Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати. Шу боис, юртимизнинг ёрқин келажаги бугун улғаяётган йигит-қизларнинг орзумақсадларига чамбарчас боғлиқ. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлов эса бу мақсадларни рўёбга чиқаришда уларга кўмак беради. Зотан, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғвор мақсадни олдимизга қўйган эканмиз, Президентимиз бунинг учун янги Мирзо Улуғбеклар, Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитни яратишимиз кераклигини таъкидлаган эди.
Шунингдек, қатор учрашувларда ёшлар маънавий етук, ватанпарвар бўлиб етишиши учун атоқли олимлар, давлат арбоблари, таниқли тадбиркорлар билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказиб боришни тизимли йўлга қўйиш хусусида ҳам сўз юритилган эди. Чунки зиёлилар суҳбати, узоқ йиллик тажрибага таянган тавсия ва таклифлари йигит-қизларнинг келгуси ҳаёт йўлини ёритувчи маёқ вазифасини ўтайди.
Жорий йил июлдан бошлаб Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида давлат арбоблари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари, таниқли тадбиркорлар иштирокида туркум учрашувлар ташкил этиш йўлга қўйилди. Шу кунгача бундай тадбирлардан 9 таси юқори савияда ўтказилди. Мулоқотларда мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчилари, шунингдек, иқтидорли талабалари иштирок этиб келмоқда.
Шундай маърузалардан бири яқинда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти раҳбари, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори, етук навоийшунос Олимжон Давлатов иштирокида “Навоийни англаш иштиёқи” мавзусида ташкил этилди. Маърифий суҳбатда Алишер Навоий бадииятини англашнинг ёшлар маънавиятини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Бобомиз меросини ўрганган инсон маънавиятли, бошқаларни ортидан эргаштирувчи бўлиб етишиши, халққа катта наф бериши хусусида мисоллар келтирилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, инсонда маънавий куч, маънавий жасорат, илм, донолик шаклланишида ёшликдан бошлаб илм-маърифат манбаи бўлган асарларни, буюк шахсларнинг ҳаётини ўрганишга зарурат мавжуд. Масалан, хитой халқининг Конфуций, русларнинг Пушкин, инглизларнинг Байрон, Шекспир каби адибларининг ижоди ўз даврида ёшларнинг миллий руҳиятини шакллантиришга хизмат қилган. Ҳазрат Навоийнинг адабий мероси дунё ҳавас қилгулик даражада ва бу меросдан фойдаланиш, шубҳасиз, халқимизнинг маънавий оламини бойитиб, тафаккурнинг янги уфқлари сари бошлашга қодир.
Чунки инсоннинг ички оламини ёритишда моддийликдан кўра маънавиятнинг юксак бўлиши Навоий асарларида акс этади ва шахс тарбиясида катта аҳамият касб этади. Зеро, тарбияли инсоннинг кўплиги тарбияли жамиятга асос бўлади, тарбияли жамият эса гуллаб-яшнайди. Илм одами оқилга, моддият изидан қувганлар эса жоҳилга айланади. Учрашувда сўзга чиққан бошқа иштирокчилар қизғин мулоқотда фикр-мулоҳазаларини баён этди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Адабиётшунос ёш тадқиқотчиларга Алишер Навоийнинг беш жилдлик “Хамса” асарини туҳфа қилди.