Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномасида асосий эътибор таълим сифатига қаратилгани бежиз эмас. сабаби, бугун мамлакатимиздаги ўн мингдан зиёд мактабда олти миллиондан ортиқ ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. бу кичик рақам эмас. зотан, миллионлаб боланинг келажаги, миллат ва давлатнинг эртанги куни соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига боғлиқ. дунёнинг тараққий этган давлатларига хос ривожланиш сирсиноати узоқ йиллар таълим жабҳасига киритилган миллиардлаб сармоя ва катта эътибор ҳосиласи экани ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз таъбири билан айтганда, “дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради”.

Албатта, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш осон эмас. Соҳа комплекс ва янгича ёндашувни талаб қилади. Жумладан, бу таълим муассасасининг моддий-техник имкониятини оширишдан тортиб, педагоглар салоҳиятини юксалтириш, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таълимга муносабатини тубдан ўзгартиришгача бўлган жараённи қамраб олади.

Мактаб таълимига қаратилаётган бундай эътибор ва рағбат яқин келажакда ўз самарасини бериши табиий. Чунки яхши шароитда ўқиб, билим ва тарбия олаётган ўқувчиларнинг кейинчалик таълимни академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, техникумлар ҳамда олий таълим муассасаларида давом эттириши бу бўғинларда ҳам ўқитиш сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир этади.

Мурожаатномада айтилганидек, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳақиқат. Шу боис, давлатимиз раҳбари 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби ва техникум имкониятидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этиш зарурлигини эслатди.

Шу йилнинг 20 январь куни Президентимиз раислигида мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистонда 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилни мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар етишмаслиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган.

Мазкур йиғилишда туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчиларни мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касб бўйича ўқитиш таклиф этилди. Шунингдек, болаларни ахборот технологиялари ва “креатив индустрия” бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлигига урғу берилди. Кадрлар сифати ва рақобатбардошлиги масаласи мактаб таълими ва олий таълим ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтовчи касб-ҳунар таълими марказлари, академик лицейлар ва техникумларга ҳам алоҳида масъ улият юклайди.

Сўнгги йилларда бу йўналишда ҳам тегишли қарорлар қабул қилиниб, соҳанинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича қатор ишлар қилинди. Хусусан, таълим ва амалиёт дастурлари бугунги ишлаб чиқариш жараёни, хизматлар ва иқтисодиётнинг илғор соҳаларига мослаштирилди.

Президентимизнинг 2021 йил 1 сентябрдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, турдош ОТМ ҳамда асосий йўналишлари бўйича тармоқ ташкилотларига 213 та техникум бириктирилди.

Қарорнинг шу бандига асосан, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтига ҳам қатор техникум ва академик лицейлар бириктирилган. Қумқўрғон агротехнологиялар техникуми, Денов Ҳазарбоғ агротехнологиялар техникуми, Бандихон агротехнологиялар техникуми ҳамда Қизириқ академик лицейи шулар жумласидан. Ҳозир мазкур таълим муассасалари билан чуқур ва тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Институт профессор-ўқитувчилари мунтазам очиқ дарслар, тренинглар ва лаборатория машғулотлари ўтказиб келмоқда. Институтнинг тармоқ марказлари, иқтидорли талабалари илмий қўшма лойиҳалар, турли тадбирлар ташкил этяпти. Мазкур техникумларни аъло баҳолар билан тамомлаган битирувчилар суҳбат асосида институтга ўқишга қабул қилинмоқда.

Бундай қамровли саъй-ҳаракатларни янада кенгайтирамиз. Чунки таълимнинг барча бўғинида узвийликни таъминлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни мустаҳкамлаш, илм-фанда халқаро тажрибаларни қўллаш ва креатив ғояларни амалга ошириш таълим сифатини яхшилашнинг муҳим омилларидан.