2020 йил 25 декабрь тахминан соат 00:30 да Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Зилолбулоқ» кўчасида яшовчи Ойбек исмли фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда «Шахрисабзфарм» МЧЖга қарашли бўлган «Damas» русумли автомашинани Бойсун тумани «Мунчоқ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «М-39”-йўлининг 1 360 километрида бошқариб кетаётган вақтида, «Cobalt» автомашинасида бўлган 2 нафар номаълум шахслар автомашинани тўхташиб, у эшикларни қулфлаб олгани сабабли автомашина ойналарини синдириб, зўрлик ишлатиб, 32 500 000 сўм ва 700 доллар пул маблағларини тортиб олиб кетганлигини билдириб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «г» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов ҳаракатлари натижасида жабрланувчининг мурожаатида кўрсатилган жиноий ҳолат содир этилмагани, у автомашинада МЧЖга тегишли бўлган пул маблағларини ўзлаштириб олиш мақсадида талончилик ҳолатини тўқиб чиқарганлиги ва автомашина ойналарини ўзи синдириб пул маблағларини яшириб қўйгани, у ИИБга жиноят содир этилганлиги ҳақида ёлғон хабар берганлиги аниқланган.
Тергов жараёнида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми «в» бандидан (талончилик) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 1-қисмига (ёлғон хабар бериш) қайта малакаланиб, ўша куни фуқаро Ойбекнинг кўрсатмалари ҳодиса содир бўлган жойда текширилиб, текширув давомида Ойбекнинг ўзи бекитиб қўйган пул маблағлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, Ойбек исмли фуқаро Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.