Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасига мувофиқ, фавқулодда вазиятлар, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги меъёрларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.

Хусусан, сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, жумладан, чўмилиш учун рухсат этилмаган ҳудудларда сувга тушиш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда. Бу қоидалар пляжларни жиҳозлаш, оммавий дам олиш жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш талабларини қамраб олади.

Таклиф этилаётган нормаларга кўра, белгиланган талабларни бузган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса уч баравари миқдорида жарима солиш кўзда тутилмоқда.

Агар ушбу қоидабузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, фуқаролар учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараварига, мансабдор шахслар учун эса беш бараварига оширилиши таклиф қилинмоқда.

Қайд этилишича, мазкур ўзгартиришлар сув ҳавзаларида инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек фавқулодда ҳодисалар хавфини камайтиришга қаратилган.