Мамлакатимиз маърифий-интеллектуал юксалишнинг янги уфқлари томон интилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замиридаги ватан ва миллат манфаати, саодатли келажак ғояси халқимизнинг “оққан дарё оқаверади”, деган пурҳикмат иборасига ҳамоҳангдир. Зотан, буюк аждодларимиз мавжлантирган маърифат дарёси ўзанларини қайта тиклаш йўлида қилинаётган хайрли ишлар самара бериши муқаррар.
Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномасида 2022 йилда қилинган асосий ишлар якуни ва мамлакатимизни 2023 йилда ижти моийиқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларига бағишланган долзарб масала ва вазифалар билан бирга халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг маънавияти, интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш хусусида ҳам салмоқли гаплар айтилди.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновaцион салоҳиятдан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизaция қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш юксак миллий аҳамиятга молик масалалардан экани қайд этилди.
Мурожаатномагача бўлган даврда қилинган ишлар салмоғи ҳам паст эмас. Масалан, олий таълим соҳасида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Таълим муассасаларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техник базаси яхшиланди. Илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилди. Айниқса, профессор-ўқитувчиларнинг даромади ортаётгани илм билан шуғулланувчилар қатламининг яшаришига хизмат қиляпти.
Инновация йўналишидаги алоҳида давлат тузилмалари ташкил этилиб, олий ўқув юртларида ҳам янги бўлинмалар очилди. Ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш, талабаларнинг ўз устида ишлаши, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш учун 41 та таълим муассасасига академик ва молиявий мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилди.
Бу Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланган. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, “Фикр тарбияси энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратли бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлидур. Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан ойилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур”.
Дарҳақиқат, ёшларни билимли, малакали, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар этиб тайёрлаш мақсадида таълим тизими изчил ривожлантирилмоқда. Қолаверса, улуғ аждодларимизнинг илм-фан соҳасидаги буюк кашфиётлари ва инсоният тафаккури ривожига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон миқёсида эътироф этилган. Ана шундай қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда уларга муносиб фарзандларни тарбиялаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Бугунги кунда университет ва институтларнинг ўқитиш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти. Муҳими, бу жараёнда таълим олиш муваффақиятга эришишнинг энг асосий шарти сифатида кўрилмоқда.
Шундай бўлса-да, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжлари ҳамда халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб ташкил этиш масаласида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Шу боис, давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли экани борасида сўз юритар экан, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етгани, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошганига алоҳида эътибор қаратди.
“Биз бу рақамларни янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Лекин таълим сифати нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши керак. Авваламбор, бунга ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши лозим, ўшанда натижа бўлади”, деди Президентимиз. Олий таълимга ёндашувни ўзгартириб, унинг сифати ҳамда даражасини кўтариш ҳақида ўйлайдиган вақт етди. Бунинг учун узоққа бориш шарт эмас. Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада юксак босқичга кўтариш билан бирга таълим сифати ва самарадорлигига ҳам хизмат қилади. Бунинг учун биздан бир оз фидойилик, меҳнат ва мамлакат келажагига дахлдорлик талаб қилинади, холос.