Белгиланган стратегик мақсадни амалга ошириш, мамлакатимиз тараққиётини янги, юқори босқичга кўтаришда таълим соҳасини ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, таълим ва тарбия масаласи ҳар қандай жамият ривожининг устувор йўналиши саналади. Халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи бўлган ёшларга билим бераётганимиздан, юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлашга йўналтирилган олий таълим соҳасида меҳнат қилаётганимиздан фахрланамиз.
Дарҳақиқат, кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафардан зиёд ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди ва умумий қамров 4 йил аввалги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди.
2016 йили Ўзбекистонда олийгоҳлар сони 77 та бўлган бўлса, 2021 йилда 141тага етказилди. Мамлакатимизда 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказиш режаси бу борада янада катта ишлар амалга оширилишини англатади. Хусусан, факультетимиздаги талабалар сони сўнгги 4 йил давомида 3 баробарга ошиб 4000 нафарга яқинни ташкил этмоқда. Бу ўз навбатида ёшларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқиши ва талабнинг ошганлиги билан ҳам изоҳланади.
Хорижий тилларни пухта эгаллаган, танланган соҳа бўйича етарли билим, малака ва кўникмага эга кадрларни тайёрлаш мақсадида аввало талабаларга дарс берадиган профессор- ўқитувчилар таркибини иқтидорли ёшлар ва тажрибали устозлар ҳисобига кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шу мақсадда янги ўқув йилининг ўзида 25 нафар магистратурани тамомлаган ва чет тилини билиш даражаси юқори бўлган ёшлар ишга қабул қилинди. Шу билан бирга, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция сингари мамлакатларнинг юртимиздаги элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Натижада ҳозирда факультетда 3 нафар хорижлик тажрибали профессор –ўқитувчилар фаолият олиб бораётган бўлса, ўқув йили давомида 2 ҳафта ва 1 ойлик муддатга ишлаш учун келадиган 10дан зиёд чет эллик лекторларнинг келиши кутилмоқда.Бир қатор профессор-ўқитувчиларимиз эса хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида малака ошириб қайтдилар.
Бир сўз билан айтганда, олий таълим соҳасидаги камтарин меҳнатимиз билан демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишларгаҳисса қўшаётганлигимиздан фахрланамиз.
Абдуғофир Қосимов,
Фарғона давлат университети
Чет тиллари факультети декани
филология фанлари доктори, профессор