Давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга жамоатчиликни кенг жалб этишга қаратилган янгича ёндашувлар ўз самарасини кўрсата бошлади. Бунда “Очиқ бюждет” ахборот портали, ”Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг ҳаётга тадбиқ этилиши адолат ва шаффофлик сари ташланган муҳим қадам сифатида намоён бўляпти.
Маълумки, 2021 йилда мазкур жараёнда 41 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган бўлса, уларни ёқлаб 1,1 миллион аҳоли овоз беришда иштирок этди. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, умумий қиймати 407,1 миллиард сўм бўлган 1 594 та таклиф ғолиб деб топилиб, давлат харидлари тамойиллари асосида аниқланган пудратчилар томонидан тегишли ишлар амалга ошириляпти.
Куни кеча Молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил биринчи ярим йиллик мавсуми учун ғолиблар тасдиқланганини эълон қилди. 69 700 та ташаббусга жами 6 718 133 та овоз йиғилган. Улар орасидан 2215 та ташаббус ғолиб деб топилди.
МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒ САЛМОҒИ ОРМОҚДА
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан амалдаги механизм янада такомиллаштирилиб, ўтган йилдан бошлаб туман ва шаҳар бюджетлари харажатларининг 5 фоизи бевосита фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга йўналтирилиши белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, жойларда фуқарорларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсадларига ажратилаётган қўшимча даромадларнинг 10 фоизлик миқдори 30 фоизга кўтарилди.
Мазкур жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирок этиши ўз ҳудудларидаги мавжуд долзарб муаммоларни бартараф этилишида ҳамда бюджет маблағларини тўғри тақсимланишида ўз ҳиссаларинини қўшишларига кенг имкониятлар яратади.
Чунки, биринчи навбатда, киритилаётган таклифда кўрсатилган муаммо умумий характерга эга бўлиши ва ўзида шахсий эҳтиёж билан боғлиқ талабларни акс эттирмаслиги лозим, — дейди Молия вазирлиги департамент бошлиғи Шерзод Муҳаммедов. — Мисол учун, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини, ёритиш тизимини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, оқова сув тизимини тартибга келтириш, болалар ёки спорт майдончаларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ёки моддий техник базасини шакллантириш каби таклифлар инобатга олинади.
Идоравий (маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат органларининг бинолари ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига, шу жумладан, уларнинг бошқа эҳтиёжларини қоплашга қаратилган) ёки шахсий хусусиятга (турар жой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш) эга таклифлар эса инобатга олинмайди.
2022 йилда ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 4 баробарга оширилди. Яъни туман, шаҳарларда тасдиқланган бюджетларнинг 5 фоизининг ўзи 1,5 триллион сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Бундан ташқари, қўшимча манбаларининг 30 фоизи ҳам ташаббусли бюджет учун йўналтирилади.
ОВОЗ БЕРИШ ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛЯПТИ?
Амалдаги тамойилга кўра, ташаббусли бюджет жараёнлари ҳар йили икки марта, 3 босқичда амалга оширилади. Хусусан, биринчи ярим йиллигини 1 февралдан - 1 апрелгача, унинг иккинчи мавсумини эса 15 июлдан - 5 сентябргача ўтказиш режалаштирилган.
Ҳар бир мавсумнинг биринчи босқичида фуқаролар ўз таклифларини илгари суришади, иккинчисида билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз беришга қўйилади.
— Қайд этиш жоиз, саралаш босқичидан ўтган барча таклифларга овоз бериш имконияти берилади, — дейди Молия вазирлиги масъул ходими Азим Ҳасанов. — Бунда, ҳар бир таклифнинг ўз саҳифасида “овоз бериш” тугмаси бўлиб, уни қўллаб-қувватламоқчи бўлган фуқаролар ушбу тугмани босиш орқали фақат бир маротаба овоз беришлари мумкин. Бу жараён 2 хил усул билан: “Очиқ бюджет” порталида рўйхатдан ўтган ҳолда ҳамда СМС хизмати орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бевосита ўзи истаган манзил, шу билан бирга, умуман бошқа ҳудуд бўйича иштирок этиб ҳам ташаббускор бўлиши имконияти ҳам бор. Бу эса маълум бир таклиф ғолиб деб топилиши учун айнан ўша манзилда истиқомат қиладиган ёки рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этиши лозим деган чекловни рад этади. Аммо бир фуқаро фақатгина битта лойиҳани қўллаб-қувватлай олади.
Ушбу жараён дастлаб One ID тизими орқали йўлга қўйилган эди. Соддалаштириш мақсадида фуқароларимиздан фақат телефон рақамларига боғланган ҳолда рўйхатдан ўтиш тизимини жорий қилдик. Бу аноним таклифлар ёки сунъий тарзда овозларнинг кўпайиб кетишнинг олдини олади. Натижада фуқарода битта жараёнда битта таклиф киритиш имконияти мавжуд бўлади. Агар биз телефон рақами орқали назоратни олиб ташлайдиган бўлсак, бир фуқаро юзлаб таклифларни киритиши ёки овоз бериши мумкин бўлади. Шу боис адолат принципидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаронинг бир марта таклиф киритиши ва овоз бериши жараёни йўлга қўйилди.
Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг ўзида энг кўп овоз тўплаган таклифлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда “ғолиб” аниқланади. Оддий қилиб айтганда, таклифларга қанчалик кўп овоз тўпланса, ютиш имконияти ортади ва энг кўп овоз олганлари юқоридан пастга қараб саралаб олинади.
Овоз бериш жараёни якунларига кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали автоматик равишда ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар асосида “ғолиб”ларни аниқлайди ва муаллифининг шахсий кабинети орқали ҳамда мобил телефон рақамига бу хақда хабар юборилади.
БИРИНЧИ МАВСУМ ҚАНДАЙ КЕЧДИ?
Жорий йилнинг биринчи мавсуми учун фуқаролар томонидан таклифлар 1 февралдан 22 февралгача қабул қилинган. Илгари сурилган ташаббуслар модераторлар томонидан кўриб чиқилгач, овоз бериш жараёни 5 мартдан 1 апрелгача давом этди.
Молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, жараён жуда қизғин кечди ва фуқароларнинг давлат пуллари қандай ишлатилишига бефарқ эмаслиги, бюджетдан қандай фойдаланилиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатишни ўргана бошлаганини кўрсатди.
Ҳар бир маҳалла ва овулда “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобил” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги” ташкил этилди.
Фаол ва ўз ҳудудига бефарқ бўлмаган фидойи инсонлар таклиф этган ташаббуслари бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқди. Жойларда тарғиботнинг турлича усуллари қўлланиб, маҳалла раислари ва фаоллари ғолиб бўлиш учун уйма-уй юриб муайян лойиҳага овоз беришга ундалган ҳоллар ҳам бўлди. Ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда таклифлар кўпроқ овоз олиши ва ғолиб бўлиши учун ҳар битта овозга пул мукофоти таклиф қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди...
Буларнинг ҳаммаси кишиларимизнинг бюджет маблағларининг сарфланишига бефарқ бўлмай, ҳар бир тийиннинг мақсадли ишлатилишига дахлдорлиги шаклланиб бораётганидан далолат беради.
Жорий йил дастлабки мавасуми якунларига кўра, 69 700 та ташаббусга жами 6 718 133 та овоз йиғилиб, улар орасидан 2215 таси ғолиб деб топилди. Уларнинг барчасига доир маълумотлар билан “Очиқ бюджет” портали орқали танишиш мумкин. Мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун бюджетдан 1,1 триллион сўм маблағ ажратилган.
Яна бир эътиборли томони, ғолиб бўлган лойиҳалар иштирокчилари ўз ғалабаларини катта хурсандчилик билан кутиб олди. Айрим маҳалларда карнай-сурнай, бошқаларида салют отиб нишонланаётгани ҳам буни кўрсатиб турибди.
“Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсуми июль ойида старт олади. Унда ҳам мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаро ташаббускор ва овоз берувчи бўлиши мумкин. Биринчи мавсумда иштирок этган ва етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар долзарблигини йўқотмаган бўлса, иккинчи мавсумда такроран илгари сурилиши мумкин.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи