Президентимиз 2022 йил 28 январда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонни имзолади. Шунингдек, айнан, шу куни 2022 йил 28 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлатимиз раҳбари мактаб таълими, ёшлар тарбияси ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлар экан.

Шундай деди: “Бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Бунга барча эътиборимиз ва ресурсларимизни сафарбар қиламиз. Қийин йўлни танлаяпмиз, лекин шу йўл муаммоларни ечади”. Дарҳақиқат, мактабларда кимлар ўқийди? Албатта, келажагимиз бўлмиш, ёшлар. Шунинг учун ҳам ўқувчи-ёшларнинг билимли, маънавиятли, маърифатли бўлиб камол топишида фақатгина Халқ таълими вазирлиги ёки мактаб ўқитувчиларнинг вазифаси эмас, балки барчанинг, хусусан, ота-оналар, маҳалла, зиёлилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Ҳозирги глобаллашув шароитида ёшлар тарбиясига бундай ёндашув ўзининг ижобий натижаларини бериши шубҳасиз. Чунки, оила, мактаб, маҳалла ёшларнинг ўзаро яқинлашиши ва жипслашиши учун қулай шароит яратиб беради.

Маълумки, бола тарбияси оиланинг бош вазифаси ҳисобланади ва бу вазифа нафақат оилада, балки ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлганлиги туфайли давлат ва жамоатчилик томонидан ҳам фаол бажарилиб келинган ва келинмоқда.

Ушбу қадрият ва анъаналарни давом эттириш мақсадида бугуни кунда жойларда маънавият, маърифат ва миллий мафкура асосларини очиб берувчи жонли мисоллар билан тарғибот ташвиқот ишларини янада такомиллаштиришимиз зарурлигини даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Шу маънода улуғ аждодларимиз қолдирган мерос, миллий урф – одат ва қадриятларимизни ёшларимиз онгига янаям таъсирчан усуллар билан сингдириш уларни маънан баркамол, етук қилиб тарбиялашда, ёшларда ўзликни англаш, ватанпаварлик, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларининг шаклланишида катта аҳамият касб этади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида бугунги кунда Республикамизда Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар ижодий уюшмасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган бўлиб, ҳудудий танлов комиссиялари хулосасига кўра, 10008 та умумтаълим мактабларига ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи тайинланди. Мазкур “Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи” лавозими ҳар бир умумтаълим муассасаси учун ажратилган бўлиб, ушбу лавозимга ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ҳамда ижодкор ўқитувчилар тайинланиши белгиланган.

Баркамол ахлоқ ва яхши ҳулқ аста-секинлик билан шаклланади. Халқ ахлоқий мезонлари, қадриятлари ўтмиш маънавий мероси кўҳна она замин билан боғлиқдир. Ана шунинг учун ахлоқий тасаввурларимиз, одоб мактабимиз, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз, маданий меросимиз пировард натижада миллат учун, унинг обрўси ва истиқболи учун хизмат қилсагина бошқаларда эҳтиром ва ҳавас туйғуларини ўйғотади, ана шундагина ёшларимиз ўз ўтмишини, ўзлигини, қадриятларни, урф-одатларини унутмайди. Яхши фазилатлар, одатлар, анъаналар, миллий қадриятлар ва буюк боболаримиз сиймоси, уларнинг тарихий мероси авлодлар йўлини шамчироқ янглиғ ёритиб боради.

Миллий онгимиз ва руҳимизни кўтариш, аждодларимизни, ўзлигимизни танишимиз, келгуси ва ҳозирги авлодни тўғри тарбиялашимиз учун инсонпарварлик ғояларини, меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқатни, одоб-ахлоқни, халқлар дўстлигини тараннум этган Алишер Навоий, Саъдий, Жомий, Беруний, Форобий, Фузулий, Умар Ҳайём, Бедил каби буюк мутафаккирлар ижодидан кенг фойдаланилмоқда. Бу соҳада қилинаётган ишимизда умуминсоний қадриятларни тарғиб қилган дин арбоблари, жумладан Имом Бухорий, Имом Термизий сингари муҳаддислар, Имом Мотурудий, Бурхониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Рабғузий, Ғаззолий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор сингари шайх ва уламолар ҳамда ислом илоҳиётчилари асарларини ўрганиш, улар ижодининг янгича таҳлил – талқинлари кишиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бугун янги Ўзбекистоннинг барча гўшаларида буюк тарихий обидаларимиз қайтадан тикланиб, қадамжоларга айланмоқда, ўлмас миллий қадриятларимизни асраб-авайлашимиз эса ўзлигимизни теранроқ англашимизга олиб келмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати манбаи – халқимизнинг умуминсоний қадриятларга содиқлигидир. Биз ўз миллий қадриятларимизни сақлаган ҳолда умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилишга ҳам эътибор қаратишимиз керак.

Илҳом СУВОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти Илмий котиби,

 фалсафа доктори (PhD)