30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумини мамлакатимизда демократияни янада мустаҳкамлаш йўлидаги янги саҳифа, десак муболаға бўлмайди. Конституциямизга киритилиши таклиф қилинаётган бир қатор жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва умуман, кенг жамоатчилик эътиборини яхши маънода ўзига жалб этди.

Қувонарли жиҳати, Ўзбекистон ҳукумати конституциявий ислоҳотлар жараёнига шаффоф ва инклюзив ёндашиб, барча овозлар тингланишини, таклиф этилаётган ўзгартиришлар халқнинг орзу-интилишлари ва эҳтиёжларини акс эттиришини таъминлади.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида инсонга, унинг ижтимоий ҳимоясига эътибор ҳамда мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи ёшларимизнинг билимли ва яхши фазилатларга эга авлод бўлиб етишишини таъминлашга, илм-фанни, таълимни янада ривожлантиришга йўналтирилган қатор моддалар акс эттирилгани аҳамиятга моликдир. Жумладан, ҳозирга қадар “бепул умумий таълим олиш” амалда бўлса, эндиликда “бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олиш” кафолатланиши белгиланмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддасида “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” экани ҳақида ижтимоий ҳимояга йўналтирилган бандлар ўрин олган. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун инклюзив таълим-тарбия таъминланиши мустаҳкамланмоқда.

Конституциямизнинг янги таҳририда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялашнинг асоси сифатида эътироф этилаётгани кишини қувонтиради. Дарҳақиқат, ёшлар келажаги ҳақида қайғуриш, илм ва касб-ҳунар эгаси бўлишига қаратилган ҳаракат давлатнинг, миллатнинг эртасини таъминлашга хизмат қилишини ҳаётнинг ўзи исботлаган. Қолаверса, таклиф этилаётган ўзгаришлар халқаро меъёрлар ва демократик бошқарув соҳасидаги илғор тажрибаларга мос келади. Бизнинг янада инклюзив жамият қуриш йўлида қўйган бу муҳим қадамимиз нафақат мамлакат ичида, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Бош қонунимизнинг янги таҳриридаги яна бир эътибор тортадиган жиҳат шундаки, у амалдаги Конституцияда кўзда тутилмаган таълим соҳасига оид бир неча моддаларни ўз ичига олган. Мисол учун, янгиланган 44-моддани олайлик, унда “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деб қатъий белгиланган.

Демак, янги таҳрирдаги Конституциямизда нафақат таълим соҳасидаги нормаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, балки халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналарини сақлаш мақсадида айрим моддалар ҳам сезиларли янгиланмоқда. Мисол учун, амалдаги Конституциямизнинг 49-моддасидаги “Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир” деган жумла ўрнига “Тарихий,  маънавий,  маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий меросининг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида ғамхўрлик қилади” каби кенг қамровли таклифлар берилмоқда.

Халқ иродаси ва орзу-интилишларини ўзида акс эттирувчи янги таҳрирдаги Асосий қонунимизнинг референдумга қўйилгани, шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиёти учун янги босқич, янги давр бошланганидан далолат беради. Ушбу референдумни шаффоф ва ишончли ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг демократик пойдеворини мустаҳкамлаш орқали демократик ислоҳотлар сари янада олға силжишини таъминлаш билангина чекланиб қолмай, фуқароларнинг бошқарув тизими шаффофлигига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши турган гап.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилишга бағишланган референдум мамлакатда демократик бошқарув ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. Ишончимиз комилки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати — Бош қонунимиз юртдошларимиз томонидан юксак эътирофга сазовор бўлади ва бизнинг манфаатларимизга хизмат қилади. Зеро, ҳаммамиз биргаликда янада кучли ва обод Ўзбекистонни барпо эта оламиз!

Расул Раҳмонов,

Тошкент шаҳридаги Вебстер университетининг ижрочи директори

(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 2023 йил 13 апрель, 71-сони)