UNWTO Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси У. Шодиев, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Х.Раҳметов ва Италиянинг "Arsenale Group" компанияси бош директори П.Барлетта ўртасида англашинув Меморандуми имзоланди. 

Унга кўра, 2026 йил охиридан бошлаб Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ўртасида "Luxury Train Cruising" сайёҳлик поезди қатнови йўлга қўйилади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда. 

“Ушбу ҳамкорликдан мақсад Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий меросини бутун дунёга танитиш, ички ва ташқи туризмни янада ривожлантиришдир, — деди Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев. — Янги сайёҳлик поезди туристлар учун юртимизнинг тарихий обидаларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади”.

"Ўзбекистон қизиқарли меъморий обидалар, қимматли тарихий меросга эга, шунинг учун ҳам ҳамкорлик мақсадида айнан юртингизни танладик, — деди П.Барлетта. – Темир йўл қатнови, транспорт туризмнинг келажагида муҳим аҳамиятга эга. Бугунги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий бойликларини кашф этишга ёрдам беради”.