Ҳақиқатан ҳам, мактабларда ўқитиш сифати жуда паст. Ҳатто ҳаддан зиёд паст, десак ҳам муболаға бўлмайди. Мен бу хусусда кўп ёзганман. Хусусан, «Ўткан кунлар» романини ўқимаган она тили ва адабиёт ўқитувчиларини ижтимоий тармоқларда айблаганман. Ҳозир ҳам ўша фикрларимдан қайтмайман: дарсликдан нарини кўролмайдиган ўқитувчига фарзандларимиз тақдирини топшириш ачинарли.

Лекин яна бир ҳақиқат борки, мен ачинарли деганим билан нима ўзгаради? Филолог муаллимнинг виждони қийналиб «Ўткан кунлар» ёки бошқа мумтоз асарларни ўқийдими? Йўқ, шахсан мен бунга ишонмайман. Бир вилоят малака ошириш тизимидаги вазиятни ўн ой давомида кузатиб шундай хулосага келдим. Демоқчиманки, мавжуд муаммоларни айтиш, ўқитувчини танқид қилиш орқали ижобий натижага эришиш мушкул.

Мамлакатимизда таълим тизимига ёндашув ўзгармас экан, вазият ўнгланмайди!

Хўш, ёндашув қандай бўлиши керак? Қуйида мазкур масала бўйича мулоҳазаларимни билдираман:

1. «Фақат билимдонлар олий ўқув юрти талабаси бўлиши лозим!» деган адолатли тамойил ҳудудлар бўйича ўқитувчилар тақсимотини бузиб юборди. Масалан, қайсидир ҳудудда она тили ва адабиёт ўқитувчиси кўп, бошқа жойда эса мазкур фан муаллимига эҳтиёж кучли. Тақсимот нотекис, вазият паст-баланд! Ҳаммасига сабаб-ҳудудлар кесимида мутахассисга эҳтиёжни аввалдан ҳисобга олинмагани. Айни дамда ҳам шу тамойил таълим соҳасига алоқадор қабул жараёнларида ҳамон давом этмоқда. Шундай давом этилса, маълум ҳудудда ўқитувчилар сони ортиб бораверади ва уларни иш билан таъминлаш муаммо бўлиб қолаверади. Ўқитувчиларнинг аксарияти аёллар эканини ҳисобга олсак, мутахассисларни бир ҳудуддан бошқасига йўналтириш амалда мумкин эмас. Муаммонинг беш-ўн йилни қамраб олгувчи вақтинчалик ечими битирувчиларни олий ўқув юртларига йўналтиришни мактаблар ихтиёрига топшириш. Ҳар бир мактабнинг барча ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар тан оладиган, эътироф этадиган аълочи битирувчилари бўлади. Мактаб кузатув кенгаши қарорига кўра, уларни тегишли олий ўқув юртлари биринчи курсларига қабул қилиниши лозим. Битирувчинг 11 йил давомида мактабда қандай ўқигани барчага маълум. Шунинг учун кузатув кенгаши қарор чиқаришда адолатсизликка йўл қўёлмайди. Мактаб ҳаёти ва у жойлашган ҳудудда бунинг иложи йўқ. Шу йўлдан борилса мактабнинг аълочи битирувчиси ўша мактабга билимдон ўқитувчи бўлиб қайтади, тақсимот борасидаги нотенглик ҳам йўқолади. Қолаверса, бу йўл қабул жараёни ва имтиҳонлар билан боғлиқ харажатларни камайтиради, қанча иш вақти тежалади.

2. Педагогик йўналишдаги олий ўқув юртларида талабаларга қўйиладиган талабларни мактаб ўқув дастурларидан келиб чиқиб белгиланиши даркор. Мен бу ўринда филологик йўналиш бўйича фикримни айтаман. Давлатимиз раҳбари китобхонликка алоҳида эътибор бераётган бир паллада филологик йўналишда таҳсил олаётган талабалар ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари матни билан танишиши мажбурий қоидага айлантирилиши шарт. Ҳар бир филолог талаба «Алпомиш»,”Қутадғу билиг”, «Хамса», «Бобурнома», «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз», «Навоий», «Сароб», «Шум бола», «Мирзо Улуғбек», «Абулфайзхон», «Улуғбек хазинаси», «Юлдузли тунлар», «Уфқ», «Чинор», «Руҳлар исёни», «Жаннатга йўл», «Уруш ва тинчлик», «Евгений Онегин», «Замонамиз қаҳрамони», «Жиноят ва жазо», «Дон Кихот», «Фауст», «Отелло», «Ҳамлет», «Қизил ва қора», «Чол ва денгиз» каби нодир асарлар матни бўйича алоҳида-алоҳида синов топшириб, муваффақиятли ўтсагина унга диплом бериш тамойили жорий этилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Агар филолог талаба тўрт йил давомида адабиётнинг пойдевори бўлган асарларни ўқимаса ёки уни ўқишга мажбур қилинмаса, кейинчалик адабий ҳаётда пайдо бўладиган янги асарларни ўқиб бориш унинг учун одатга айланмайди. Бу — масалнинг бир жиҳати, холос.

Филолог талаба тўрт йил давомида хатосиз ёзиш ва матн тузиш ҳадисини ҳам олиши зарур. Ҳозир бу борада она тили ва адабиёт ўқитувчилари мақтанишолмайди. «Репетитор» таҳририятига она тили ва адабиёт ўқитувчилари томонидан юборилаётган юзлаб мақолаларни ўқиган кишининг фиғони фалакка чиқиши табиий. Улар олий ўқув юртида нимани ўрганишган ўзи? Ёзишни, матн тузишни билишмаса, сара бадиий асарларни ўқимаган бўлса, тўрт йил давомида улар олий ўқув юртида нима иш билан машғул бўлган? «Репетитор» таҳририятида ўқитувчи ва ўқувчиларни хатосиз ёзиш, матн тузишга йўналтирувчи бир қанча тажриба тўпланган. Фикримча, бошқа мутахассисларда ҳам мазкур муаммо ечими бўйича аниқ ва жўяли таклифлар бор. Улари ўрганиб, умумлаштириб олий ўқув юртлари ўқув дастурларига татбиқ қилиш вақти келди.

Мен фақат филологик йўналиш бўйича таклифларимни ўртага ташладим. Ўйлайманки, бошқа йўналишлар бўйича ҳам мутахассислар орасида шундай таклифлар мавжуд. Ҳамма гап- ўша таклифларни эшитишда, уларга қулоқ солишда!

Кези келганда таъкидлаш жоиз: мен грамматик қонун-қоидаларни ўргатиш тарафдориман. Фақат мактаб она тили ўқув дастурида, иложи борича, қонун-қоидалар майдалаштирилиб ва мавҳумлаштирилиб юборилмагани маъқул. Бу жараёнда эътибор қаратиладиган жиҳат — матн тузиш механизмини босқичма-босқич ўргатиш. Ҳозир мактаб она тили дарсликларида матн тузиш механизми ва унинг босқичлари ёритилмаган.

3. Бугун мактабларда вазият шу даражада мураккабки, битирувчиси олий таълим муассасасига кирмаган мактаб бюджетини қисқартириш ва ушлаб қолинган маблағни битирувчиси олий ўқув юрти талабасига айланган мактаб ҳисобига ўтказиш мутлақо ўзини оқламайди, айниқса пандемия пайтида. Қайсидир мактаб битирувчиси бу йил олий ўқув юртига кирмаган бўлса, шу йилнинг ўзида ўша мактаб ўқитувчиларини айблаш ноўрин. Яна камида бир йил вақт бермасдан туриб, молиявий жазо усулини қўллаш ўқитувчининг сабр косасини тўлдириб юборади. Боз устига, айб фақат ўқитувчининг ўзида ҳам эмас. У синфда барча ўқувчига масъул. Агар унинг зиммасига аълочи ўқувчиларни олий ўқув юртига киритиш мажбурияти юкланса, яъни айни шу жиҳатга кўра унинг маоши ошириладиган бўлса, яна ким ўзар пойгаси бошланади,аксарият ўқувчилар эътибордан четда қолиб фақат аълочилар ҳақида ўйланади. Очиғи, бугун мактаб ўқитувчисидан репетитор амалга ошираётган ишни талаб қилиш мантиққа зид. Чунки репетитор ўзи ўқишни хоҳловчи ва бунинг учун пул тўловчи ўқувчилар билан ишлайди. Мактаб ўқитувчисида эса бундай имконият йўқ. У синфдаги ҳар бир ўқувчи билан ишлашга мажбур. Синфдаги ўқувчиларнинг 50-60 фоизи эса ўқиш-ёзишда нўноқ. Билим ҳақида гапириш ортиқча. Аниқроғи, ўқитувчининг ўзи репетиторга муҳтож. У олий таълимдаги мактаб ҳаётидан узоқ ўқув дастури сабаб шу ҳолга тушган. Унга ёрдам бериш — илғор зиёлиларнинг бурчи. Лекин қачонки талабаликка йўллаш мактаб ихтиёрида бўлмас экан, бу муаммони охиригача ҳал этиш мушкул.

4. Икки йил аввал мактаб директорларини сайлаш ва бу жараённи кузатув кенгашлари ихтиёрига топшириш масаласи кўтарилганди. Афсуски, бу жараён ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмади. Бизда энг оддий ҳақиқат ва мантиқ эсдан чиқяпти. Унутмайликки, ҳар бир мактаб ва у жойлашган ҳудуд аҳолиси қайси ўқитувчи директорликка муносиб эканлигини таълим мутасаддиларидан кўра яхши фарқлайди. Фарзандлари тақдирини қайси ўқитувчи ёки директорга топшириш ихтиёри аҳолига берилса, халқ зарур раҳбар ва ўқитувчини ўзи танлайди, бунда деярли адашмайди. Жамоатчилик томонидан сайланган директор эса халққа ёқадиган, Президент орзуларини рўёбга чиқарадиган педагогик жамоани шакллантиради. Педагогик жамоани шакллантиришда у эркин бўлишни истайди. Юқори ташкилотдан буйруқ ёки йўлланма олиб келган исталган ўқитувчини ишга олиш унинг имкониятларини чегаралайди, обрўйини туширади. У - мактаб директори! Шундай экан, мактабга ўқитувчини танлаб олишга ва бу борада кузатув кенгашига суянишга ҳақли. Олий ўқув юртини бир амаллаб тамомлаган дипломли, аммо савиясиз мутахассисни у ишга ололмайди! Ёш мутахассисни савиясизлиги сабабли ишга олмаса, мактаб директорини айбламайлик. У ўша «мутахассис»ни ишга олмаётган пайтда ўзини эмас, балки келажак авлод тақдирини ўйлаётган бўлади.

5. Таълим муаммоларининг яна бир жиҳати дарсликлар савияси билан алоқадор. Дейлик, бошланғич синф «Ўқиш китоби» дарсликларида, асосан, йил фасллари тараннум этилган матнлар берилади. Умуман олганда, «Ўқиш китоби» дарсликлари йил фасллари билан боғлиқ концепция асосида ёзилади. Мутлақо эскича ёндашув! Биз ХХI асрда яшаяпмиз. Бугун ахборот технологиялари замони. Ўқувчига Стив Жобс, Билл Гейтс, Марк Цукерберг ҳақидаги бадиий матнларни етказиш даври. Ўқувчи шундай тараққиёт сари интилмоқда. Ўқитувчи ва дарслик муаллифлари эса ҳаётдан орқада. Агар дарсликларни ёзиш концепцияси мутлақо ўзгартирилмас экан, бизнинг орзуларимиз тараққиёт одимларига ютқазади! Мен фақат бошланғич синф «Ўқиш китоби» ҳақида эслатдим. Ҳолбуки бошқа дарсликларда ҳам аҳвол ҳаминқадар. Шундай хулоса учун дарслик ёзишга меҳнат ва вақт сарфлаган муаллифлардан узр сўрайман! Хулосаларим уларга оғир ботади. Бироқ шундай истиҳола ичра қачонгача ўзимизни, фарзандларимизни алдаймиз?!

Юқоридаги мулоҳазаларни ўқигач, «Вазият шундай экан, янгиланишни кимлар амалга оширади?» деган савол туғилиши аниқ. Хавотирлар ўринсиз. Таълим тизимини, дарсликларни янгилашга қодир авлод бизда аллақачон вояга етган. Фақат уларни асосий мақсад сари йўналтирилмаяпти, аниқроғи, мутасаддилар ва уларни кўринмас тўсиқ ажратиб турибди. Жамият мана шу кўзга кўринмас тўсиқларни олиб ташлаб, ўзини намоён этолмаётган асл кучларга қучоқ очса, янги Ўзбекистон барпо бўлиши муқаррар!

Муҳаммад ВАЛИ