин.
— Оилада тўрт ўғил эдик. Катта акам отамнинг ёнига кириб, деҳқончилик билан шуғулланарди. Икки укам Қарши давлат университетида, мен пойтахтда ўқирдим, — дейди Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган Улуғбек Шукруллоев. — Тан олиб айтишим керак, талабалик даврим руҳий эзилиш, ўзимдан норозилик кайфиятида кечган. Бирор байрам сабаб дам олиш эълон қилинса, уйга кетишни истамай бир ўзим қолардим. Шерикларим буни манманлик, қишлоқни ёмон кўриш, деб тушунар экан. Улар бунинг сабабини билишмас эди-да. Аслида, ҳатто йўлкирам ҳам отамга юк бўлишидан уялардим...
Неча бор ишга кирмоқчи бўлганман. Бироқ, талабалигим боис мени ишга олишмасди, имкон берилмасди. Жуда алам қилганидан бир неча бор ресторанларда официант бўлиб ёки “мойка”да ишлашга чиққанман. Ярим кечагача қолиб кетганим учун деярли ҳар сафар ички ишлар ходимлари ушлаб оларди. Ўқишдан ҳайдалишдан қўрқиб, бундай ишларга ҳам қайта чиқмай қўйдим.
Талабаларга ишлаш учун рухсат берилиши ҳақидаги янгилик, ростини айтаман, мени жуда қувонтириб юборди. Шу билан бирга, ўша талабалик йилларимни ҳам қайта ёдга солди. Бу аслида жуда катта имконият. Талабанинг ҳам ишлаб, ҳам ўқиши унинг келажакда жамият учун керакли шахс бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Ҳар бир йигит-қиз талабалигиданноқ ўз-ўзини таъминлай бошлаши уларни боқимандалик, яқинларига қарамлик ҳиссидан халос қилиб, мустақил бўлишига замин яратади. Биз каби “уйдан нима келаркин?” деб ўтиришмайди-да, ҳар ҳолда.
Ҳозир жиянларим пойтахтда ўқияпти. Мана шу имкониятлар туфайли улар ҳам ўқишдан бўш пайтида ишлайди. Мени ҳайратлантиргани – институтда ўқиётган жияним ўзидан орттириб, яқинда отасига 5 миллион сўм пул юборибди. Бу жуда яхши-ку!
Талабалар учун муҳим кун
2022 йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида бундан буён талабаларнинг ишлашига рухсат берилиши ташаббусини илгари сурган эди. Бу янгилик юртимиздаги минглаб талабалар ҳамда ота-оналар томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Мазкур имконият, ўз навбатида, олий таълимдаги яна бир ислоҳотталаб масалага оқилона ечим берди.
Биринчидан, энди талабалар ўқиш мобайнида ўз-ўзини молиявий томондан ҳам таъминлай олиши мумкин бўлди. Молиявий имконият, деганда фақатгина турар жойи, овқатланишию кийим-кечаги эмас, ўз-ўзига инвестиция кирита олиш имкониятини ҳам тушунишимиз мақсадга мувофиқ. Чунки шу вақтгача ота-она томонидан таъминланган талаба ўқишдан ташқари қўшимча курсларга қатнашга, ўзи учун зарур китобларни сотиб олишга журъат қила олмаган. Сабаби, сарфланган ҳар бир сўм тўғридан-тўғри оила гарданига тушарди. Энди эса талаба ўзи мустақил ишлаши, орттирган пулидан келажаги учун сармоя киритиши мумкин бўлди.
Иккинчидан, талабанинг ўқиш давомида ишлаши катта амалиёт мактаби вазифасини ҳам бажаради. Олийгоҳдаги назарий билимлар билан чекланиб қолмасдан, олинган билимларни амалиётда қўллаш бўлажак кадрларнинг салоҳияти янада ўсишига хизмат қилади. Шу сабабли, талабаларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашиб, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришга алоҳида урғу берилди.
Мазкур имконият туфайли кўплаб оилаларда тинч-тотувлик муҳити қарор топди. Илгари фарзандим олий маълумотли бўлсин, деб ота-оналар бор машаққатни елкасига олган. Оғзаки ҳисоблаб кўрилса, вилоятдан пойтахтга келиб ўқиётган талабанинг бир курс харажатлари анча-мунчани ташкил қиларди. Камида 10 миллион сўм тўлов контракт, кундалик эҳтиёжлари учун ҳар ой камида 2–3 миллион сўм пул, кийим-кечагию бошқа сарфлари билан қўшиб ҳисоблаганда йилига 45–50 миллион сўм атрофида бўларди.
Энди тасаввур қилинг, ойлик маош эвазига кун кўрувчи ўртамиёна оила учун шунча маблағни топиш осонми? Нари борса 5 миллион сўм маошга ишлаган ота-она топганини боласига юборсинми, рўзғорини тебратсинми? Иқтисодий қийинчиликлар, ҳеч шубҳасиз, оила тотувлигига таъсир қилмасдан қолмайди.
Боласини ўқитиш учун икки сменада ишлаган оталар, пахта мавсумининг бошидан охиригача даладан уйга қайтмай пахта терган оналар ҳақида эшитганмиз. Президентимиз томонидан яратилган ушбу имкониятни айнан шундай “қаҳрамон” ота-оналар янада қувонч билан қарши олган бўлса, не ажаб!
Учинчидан, ушбу имконият жамиятда кадрлар салоҳияти ривожланишига ҳам ижобий таъсир этади. Олийгоҳда оладиган билимларини кўп ўтмасдан амалиётда синаб кўрувчи талабада касбий ривожланиш анча юқори кечиши тадқиқотларда исботланган.
Мисол учун, энди талаба 2-курсда олган билимини ҳақиқий иш амалиётида синаб кўриши учун ўқишни битиришини кутиши шарт эмас. Хотира хусусиятларига кўра, такрорланмаган билимнинг эсдан чиқиб кетиши ҳам жуда осон кечар экан. Китобда ўқиганларини ўз вақтида амалиётда синаб кўриш эса бу билимларнинг хотирада муҳрланиб қолишига замин яратади.
Билимли, ҳар томонлама етук ходимларга талаб тобора ортиб бораётган бугунги замонавий жамиятимизда эса бу ҳар томонлама тўғри қарор бўлди, десак адашмаймиз.
Талабалар учун меҳнат ярмаркалари
Президентимиз берган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб кенг тармоқли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бошланди. Маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотлар томонидан бўш иш ўринлари таҳлил қилиниб, уларга талабаларни қабул қилиш имкониятлари ўрганилди. Ваканциялар базаси асосида республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида маҳаллий ҳокимлик ва ташкилотлар вакиллари иштирокида меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. ОТМлар раҳбарияти бу ярмаркалар орқали ишлашга эҳтиёжи бўлган барча талабаларни қамраб олиш бўйича тизимли ишларни амалга оширди, жумладан, масъуллар иштирокида мавзуга бағишланган ахборот соатлари ўтказилди.
Шунингдек, фақат талабалар учун мўлжалланган иш излаш платформалари ишлаб чиқилгани, унда янги иш ўринлари узлуксиз эълон қилиб борилгани таҳсинга сазовор. Қўшимча равишда бу ваканциялар базаси ОТМларнинг расмий саҳифаларида ҳам кундалик жойлаб борилди.
Бир сўз билан айтганда, давлат ташкилотларининг талабаларга муносабатида сезиларли ўзгариш юз берди. Бундан аввал “талабани ишга ололмаймиз”, деб эшикни кўрсатган раҳбарлар энди уларни самимий қабул қилиб, аввал ҳақ тўланадиган амалиётчи, кейин эса доимий ходим сифатида ишга қабул қила бошлади.
Яна бир қувонарли жиҳати, талабаларни иш билан қамраб олиш фақат меҳнат ярмаркалари билан чекланиб қолмай, асосий иш платформаси ҳисобланувчи ish.mehnat.uz сайтида ҳам “Талабалар учун иш” деган янги танлов фильтри қўшилди. Бу эса сайтга кирган талаба учун кўплаб ваканция орасида ўзига мосини топишда қулайликни бир неча баробар оширишга хизмат қилади.
Ўзимни эркин шахс ҳисоблай бошладим
Элёр ЖЎРАЕВ, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси:
– Ота-онам ўқитувчи бўлгани учун ёшликдан бизнинг яхши ўқишимизга жиддий эътибор берган. Болалигимиздан асосий вақтимиз уларнинг ишхонаси – мактабда ўтарди.
Кутубхона менинг яхши кўрган жойим эди. Бадиий китоблар, газеталарни 5–6-синфимдан бошлаб ўқишни бошлаганман. Китобга дўст бўлган киши ундан ажрала олмай қолар экан. Мен ҳам китобларнинг ашаддий мухлиси бўлиб қолгандим.
Қизиқишимни кўриб тарих ўқитувчимиз фан олимпиадаларига жалб қилди, ота-онамга “ўғлингизни, албатта, Тошкентда ўқитинглар, ундан олим чиқади”, дерди. Устозимнинг бу гапи мактабни битиргунимча мен учун дастуруламал бўлиб қолди. Тошкентда ўқиш орзуси бутун фикримни эгаллаб олган, фақат шуни ўйлардим. Шунга яраша мактабда ҳам энг аълочи бўлишга ҳаракат қилдим. Ота-онамнинг розилиги билан Тошкентга ўқишга кирдим.
Лекин ҳақиқий ҳаёт, ҳақиқий машаққат энди бошланганини пойтахтга келиб тушуниб етганман. Йигит киши учун ота-онага суяниб талаба бўлишнинг ўзи бўлмас экан. Фақат ширин орзулар оғушида яшаб Тошкентда ўқишнинг қийинчилиги, моддий таъминоти ҳақида ўйламаганман. Ишлай десам иш ҳам, иш топишга ёрдам берадиган одам ҳам йўқ.
Ростини айтаман, оиламни бунчалик қийинчиликка қўйишни истамай бир неча марта ўқишни ташлаш ҳақида ҳам ўйладим. Лекин бунга нимадир тўсқинлик қилаверди. Шу зайлда 2-курс бўлдим. Бу орада отам ўзи миниб юрган машинасини контрактимни тўлаш учун сотишга мажбур бўлди. Ана шундай ўйловда юрган кунларнинг бирида устозимиз меҳнат ярмаркаси ўтказилаётгани ҳақида айтиб қолди. Мен иш излаб юрганимни, бу масалада ёрдам беришини илтимос қилдим.
Шундай қилиб, факультетимиз раҳбарияти кўмаги билан пойтахтдаги музейлардан бирига мутахассис бўлиб ишга жойлашдим. Бир ой синов муддати берилди, кейин эса ходим сифатида ишга олишди.
Маош тушгани ҳақида телефонимга келган хабарни қайта-қайта ўқиганман. Ахир умримда биринчи марта ота-онамдан мустақил пул топишим эди-да. Мен ўзимни илк бор молиявий мустақил ҳис қила бошладим. Илгари барча режаларим ота-онамнинг имкониятига боғлиқ эди, энди ўзим режа тузишим мумкин бўлди.
Олдимга қўйган катта мақсадларимдан биттаси – мен учун машинасини сотган отамга янги машина совға қилиш. Президентимизнинг мен каби ёшларга яратиб берган имкони туфайли бугун кайфиятим яхши, билим олишга хоҳишим кучли. Келажакда билим ва салоҳиятимни мамлакатимиз равнақи учун йўналтираман.
Ўзимдан орттириб, синглимга ҳам ёрдам беряпман
Рушана САЪДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Миллий университети талабаси:
– Давлат ташкилотларига ишга киришга бир неча марта уриниб кўрдим, талабалигимни рўкач қилиб ишга олишмади. Шундан сўнг инглиз тилини билганим учун ёзма таржима буюртмалари билан шуғуллана бошладим. Лекин буюртмалар доим ҳам бўлавермас, хизмат ҳақи нари борса харажатларимнинг ярмини қоплар эди.
Бир куни аудиторияга деканимиз кириб, энди талабалар ҳам давлат ташкилотида ишласа бўлишини, истасак, ўзимизни синаб кўришимиз мумкинлигини айтди. Бу хабарни эшитиб, ҳаловатим йўқолди.
Ваканциялар рўйхатидан излаб-излаб ўша пайтдаги Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматида бўш иш ўрни борлигини топдим. Ариза юбордим, бир неча кун ўтгач, суҳбатга чақиришди. Чет тилини билганим ҳамда нутқим равон бўлгани қўл келиб, ишга қабул қилиндим. Энди тасаввур қилинг, оддийгина талаба қизнинг вазирликка ишга кириши ота-онани қанчалик хурсанд қилади. Отамга бу ҳақда айтганимда, кўнгли тоғдай кўтарилиб кетди. Онамнинг айтишича, отам ўша куни қариндошларимизни чақириб, меҳмон қилибди.
Энди ўқишни ҳам, ишни ҳам бирга олиб боришга ҳаракат қила бошладим. Бошида сал қийин бўларкан, кейин эса анча мослашаркансиз.
Ўтган йили синглим ҳам пойтахтга ўқишга кирди. Минг шукрки, маошимдан орттириб, унга ҳам ёрдам беряпман. Иложи борича отамга енгил бўлишини ўйлайман.
Ҳа, юртимизда ана шундай ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабалар бугунги кунда кўпчиликни ташкил этади. Бу уларнинг мустақил шахс бўлиб камолга етишида, етук мутахассис бўлиб шаклланишида муҳим босқич, десак адашмаймиз. Талабаларга давлат миқёсида бундай ғамхўрлик кўрсатилиши эса таҳсинга сазовор.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
журналист