Бугун, 5 сентябрда Танзила Нарбаева Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашди.
Маълумки, Беларусь Ўзбекистоннинг МДҲдаги анъанавий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар дўстлик ва шериклик руҳида изчил ривожланиб боряпти.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Суҳбатда парламентлараро мулоқотни самарали ривожланаётганлиги, ўзаро манфаатли учрашув ва тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаётганлиги, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Парламентлараро иттифоқ доирасида фаол ҳамкорлик олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Беларусь халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, МДҲ, ШҲТ доирасида конструктив ҳамкорлик қилиб келяпти.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форумига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тадбир аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришига муҳим ҳисса қўшиши, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни муҳокама этиш ва ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланиши таъкидланди.
Эришилган шартнома ва келишувлар ижроси устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Қўшма тадбирлар орқали гендер тенглигига эришиш ва Беларусь аёллар иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Учрашув давомида бошқа муҳим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.