Дунё давлатлари билан ҳамиша дўстона муносабатларини сақлаб келган Ўзбекистон ўзининг янги тараққиёт даврига келиб жаҳон ҳамжамияти олдида ўз ўрни, сўзи ва мавқеига эга мамлакатга айланди. Сўнгги йилларда ўнлаб, юзлаб халқлар манфаатларига хизмат қиладиган йирик халқаро тадбирлар, кенг миқёсдаги анжуманларни ўтказишдек шарафли вазифа юртимизга мамнуният билан топширилаётгани бунинг яққол исботидир.

Мамлакатимизнинг 2021-2022 йилларда катта нуфузга эга Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиши ана шундай муҳим воқеликлардан бири. Бу ҳақида Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида расман эълон қилинди.

Айтиш жоизки, мазкур халқаро аҳамиятдаги йиғилиш қизғин муҳокамалар марказида бўлиб қолмоқда. Негаки, янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши, айниқса, Афғонистондаги сўнгги вазият нуқтаи назаридан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорлик қандай бўлиши кўплаб сиёсий доираларни қизиқтиряпти. Давлат раҳбарларининг эътиборида бўлган ушбу масалани яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш борасида шаклланган анъаналаримизни асраш ва бойитиш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин. Саммит кун тартибидан ана шундай муҳим масалалар ўрин олар экан, унга ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолиятининг асосий якунлари ҳамда кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли, йирик ташкилотга айланди. Бугун у бир-бирига қўшни давлатлар ўртасидаги долзарб масалаларни ўзаро муҳокама қилиш ва уларга манфаатли ечим излашда муҳим ўрин тутмоқда. Халқаро ташкилотнинг асосий вазифалари қаторига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар муносабатларни ривожлантириш кабилар киради.

Кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан зиёд, яъни Евроосиё ҳудудининг 60 фоизи демакдир. ШҲТ мамлакатлари аҳолисининг умумий сони 3 миллиард 40 миллион нафарга тенг — бу сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми дегани. У ўзида 8 та аъзо давлатдан ташқари, 4 та кузатувчи, 3 та кузатувчиликка номзод давлат, 6 та “мулоқот бўйича шерик” мақомига эга мамлакатни бирлаштирган.

Тез орада ташкилот Эрон Ислом Республикаси ҳисобига кенгаядиган бўлиб турибди. Гап сонда эмас, аммо ҳамкорлик истиқболлари улкан Евроосиё минтақасида яшайдиган халқлар фаровонлигига хизмат қилади.

Ташкилот айни кунда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт коммуникацияси, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолат. Бироқ ШҲТ, аввало, ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафолати сифатида майдонга чиқмоқда. Дунё тез ўзгарувчан, нотинч бўлиб турган ҳозирги замонда бу ғоят муҳимдир.

Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари “Шанхай жараён”ларини тезлаштириш учун ташкилот ихтиёридаги мавжуд қарорлар, декларациялар ва лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Чунки ҳар қандай кўп томонлама тизимлар фаолияти қабул қилинаётган қарорларнинг сўзсиз ва босқичма-босқич бажарилиши билан самара беради.

Албатта, бу “олтин қоида” ШҲТнинг жипслиги ва уюшқоқлиги учун ўзига хос мезон бўлиб қолиши бежиз такрорланмаяпти. Буларнинг барчаси, жумладан, хавфсизлик ва иқтисодиётларни ривожлантириш мавзуларининг жипслиги, яхлитлиги Ўзбекистоннинг манфаатлари, мақсадларига жавоб беради. Шу боис, мамлакатимиз ташкилот фаолиятида ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда.

2021-2022 йилларда юртимиз ШҲТга раислик қилишдек шарафли ва жуда масъулиятли вазифани зиммасига олгани ҳолда, бу борада кейинги устувор йўналишларни ҳам белгилаб олган.

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари