Қарорга кўра, халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2026 йилдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳаларни депутатлар ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
Бунда:
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлайди;
- депутатлар томонидан танланган лойиҳалар «Очиқ бюджет» ахборот порталида автоматик равишда ғолиб деб топилади ва ушбу лойиҳалар республика бюджетидан молиялаштирилади.
- Порталда депутат ташаббуси асосида молиялаштириладиган лойиҳалар учун алоҳида саҳифа ташкил этилиб, шу турдаги барча лойиҳаларнинг жамоатчилик учун очиқ рўйхати юритилади.
Ушбу харажатларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга бир йилда икки мавсум учун базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг баравари миқдорида (амалда 3,3 млрд сўм) маблағ ҳар йилги Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида назарда тутилади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.