Тадбирда Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат марказининг масъул ходимлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, академия ҳарбий хизматчи ва курсантлари иштирок этди.

Танловни ўтказишдан мақсад — Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ҳарбий хизматчиларни жонажон Ватанимиз, халқимиз, миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини ошириш, маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишларида кўмаклашиш, иқтидорли, ижодкор ёшларни рағбатлантириш, уларнинг ўз ақл-заковатини намоён этишга кўмаклашиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларига меҳр уйғотишдан иборат.

Тадбирни вазирлик бошқарма бошлиғи, полковник Абдуазим Ахмадходжаев очиб, Янги Ўзбекистонда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу билан бирга, Вазирлик тизимида хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий ва профессионал кўникмаларини илм-маърифат асосида қалби ва онгига сингдириш, мамлакатимиз ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини асрашдек шарафли ва машаққатли хизматлари билан уйғун равишда уларнинг билимларини ошириб бориш жоизлигини алоҳида таъкидлаб, иштирокчиларга омад тилади.

Шундан сўнг танлов низоми асосида шартлар бўйича чиқишларга берилди. Танловда жамоалар “Блис-саволлар”“Тест саволлари”, “Суратдаги тарих” шартлари бўйича беллашди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар томонидан тайёрланган она Ватанимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тадбир якунида Вазирлик раҳбарияти томонидан ғолиблар ва фаол иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Академияси катта ўқитувчиси, майор.