Пойтахтимизда ўтаётган Маданий мерос ҳафталигида у нумизматика бўйича олиб бораётган тадқиқотлари билан қатнашяпти. Тадбирдаги ажойиб маърузасидан сўнг унинг фаолияти, тадқиқотлари моҳияти билан қизиқдик.

— Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий меросни ўрганиш ва халқаро миқёсда оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўзбекистон маданий мероси нафақат бу заминнинг, балки бутун инсониятнинг мероси дейиш мумкин.

Чунки Ибн Сино, ал-Хоразмий, Берунийнинг кашфиётлари жаҳон илм-фани ривожида алоҳида ўрин тутади. Давлатингиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом Цивилизацияси маркази нафақат илмий марказ ёки музей, балки цивилизациялар, конфессиялараро мулоқот маркази бўлиб, дунёда унинг аналоги йўқ, десак хато бўлмайди.

Дунё олимлари унинг контентини бойитишга катта қизиқиш билан қараб, қатор таклифларни билдиришяпти. Таъкидлаш жоизки, бу ҳурматли Президентингиз томонидан илгари сурилган жуда ноёб лойиҳа. Шавкат Мирзиёев БМТ бош ассамблеяси сессияси нутқларида ҳам Ислом тинчлик, дўстлик, бирдамлик дини эканини алоҳида таъкидлаб ўтган. Ва бу айни ҳақиқат.

Марказнинг илмий салоҳиятига эса алоҳида тўхталиш жоиз. Нумизматика йўналишидаги илмий изланишларим бўйича ҳамкорлик қилиш жараёнида бу ердаги илмий салоҳиятнинг ниҳоятда баланд эканига амин бўлдим. Мен марказ кўргазмаларида намойиш этиладиган тарихий аҳамиятга эга нумизматика коллекциялари устида иш олиб боряпман.

Лойиҳамни тадбир давомида тақдимот қилмоқчиман. Тадқиқотлар давомида шуни тушуниб етдимки, бу ердаги тангаларда ҳам ўзига хос шарқона тарбия ва ахлоқий жиҳатлар акс эттирилган. Бундай тангаларга бефарқ бўлмаган юртдошларингизнинг кўплиги эса, бунёд бўлажак марказнинг янада гавжумлигини таъминлайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, танга топиб олган одамлар уни дарров сотиб юбормай, давлатга топширишни билиши керак. Бунинг учун мукофот олади-ку? Уларда бундай билим бўлиши учун цивилизация марказида маҳорат дарслари, тушунтириш ишлари йўлга қўйилиши керак.