Масалан, олтинни қайта ишлаш учун яратилган шароитлар туфайли заргарлик саноатида ўтган йилнинг ўзида 3,3 карра ўсиш бўлиб, 13 триллион сўмлик маҳсулот чиқарилди. Бу йил ҳам 1,3 баробар ўсиш режа қилинган.

Электротехника тармоғида ҳам йилига 160 минг тонна мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари бор. Лекин ўтган йили корхоналарга 92 минг тонна мис берилган. Қазиб олиш ҳажмини, рудадан олинадиган мис улушини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун 57 та махсус техника олиб келиб, руда қазиб олишни 46 миллиондан 64 миллион тоннага ошириш, маҳаллий корхоналар учун биржага ҳар ой камида 10 минг тонна мис чиқариш топширилди.

Электротехника корхоналари ўтган йили 27 миллиард сўмлик имтиёздан фойдаланиб, экспортни 83 миллион долларга, буджетга тушумни 46 миллиард сўмга оширган. Улар ўзимизда бўлмаган алюмин катанкани импорт божи бўйича имтиёз муддатини узайтиришни сўраган.

Худди шундай заргарлик саноати учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга, металлургия саноати учун юқори ҳароратга чидамли бўёқларга, озиқ-овқат корхоналари фойдаланадиган цитрус концентратларига ҳам бож белгиланган. Мутасаддиларга маҳаллий корхоналар учун хомашё импортига божларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.

Гилам ишлаб чиқарувчиларга кафолатли хомашё базаси яратилгани учун уч йилда соҳада экспорт 2 карра ошди. Ёки мебелчилар учун ёғоч олиб келишга енгиллик қилиб берилгани ҳисобига бу тармоқда ҳам икки йилда ишлаб чиқариш 1,4 баробар кўпайди.

Мебелчилар полимер, эшик-ромчилар алюмин хомашёсини, маиший кимё корхоналари пигмент ва ароматизатор, умуман, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини қадоқлаш учун қоғоз ва картон захирасини яратиш масаласини кўтарган.

Ташқи бозорда хомашё арзон пайтда захира қилиш учун имтиёзли ресурс бўлса, ташиш харажатининг бир қисми қопланса, бундай тармоқлар ҳам иқтисодий ўсишга катта туртки беради.

Давлатимиз раҳбари кичик корхоналарнинг хомашёга эҳтиёжини аниқлаб, қайси давлатдан, қанча миқдорда ва қандай нархда олиб келиши, транспорт харажатини ҳисоб-китоб қилиб, хомашё захирасини шакллантириш вазифасини қўйди.