Кейинги тўққиз йилда жамиятимиз ва давлатимиз катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори миллий парламент тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, ўтган тўққиз йил ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати дунё парламентларига хос барча ижобий хусусиятларни ўзида қамраб олганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентнинг парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилгани ушбу фикримизни тасдиқлайдиган ёрқин мисолдир.
Дунё тажрибаси аксарият тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий долзарб ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий масалалар ҳамда жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш амалиёти мавжуд эканини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси — дастурий сиёсий- ҳуқуқий ҳужжат бўлиб:
- биринчидан, Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади;
- иккинчидан, Мурожаатнома сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бирга парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифларни ҳам ўзида акс эттиради;
- учинчидан, Мурожаатнома жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.
Янада эътиборли жиҳати шундаки, бошқа мамлакатларда давлат раҳбарининг асосан парламентга Мурожаатнома тақдим этиш тажрибаси кузатилади. Янги Ўзбекистонда эса 2017 йилдан бошлаб ана шу янгича сиёсий-ҳуқуқий амалиёт янада демократик ёндашувлар билан бойитилиб, Президентнинг парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома тақдим этиш тажрибаси амалиётга татбиқ этилди.
Ўзбекистон ҳаётидаги бу илғор сиёсий-ҳуқуқий анъананинг қатор ижобий жиҳатлари бор. Жумладан, Президентимиз Мурожаатномаларини нафақат парламент аъзолари, балки кенг жамоатчиликка ҳавола қилиб келмоқда.
Бу гал ҳам Мурожаатнома тақдимотида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан ташқари халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, суд тизими раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ташкилотлари, идора ва муассасалар раҳбарлари, илмий ва ишбилармонлик доиралари намояндалари, фуқаролик жамияти фаоллари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари — қарийб 10 минг иштирокчи офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.
Агар ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбир ҳар гал телевидение ва интернет каналлари орқали тўғридан тўғри намойиш этилаётганини эътиборга олсак, Президентимизнинг Мурожаатномаси бутун Ўзбекистон халқига бевосита мурожаат сифатида янада аҳамиятли эканига шубҳа йўқ.
Ушбу ибратли анъана янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Президент Бош қонунимизга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”.
Давлатимиз раҳбари мазкур конституциявий норма талабларига риоя қилган ҳолда сўнгги тўққиз йилда парламентимиз ва халқимизга олтинчи бор Мурожаатнома билан чиқди. Бу, ўз навбатида, Президентимиз Конституцияда муҳрланган ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафили сифатида Конституцияга қатъий амал қилиш борасида барчамизга ўрнак ва намуна бўлиб келаётганига яққол далолатдир.
Бинобарин, Президент Бош қонунимизда белгиланганидек, “фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир”.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизимидаги уч тармоқ — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини нечоғлиқ муваффақият билан таъминлаб келаётгани таҳсинга сазовор.
Ўтган даврда Ўзбекистонда ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Олий Мажлисимиз энг кучли парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга”.
Бунга амалий бир мисол: 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг янги ташаббуси билан энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллаш ҳам парламент ваколатига ўтказилмоқда.
Ўзбекистон парламенти том маънода “халқ уйи”га айланиб бормоқда. Депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган барча ташаббус ва режалар, сессияларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифалар моҳият эътиборига кўра, нафақат қонунларга киритилмоқда, айни чоғда Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Олтинчи Мурожаатноманинг асосий хусусиятлари
Президент Мурожаатномаси сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ниҳоятда катта аҳамиятга молик, моҳиятан ёндашганда, давлат ҳокимиятининг барча тармоқларига қаратилган дастурий ҳужжат ҳисобланади. Мурожаатномалар парламентимиз ўз фаолиятини янги Ўзбекистонга мос равишда ташкиллаштириши, халқ фаровонлигини ошириш, жамият ва давлатни узоқ муддатларда, жумладан, глобал иқтисодий инқироз даврида ҳам барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришда фаол бўлишини талаб этади.
Шу ўринда Президент Мурожаатномалари, бир йиллик давлат дастуридан фарқли ўлароқ, яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳамда энг муҳим вазифаларни қамраб олишини эътироф этиш керак. Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига олтинчи Мурожаатномаси жамият ва давлатни тараққий эттиришнинг яқин беш йиллик стратегик ҳужжатидир.
Айниқса, олтинчи Мурожаатнома бу борада орттирилган миллий тажриба ва кўп йиллик хорижий амалиётдан тубдан фарқ қилади. Янги Мурожаатнома муайян хусусиятларига кўра ғоят тарихий аҳамиятга эга.
Биринчи хусусияти — Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда жамиятимиз ва давлатимиз босиб ўтган катта тараққиёт йўли теран ҳамда холис таҳлил қилинди.
Иккинчи хусусияти — 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат истиқбол дастури тақдим этилди.
Учинчи хусусияти — “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Тўртинчи хусусияти — 2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди.
Бошқача айтганда, кейинги тўққиз йилдаги янги Ўзбекистон тажрибаси сифатида давлат раҳбарининг парламентга ва халқимизга Мурожаатномаси том маънода ҳаётий дастур, халқимизга ҳар томонлама манфаати тегадиган салмоқли сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат экани яна бир бор ис ботини топди.
Ўзбекистон Президентининг Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти, таъбир жоиз бўлса, бу борадаги энг илғор хорижий тажрибаларга нафақат мос ва мутаносиб сиёсий-ҳуқуқий тадбир, балки аксар ўринларда ҳатто намуна бўладиган яхши анъанага айланди дейишга барча асосларимиз бор.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: таҳлил ва ташаббус
Сўнгги тўққиз йилда халқимиз ва юртимиз тараққиёт пиллапоялари бўйлаб изчил юксалди. Миллий иқтисодиёт қайта шаклланди, қонун устуворлиги таъминланмоқда. Ижтимоий, маърифий ва ҳуқуқий соҳалар муттасил ривожланмоқда. Асосийси, шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз самараларини бермоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин”.
Ҳақиқатан, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини тиклашга қатъий бел боғлаганимиздан буён қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланди. Энг асосийси, барча соҳалар қатори қурилиш тармоғидаги улкан ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда.
Ватанимиз бўйлаб муҳташам ва фусункор, шинам ва ҳар томонлама қулай уйлар, бино ва иншоотлар қуриш борасида ақл бовар қилмайдиган тезкорлик билан ғоят улкан кўламлардаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий турар жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Айниқса, изчил ошиб бораётган инвестициявий жозибадорлик туфайли пойтахтимизда бунёдкорлик суръати янада жадаллашди. Кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлар, маданият ва спорт мажмуалари шаҳар имкониятларини кенгайтирмоқда. Янги Тошкент қурилиши бошланиб, иккиси замонавий мегаполисга айланмоқда. Пойтахтимизда ҳам автобус, ҳам метрополитен йўналишлари изчил кенгайтирилмоқда.
Юртимиз аҳолиси фаровонлиги ва турмуш маданиятини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларда — “сити”лар, қишлоқ жойларда эса “Янги Ўзбекистон” массивлари илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилмоқда. Янгича масканлардаги иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилмоқда. Бу, ўз навбатида, энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим омилдир.
Кейинги йилларда мамлакатимиз энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Бунда қарийб 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялар ишга туширилгани алоҳида эътиборга сазовор. Чунки тоза энергия ҳисобига табиий газ сарфи сезиларли камайиб, атмосферага зарарли моддалар чиқишининг олди олинмоқда.
2025 йилда иқлим ўзгариши билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, аграр сектор ривожида туб бурилиш ясашга муваффақ бўлинди. Пахта, ғалла ва мева-сабзавотчиликда янги навлар экиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришилди. Миришкор фермерларимиз пахтачиликда ҳосилдорликни ўртача 50-60 центнердан, уларнинг 1,5 минг нафари эса 70 центнердан оширган бўлса, ғаллачиликда 3,5 мингдан ортиқ тажрибали фермер ўртача 100 центнердан ҳосил олгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу тармоқлар ривожида янги давр бошланаётганидан далолат беради.
Ўз навбатида, биргина шу йилнинг ўзида мева-сабзавот етказиб берилган давлатлар сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етгани қишлоқ хўжалигида экспорт салоҳияти ҳам ортиб бораётганини кўрсатиб турибди. Эътиборлиси, ўз брендига асос солиб, юртимиз довруғини дунёга таратаётган тадбиркорлар доимо қўллаб-қувватланмоқда, чунки улар қўшимча қиймат яратиб, минглаб одамларни доимий даромадга эга қилмоқда. Шу маънода, Президентимизнинг: “Тадбиркорни қўллаб-қувватламасдан Янги Ўзбекистонни барпо қила олмаймиз”, деган сўзлари мутлақо асослидир.
Миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар самаралари, бир томондан, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш борасидаги имкониятларимизни янада мустаҳкамлаётган бўлса, иккинчи томондан, бу йўлдаги улкан ютуқларимиз дунё жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Президентимиз Мурожаатномада “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурар экан, ушбу амалий таклифни ҳар томонлама чуқур таҳлил ва қатъий исбот қилиб бергани жуда муҳим. Аслида, давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, бундан икки йил олдин ушбу стратегияни қабул қилганимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказиш белгилаб олинганди.
Шу қисқа даврда юртимизда амалга оширилган шиддатли янгиланишлар, бунёдкор халқимизнинг яратувчанлик меҳнати эвазига турли соҳаларда кўплаб салмоқли натижалар қўлга киритилди. Мавжуд салоҳиятимиз, ислоҳотларимиз, тадбиркорларимиз фаоллиги, хорижий шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз ўсиб бораётгани ҳисобига бу маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша олишимиз аён бўлиб турибди.
Коррупцияга қарши қатъий кураш эълон қилинди
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилди. 2026 йил коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили сифатида белгиланади.
“Такрор ва такрор айтаман: коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш — ислоҳотларга хиёнатдир”, деди Президентимиз.
Ҳар йили дунё бўйлаб коррупция сабабли тахминан 2,6 триллион доллар пул ўғирланади. Бу бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан ортиғига тенгдир. БМТ Тараққиёт дастурига кўра, ривожланаётган мамлакатлар коррупция оқибатида расмий ривожланиш дастурлари орқали олган ёрдамдан кўра ўн баравар кўпроқ пул йўқотади.
Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг ушбу соҳадаги “бош қонуни” бўлган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси эсланади. Мексиканинг Мерида шаҳрида 2003 йил 9 декабрда бўлиб ўтган конференцияда имзолаш учун очиқ деб эълон қилинган Коррупцияга қарши конвенцияга бугунги кунга қадар дунёнинг 192 та давлати қўшилган. Ўз навбатида, халқаро жамоатчилик томонидан 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь Жаҳон коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
БМТ конвенцияси коррупцияни маҳаллий муаммодан трансмиллий хавфсизлик масаласига айлантирди ва иштирокчи давлатлардан фақат жиноятчиларни жазолашни эмас, балки коррупциядан холи бўлган адолатли тизим яратишни талаб қилмоқда. Конвенция иштирокчиси сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. Ушбу чораларнинг барчаси юртимизда маиший коррупция даражасининг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлди.
Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижалари ҳам Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатмоқда. Коррупцияга қарши курашишдаги ижобий ишлар билан бирга ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Мурожаатномасида, жумладан, 2026 йилдан эътиборан:
- барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши;
- Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти йўлга қўйилиб, бюджет маблағлари талон-тарож қилиниши ва мансаб суиистеъмолчилигига қарши таъсирчан назорат ўрнатилиши;
- Президент Администрацияси Комплаенс хизмати 1 январдан барча давлат идораларида айни тизимни ишга тушириб, ҳар бир ҳолат юзасидан Президентга бевосита ахборот киритиб бориши белгилангани жуда муҳим.
Янада муҳими, қонун олдида ҳамма тенгдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Лавозимим бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар қаттиқ адашади. Ҳеч бир идора, ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир мансабдор назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг ишига тўсқинлик қилиш коррупцияга шериклик сифатида баҳоланади.
Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади
Янги Ўзбекистонни барпо этишда жамиятимиз ва давлатимиз “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган инсонпарвар ғояга амал қилмоқда. Маҳалла — жамиятнинг юзи. Мамлакатимиздаги барча ўзгаришлар, аввало, шу ерда ўз ифодасини топади. Президентимиз ташаббуси билан шундай тизим яратилдики, илгари жиддий деб ҳисоблаган кўплаб масалаларга ечим эндиликда айнан маҳалланинг ўзида топиляпти.
Шу маънода, мамлакатимизда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари ишонч билан қайд этганидек, “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”.
Президентимиз 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлишини таъкидлади. Шу боис, Мурожаатномада 2026 йили амалга ошириладиган қуйидаги энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур тақдим этилди:
- биринчи устувор йўналиш — маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш;
- иккинчи устувор йўналиш — иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш;
- учинчи устувор йўналиш — ички бозорда талабни рағбатлантириш;
- тўртинчи устувор йўналиш — касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш;
- бешинчи устувор йўналиш — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
- олтинчи устувор йўналиш — замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбари келгуси йилда маънавият соҳасини янада ривожлантириш, ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналарни кенг нишонлаш масалаларига ҳам тўхталди. Жумладан, 2026 йилда Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам қилинади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларини нишонлаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда. Президентимиз фахру ифтихор билан эътироф этганидек, “Биз — бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”.
Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори