Кейинги тўққиз йилда жамиятимиз ва давлатимиз катта тараққиёт йўлини бо­сиб ўтди. Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори миллий парламент тизи­мида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оши­рилди.

Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, ўт­ган тўққиз йил ичида Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси ва Сенати дунё парламент­ларига хос барча ижобий хусусиятларни ўзида қамраб олганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентнинг парламентга Му­рожаатнома тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилгани ушбу фикримизни тасдиқлай­диган ёрқин мисолдир.

Дунё тажрибаси аксарият тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий долзарб ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий масалалар ҳамда жамият­ни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш амалиёти мавжуд эканини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарининг парламент­га Мурожаатномаси — дастурий сиёсий- ҳуқуқий ҳужжат бўлиб:

  • биринчидан, Мурожаатномада Прези­дентнинг мамлакатни яқин истиқболда ри­вожлантиришга доир стратегик йўналиш­лар бўйича нуқтаи назари баён қилинади;
  • иккинчидан, Мурожаатнома сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бирга парламентнинг қонун ижод­корлиги фаолиятига тааллуқли аниқ так­лифларни ҳам ўзида акс эттиради;
  • учинчидан, Мурожаатнома жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъ­минлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.

Янада эътиборли жиҳати шундаки, бошқа мамлакатларда давлат раҳбарининг асосан парламентга Мурожаатнома тақдим этиш тажрибаси кузатилади. Янги Ўзбекистонда эса 2017 йилдан бошлаб ана шу янгича сиё­сий-ҳуқуқий амалиёт янада демократик ён­дашувлар билан бойитилиб, Президентнинг парламентга ва Ўзбекистон халқига Муро­жаатнома тақдим этиш тажрибаси амалиётга татбиқ этилди.

Ўзбекистон ҳаётидаги бу илғор сиёсий-ҳу­қуқий анъананинг қатор ижобий жиҳатлари бор. Жумладан, Президентимиз Мурожаатно­маларини нафақат парламент аъзолари, балки кенг жамоатчиликка ҳавола қилиб келмоқда.

Бу гал ҳам Мурожаатнома тақдимотида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депу­татлари ва Сенати аъзоларидан ташқари халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгаш­лари депутатлари, суд тизими раҳбарлари, ҳу­кумат аъзолари, давлат ташкилотлари, идора ва муассасалар раҳбарлари, илмий ва ишби­лармонлик доиралари намояндалари, фуқа­ролик жамияти фаоллари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари — қарийб 10 минг иштирокчи оф­лайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

Агар ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбир ҳар гал телевидение ва интернет каналлари орқали тўғридан тўғри намойиш этилаётга­нини эътиборга олсак, Президентимизнинг Мурожаатномаси бутун Ўзбекистон халқига бевосита мурожаат сифатида янада аҳамият­ли эканига шубҳа йўқ.

Ушбу ибратли анъана янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Президент Бош қонунимизга мувофиқ, “Ўз­бекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва таш­қи сиёсатини амалга оширишнинг энг му­ҳим масалалари юзасидан мурожаат қи­лиш ҳуқуқига эга”.

Давлатимиз раҳбари мазкур конститу­циявий норма талабларига риоя қилган ҳол­да сўнгги тўққиз йилда парламентимиз ва халқимизга олтинчи бор Мурожаатнома би­лан чиқди. Бу, ўз навбатида, Президентимиз Конституцияда муҳрланган ҳуқуқ ва эркин­ликларимиз кафили сифатида Конституция­га қатъий амал қилиш борасида барчамизга ўрнак ва намуна бўлиб келаётганига яққол далолатдир.

Бинобарин, Президент Бош қонуни­мизда белгиланганидек, “фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекис­тон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўз­бекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир”.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президен­ти янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизимидаги уч тармоқ — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини нечоғлиқ муваф­фақият билан таъминлаб келаётгани таҳсинга сазовор.

Ўтган даврда Ўзбекистонда ҳуқуқ ва ва­колатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди. Прези­дентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Олий Мажлисимиз энг кучли парламентлар­га хос бўлган барча назорат ваколатларига эга”.

Бунга амалий бир мисол: 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекис­тон Президентининг янги ташаббуси билан энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллаш ҳам парламент ваколатига ўтказилмоқда.

Ўзбекистон парламенти том маънода “халқ уйи”га айланиб бормоқда. Депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган бар­ча ташаббус ва режалар, сессияларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифалар моҳият эътиборига кўра, нафақат қонунларга кири­тилмоқда, айни чоғда Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатнома­ларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Олтинчи Мурожаатноманинг асосий хусусиятлари

Президент Мурожаатномаси сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ниҳоятда катта аҳамиятга молик, моҳиятан ёндашганда, давлат ҳоки­миятининг барча тармоқларига қаратилган дастурий ҳужжат ҳисобланади. Мурожаат­номалар парламентимиз ўз фаолиятини янги Ўзбекистонга мос равишда ташкиллаштири­ши, халқ фаровонлигини ошириш, жамият ва давлатни узоқ муддатларда, жумладан, глобал иқтисодий инқироз даврида ҳам бар­қарор ривожланишини таъминлаш борасида­ги вазифаларни бажаришда фаол бўлишини талаб этади.

Шу ўринда Президент Мурожаатнома­лари, бир йиллик давлат дастуридан фарқли ўлароқ, яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳамда энг муҳим ва­зифаларни қамраб олишини эътироф этиш керак. Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига олтинчи Му­рожаатномаси жамият ва давлатни тараққий эттиришнинг яқин беш йиллик стратегик ҳужжатидир.

Айниқса, олтинчи Мурожаатнома бу бо­рада орттирилган миллий тажриба ва кўп йиллик хорижий амалиётдан тубдан фарқ қи­лади. Янги Мурожаатнома муайян хусусият­ларига кўра ғоят тарихий аҳамиятга эга.

Биринчи хусусияти — Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда жамиятимиз ва давлати­миз босиб ўтган катта тараққиёт йўли теран ҳамда холис таҳлил қилинди.

Иккинчи хусусияти — 2026 йилда амал­га ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йў­налишдан иборат истиқбол дастури тақдим этилди.

Учинчи хусусияти — “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш та­шаббуси илгари сурилди.

Тўртинчи хусусияти — 2026 йил юр­тимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди.

Бошқача айтганда, кейинги тўққиз йил­даги янги Ўзбекистон тажрибаси сифа­тида давлат раҳбарининг парламентга ва халқимизга Мурожаатномаси том маънода ҳаётий дастур, халқимизга ҳар томонлама манфаати тегадиган салмоқли сиёсий-ҳу­қуқий ҳужжат экани яна бир бор ис ботини топди.

Ўзбекистон Президентининг Мурожаат­нома тақдим этиш амалиёти, таъбир жоиз бўлса, бу борадаги энг илғор хорижий таж­рибаларга нафақат мос ва мутаносиб сиёсий-ҳуқуқий тадбир, балки аксар ўринларда ҳатто намуна бўладиган яхши анъанага айланди дейишга барча асосларимиз бор.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: таҳлил ва ташаббус

Сўнгги тўққиз йилда халқимиз ва юрти­миз тараққиёт пиллапоялари бўйлаб изчил юксалди. Миллий иқтисодиёт қайта шакл­ланди, қонун устуворлиги таъминланмоқда. Ижтимоий, маърифий ва ҳуқуқий соҳалар муттасил ривожланмоқда. Асосийси, шид­датли ва қамровдор ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз самараларини бермоқда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижа­га айлантиришни ўргандик. Бунинг тас­диғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис мас­канлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-ло­гистика тизими, рақамли хизматлар мисо­лида яққол кўриш мумкин”.

Ҳақиқатан, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини тиклашга қатъий бел боғлага­нимиздан буён қурилиш соҳаси мамлакати­миз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланди. Энг асосийси, барча соҳалар қатори қурилиш тармоғидаги улкан ишлари­миз ҳам инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаё­тий манфаатларини таъминлашга қаратил­моқда.

Ватанимиз бўйлаб муҳташам ва фусун­кор, шинам ва ҳар томонлама қулай уйлар, бино ва иншоотлар қуриш борасида ақл бо­вар қилмайдиган тезкорлик билан ғоят улкан кўламлардаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий турар жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транс­порт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

Айниқса, изчил ошиб бораётган инвести­циявий жозибадорлик туфайли пойтахтимиз­да бунёдкорлик суръати янада жадаллашди. Кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, биз­нес марказлар, маданият ва спорт мажмуала­ри шаҳар имкониятларини кенгайтирмоқда. Янги Тошкент қурилиши бошланиб, иккиси замонавий мегаполисга айланмоқда. Пойтах­тимизда ҳам автобус, ҳам метрополитен йў­налишлари изчил кенгайтирилмоқда.

Юртимиз аҳолиси фаровонлиги ва тур­муш маданиятини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларда — “сити”лар, қишлоқ жойлар­да эса “Янги Ўзбекистон” массивлари илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилмоқда. Янгича масканлардаги иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиокол­лекторлар ўрнатилмоқда. Бу, ўз навбатида, энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, эко­логик хавфсизликни таъминлашда муҳим омилдир.

Кейинги йилларда мамлакатимиз энерге­тика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Бунда қа­рийб 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялар ишга туширилгани алоҳида эътиборга сазовор. Чунки тоза энергия ҳисобига табиий газ сар­фи сезиларли камайиб, атмосферага зарарли моддалар чиқишининг олди олинмоқда.

2025 йилда иқлим ўзгариши билан боғ­лиқ қийинчиликларга қарамай, аграр сектор ривожида туб бурилиш ясашга муваффақ бўлинди. Пахта, ғалла ва мева-сабзавотчи­ликда янги навлар экиш, замонавий агротех­нологияларни жорий этиш ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришилди. Миришкор фер­мерларимиз пахтачиликда ҳосилдорликни ўртача 50-60 центнердан, уларнинг 1,5 минг нафари эса 70 центнердан оширган бўлса, ғаллачиликда 3,5 мингдан ортиқ тажрибали фермер ўртача 100 центнердан ҳосил олга­ни, ҳеч шубҳасиз, ушбу тармоқлар ривожида янги давр бошланаётганидан далолат беради.

Ўз навбатида, биргина шу йилнинг ўзида мева-сабзавот етказиб берилган давлатлар сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етгани қишлоқ хўжалигида экспорт салоҳияти ҳам ортиб бо­раётганини кўрсатиб турибди. Эътиборлиси, ўз брендига асос солиб, юртимиз довруғи­ни дунёга таратаётган тадбиркорлар доимо қўллаб-қувватланмоқда, чунки улар қўшим­ча қиймат яратиб, минглаб одамларни дои­мий даромадга эга қилмоқда. Шу маънода, Президентимизнинг: “Тадбиркорни қўл­лаб-қувватламасдан Янги Ўзбекистонни барпо қила олмаймиз”, деган сўзлари мут­лақо асослидир.

Миллий иқтисодиётни барқарор ривож­лантириш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар самаралари, бир томондан, хал­қимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш борасидаги имкониятларимизни янада мустаҳкамлаётган бўлса, иккинчи то­мондан, бу йўлдаги улкан ютуқларимиз дунё жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Президентимиз Мурожаатномада “Ўз­бекистон — 2030” стратегиясини қайта кў­риб чиқиш ташаббусини илгари сурар экан, ушбу амалий таклифни ҳар томонлама чу­қур таҳлил ва қатъий исбот қилиб бергани жуда муҳим. Аслида, давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, бундан икки йил олдин ушбу стратегияни қабул қилганимиз­да ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга­ча 160 миллиард долларга етказиш белгилаб олинганди.

Шу қисқа даврда юртимизда амалга оши­рилган шиддатли янгиланишлар, бунёдкор халқимизнинг яратувчанлик меҳнати эвазига турли соҳаларда кўплаб салмоқли натижалар қўлга киритилди. Мавжуд салоҳиятимиз, ис­лоҳотларимиз, тадбиркорларимиз фаоллиги, хорижий шерикларимиз билан ҳамкорлиги­миз ўсиб бораётгани ҳисобига бу маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша олиши­миз аён бўлиб турибди.

Коррупцияга қарши қатъий кураш эълон қилинди

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилди. 2026 йил коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили сифатида белгиланади.

Такрор ва такрор айтаман: корруп­ция — давлат тараққиётига тўсиқ бўлади­ган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган энг жиддий таҳдид. Корруп­цияга йўл қўйиш — ислоҳотларга хиёнат­дир”, деди Президентимиз.

Ҳар йили дунё бўйлаб коррупция сабаб­ли тахминан 2,6 триллион доллар пул ўғир­ланади. Бу бутун дунё ялпи ички маҳсуло­тининг 5 фоизидан ортиғига тенгдир. БМТ Тараққиёт дастурига кўра, ривожланаётган мамлакатлар коррупция оқибатида расмий ривожланиш дастурлари орқали олган ёр­дамдан кўра ўн баравар кўпроқ пул йўқотади.

Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг ушбу соҳадаги “бош қонуни” бўлган БМТ­нинг Коррупцияга қарши конвенцияси эсла­нади. Мексиканинг Мерида шаҳрида 2003 йил 9 декабрда бўлиб ўтган конференцияда имзолаш учун очиқ деб эълон қилинган Кор­рупцияга қарши конвенцияга бугунги кунга қадар дунёнинг 192 та давлати қўшилган. Ўз навбатида, халқаро жамоатчилик томонидан 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь Жаҳон кор­рупцияга қарши кураш куни сифатида ни­шонланиб келинмоқда.

БМТ конвенцияси коррупцияни маҳал­лий муаммодан трансмиллий хавфсизлик масаласига айлантирди ва иштирокчи дав­латлардан фақат жиноятчиларни жазолаш­ни эмас, балки коррупциядан холи бўлган адолатли тизим яратишни талаб қилмоқда. Конвенция иштирокчиси сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амал­га оширилмоқда.

Мамлакатимизда давлат бошқарувида бю­рократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали корруп­цияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизмат­ларини соддалаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркор­ларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатни талаб қи­лиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. Ушбу чораларнинг барчаси юртимизда маи­ший коррупция даражасининг сезиларли да­ражада пасайишига сабаб бўлди.

Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижала­ри ҳам Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатмоқда. Коррупцияга қарши курашишдаги ижобий ишлар билан бирга ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Мурожаатномасида, жумладан, 2026 йилдан эътиборан:

  • барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъ­ул ўринбосар лавозими жорий этилиши;
  • Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти йўлга қўйилиб, бюджет маблағлари талон-та­рож қилиниши ва мансаб суиистеъмолчили­гига қарши таъсирчан назорат ўрнатилиши;
  • Президент Администрацияси Комп­лаенс хизмати 1 январдан барча давлат идо­раларида айни тизимни ишга тушириб, ҳар бир ҳолат юзасидан Президентга бевосита ахборот киритиб бориши белгилангани жуда муҳим.

Янада муҳими, қонун олдида ҳамма тенг­дир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айт­ганда, “Лавозимим бор, менга ҳеч ким тег­майди”, деганлар қаттиқ адашади. Ҳеч бир идора, ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир мансабдор назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хиз­матининг ишига тўсқинлик қилиш корруп­цияга шериклик сифатида баҳоланади.

Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади

Янги Ўзбекистонни барпо этишда жа­миятимиз ва давлатимиз “Халқ давлат идо­раларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган инсонпарвар ғояга амал қилмоқда. Маҳалла — жамият­нинг юзи. Мамлакатимиздаги барча ўзгариш­лар, аввало, шу ерда ўз ифодасини топади. Президентимиз ташаббуси билан шундай тизим яратилдики, илгари жиддий деб ҳисоб­лаган кўплаб масалаларга ечим эндиликда айнан маҳалланинг ўзида топиляпти.

Шу маънода, мамлакатимизда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамият­ни юксалтириш йили” деб эълон қилингани бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари ишонч билан қайд этганидек, “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”.

Президентимиз 2026 йил давлат бошқа­руви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқ­лари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлишини таъкидлади. Шу боис, Муро­жаатномада 2026 йили амалга ошириладиган қуйидаги энг муҳим 6 та устувор йўналиш­дан иборат дастур тақдим этилди:

  • биринчи устувор йўналиш — маҳал­ла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш;
  • иккинчи устувор йўналиш — иқтисо­диётни технологик ва инновацион ўсиш мо­делига ўтказиш;
  • учинчи устувор йўналиш — ички бо­зорда талабни рағбатлантириш;
  • тўртинчи устувор йўналиш — касб­ларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш;
  • бешинчи устувор йўналиш — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
  • олтинчи устувор йўналиш — замона­вий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом этти­ришдан иборат.

Давлатимиз раҳбари келгуси йилда маъ­навият соҳасини янада ривожлантириш, ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим са­наларни кенг нишонлаш масалаларига ҳам тўхталди. Жумладан, 2026 йилда Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам қилинади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий бобола­римизнинг қутлуғ таваллуд айёмларини ни­шонлаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, жонажон Вата­нимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижти­моий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда. Президентимиз фахру ифтихор билан эъти­роф этганидек, “Биз — бугун 38 миллион­дан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан да­дил бораётган, матонатли ва ғурури ба­ланд миллатмиз. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳна­тимиз билан яратамиз”.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори