Сингапур, Хитой, Финляндия, Франция, Германия, АҚШ, Малайзия, Япония сингари давлатлар ўз-ўзидан иқтисодий ва маданий барқарор давлатлар сирасида эътироф этилмайди.

Ўқитиш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади. Бу борада талабалар билимини мустаҳкамлаш, уларга йўналиши бўйича соҳага оид кўникмаларни шакллантириш, албатта, самарасини беради. Шу маънода, таълим сифатини ошириш, ўқитиш жараёнида назария ва амалиётни уйғунлаштириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш мақсадида университетлар ва ишлаб чиқариш саноат корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан эндиликда кундузги таълим шаклидаги 2–4-босқич талабалар учун ҳафталик ўқув машғулотлар “4+2”, жумладан, дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилмоқда. Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, 14 та таълим йўналишида сиртқи таълим шаклига қабул бекор қилинди. Бу йўналишлардан ташқари сиртқи таълим шакли бўйича педагогик фаолиятга оид камида 5 йиллик иш стажига эга бўлганлар ўқишга қабул қилиниши белгиланди. Педагогик ОТМнинг қўшма таълим дастурларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини давлат бюджети маблағи ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади. Албатта, бу ҳам педагогика йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг бевосита корхона-ташкилотларга мослашувчанлиги, ихтисослиги бўйича кўникма ва малакага эга бўлиши, тажриба орттиришига катта ёрдам беради.

Қарорда ҳар йили камида 5 фоиз профессор-ўқитувчи хорижий давлатларга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юборилиши кўзда тутилган. Бу ҳам таълим тизимида халқаро тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга ижобий таъсир кўрсатади.

Бугун педагогика йўналишида таянч олий таълим муассасаси ҳисобланадиган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида амалиёт ва назарияни уйғун ҳолда олиб бориш борасида қатор ишлар бажарилмоқда. Хўш, ўқув танишув амалиётининг муҳимлиги нималарда кўринади?

Ўқув-танишув амалиётида талабалар умумий ўрта таълим муассасасининг ижтимоий, таълимий муҳити, муассаса субъектлари ўртасидаги муносабатлар, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчилар билан ишлаш принциплари, медиасаводхонлик ва бошқалар тўғрисида амалий кўникмаларга эга бўлади. Шунингдек, амалиётчилар муассаса раҳбариятининг иш юритиш жараёни, бошқарувчилик фаолияти, фан ўқитувчиларининг дарс давомида ўқувчилар билан ҳамда синф раҳбарининг тарбиявий фаолият юзасидан болаларга муносабати, меъёрий ҳужжатлари билан танишиши керак.

Амалиётнинг мақсади бўлажак ўқитувчиларнинг амалий-касбий кўникмаларини шакллантириш ва педагогик амалиётга тайёрлашдан иборат. Талабаларни таълим муҳитига мослаштириш, олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини йўлга қўйиш бўйича ўқув меъёрий ҳужжатлар билан таништириш, кўникмаларини ҳамда ўқув муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнига хос хусусиятлар тўғрисида тасаввурни шакллантириш, медиасаводхонлик ва коммуникатив қобилиятни ривожлантириш ҳам унинг вазифасидир.

Амалиёт жараёнининг муҳимлиги шундаки, талаба умумий ўрта таълим муассасаси тўғрисида тасаввурга эга бўлади, жамоа билан ишлаши кўникмаси шаклланади, педагогик муҳитга ўрганади. Дарс ва синфдан ташқарида ўқувчилар билан ишлаш механизмлари билан танишади. Ўқув-меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, синфхоналарга қўйилган гигиеник талаблар, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш ва уларнинг меъёрий ҳужжатларини расмийлаштириш кабилар тўғрисида тасаввурга эга бўлади.

Дунё тажрибасида иш берувчи ва ходим ўртасидаги боғлиқлик, ўзаро ҳамкорлик доимий равишда натижа бериб келган. Хусусан, Японияда иш берувчи ва ходим ўртасидаги (кўпинча умрбод) муносабатлар япон маданиятининг ажралмас қисмидир. Бу жараён ўзаро оилавий муносабатларга ўхшайди, яъни содиқлик эвазига ҳимоя ва молиявий, ижтимоий мажбуриятлар таъминланади. Энг муҳими, янги ходим ёшига, корхона-ташкилотда ўтаган амалиётига қараб ишга олинади.

Ходим компаниянинг барча амалиётини пухта ўрганиб, ушбу жараёнда қатнашиб, етарли тажриба орттиради. Компаниянинг таъсирчан механизми ахлоқий кўникмалар орқали шакллантирилади ва ходим бутун умр корхонага меҳр қўяди. Янги ходим ўз вазифасини тўлиқ бажариш учун компаниянинг ёзилмаган қоидаларини ўрганиши керак.

Шу маънода, япон компанияларидаги иш ҳақи тизими малака даражасига асосланади. Малакаларни баҳолаш тизимида иккита иерархия мавжуд бўлиб, бири касбга, иккинчиси даражага кўра белгиланади. Ходим бир вақтнинг ўзида фақат битта даражага кўтарилиши мумкин. Ҳар қандай мартаба учун минимал вақт ва тажриба мавжуд. Бундан ташқари, ходимнинг малака даражаси ҳар доим тўпланиши ва ўсиб бориши керак, деб ҳисоблайди япон мутахассислари.

Яна бир муҳим жиҳати, йирик япон компаниялари ишга олишнинг асосий стратегияси юқори сифатли, тажрибасиз ўрта мактаб битирувчиларини пастки даражадаги лавозимларга олишни маъқул кўради. Битирувчилар умумий билими учун ишга олинади. Кейин сезиларли даражада мослаштирилади. Бу ҳам компаниянинг захира кадрларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, таълим жараёнида амалиёт тушунчаси долзарблигини йўқотмайди. Ёш кадрлар ичидан эса саралаш имкони туғилади.

Камолахон АБРОРХОНОВА,

Низомий номидаги Тошкент давлат

педагогика университети кафедра

мудири, педагогика фанлари

бўйича фалсафа доктори, доцент