Олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш, таълим жараёнига рақамли технология ва замонавий усулларни жорий этиш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини кучайтириш  кабилар соҳа ривожининг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.

Таълим соҳасини ривожлантиришда тараққий этган хорижий давлатлар тажрибаларидан ҳам кенг фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ўнлаб нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилди.

Халқаро ҳамкорлик доирасидаги ишлар кўлами ҳам кенгайди. Хусусан,  АҚШда стажировка ўташ учун эълон қилинган танловда республиканинг 20 та олий таълим муассасасининг 500 нафар профессор-ўқитувчиси иштирок этди. Улар орасидан 10 нафари ғолиб бўлди. Танлов ғолиблари 20 ҳафта давомида тажриба ва малака ошириш учун АҚШнинг машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва кимё технологиялари университетларида бўлиб, мутахассислар тайёрлаш тизимини ўрганди, касб таълими бўйича педагогик технологияларга эътибор қаратди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида инсон ҳаётини  турли касаллик ва  техноген ҳодисалардан ҳимоя қилиш, мутахассислар тайёрлаш каби вазифалар белгиланди. Ушбу фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида Тиббий профилактика ва жамоат саломатлиги факультети ташкил этилди. Тиббий профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт маълумотига эга бўлган валеолог, тиббий психолог, нутрициолог, диетолог, фармаколог, кинезиолог, реабилитолог, профпатолог каби мутахассисликлар бўйича иш ўринлари очиш режалаштирилмоқда.

2021 йил 1 январга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларида нуфузли хорижий тиббиёт таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида санитария-гигиена ва эпидемиология ҳамда микробиология йўналишида филиал, халқаро факультетлар очилади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида юртимизнинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга қадар халқаро рейтинглар мингталиги рўйхатидан жой олиши вазифаси белгиланган. Ушбу вазифалар халқаро стандартларда белгиланган талабларга риоя қилиш, таълим сифатини дунё андозалари даражасига олиб чиқишни тақозо этади. Бу борада, биринчи навбатда, ЮНЕСКО томонидан 2011  йилда қабул қилинган Халқаро таълим стандартлари, таснифи меъёрларини миллий таълим анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга. Таълимнинг барча босқичлари билан бир қаторда 6-даражага мувофиқ бакалавр, 7-даражага асосан магистратура ва 8-даража (ёки шунга тенг келувчи миллий таълим даражаси)га биноан докторантура таълими талаблари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари белгиланган.

Президентимизнинг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 18 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади. Унинг 10 таси маҳаллий, 3 таси хорижий, 5 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади. Қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш икки баробар оширилади. Булар натижасида ёшларни олий таълимга қамров 25 фоизга етказилади. Муҳандислик-техник таълим йўналишлари бўйича қабул параметрлари улуши 28 фоиз кўпайтирилади. Бакалаврликдан магистратурага қабул қилинган талабалар улуши 10 фоиз оширилади. Хорижий тажриба асосида талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади, таълим жараёнлари электрон таълим бошқарув тизими орқали назорат қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази ташкил этилиши тизимни янада ривожлантириш, таълим жараёнини ўқув-методик таъминлаш ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар учун зарур шарт-шароит яратиши билан аҳамиятли бўлди. Таълим стандартлари ва ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш марказнинг асосий фаолият мезони саналади.

Марказ Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бюджетдан ташқари бошқа маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этади. Бу марказлар, ўз навбатида, тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ этади, прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқади ҳамда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда амалий, илмий-ташкилий ишларда шартнома асосида иштирок этади.

Концепцияга мувофиқ, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг 85 фоизи 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган. 2020-2021 ўқув йилида, яъни шу пайтгача мамлакатимиздаги 30 дан ортиқ йирик олийгоҳ шу тизимга ўтди.

Сўнгги тўрт йил ичида мамлакатимизда 45 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёш ҳужжат топширди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 40 фоиз кўп. Бу эса мамлакатимиз ёшларининг илмга ниҳоятда чанқоқ эканидан дарак беради. Фақат олий таълимга қамров кўламини ошириш орқали бу йигит-қизларимизнинг билим олишга бўлган эҳтиёжини чуқурроқ қондириш мумкин. 

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда таълим соҳаси, хусусан, олий таълимда олиб борилаётган туб ислоҳотлар янги Ўзбекистон пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зафар ҲАКИМОВ,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази директори