Барига қўл силтаб, бошқа иш қилмоқчи бўлди. Аммо режасидан таниш-билишлар хабар топган, энди эшитган қулоққа яхшимас. Яна бошлаган ишидан ортга чекинишга одатланмаган. Орият устида ҳаракатдан тўхтамади. Масъул раҳбарлар қабулига кирди. Мақсадини тушунтириб, лойиҳасини тақдим этди. Маъқул кўрилди.
Орадан кўп ўтмай, унга тайёр токзорни беришга қарор қилинди. Буни эшитган Фаррух ака мамнун бўлди. Демак, катта боғ ишониб топширилар экан, ишончни оқлаш лозим. Албатта, келгусида тонналаб ҳосил етиштириб, боғни янада кўркам қилади. Шу ўйда ҳужжатларни тайёрлади. Иш тезлашиб кетди.
Орадан икки кун ўтди. “Фаррухбек Турдиали ота набираси” фермер хўжалиги учун боғ ажратилди. Қулай жиҳати боғ ўзи вояга етган Шаҳрисабз туманининг Қутчи қишлоғи яқинида эди. Хушхабардан кўнгли кўтарилган фермер далага йўл олди. Аммо айтилган ерга келиб, ҳайратдан ёқа ушлади. Адашдим шекилли, деган ўйда қўлидаги ҳужжатга илова қилинган харитага қаради. Худди шу жой кўрсатилган. Афсуски, токзордан асар йўқ эди. Далани кўздан кечириб, бир пайтлар яшнаган ток ўрнида қуруқ тўнкаларни кўрди. Ҳафсаласиз бир аҳволда ўтириб қолди. Нима қилишни билмасди. Оламжаҳон орзуси бир дақиқада пучга чиқди. Аввалроқ суриштирганида баъзилар боғ борлигини айтганди. Балки улар ҳам анча олдин кўрган, ҳозирги вазиятдан бехабар бўлса керак.
Анча муддат тушкун кайфиятда ўтирди. Ўзича чора излади. Кимдан маслаҳат олишни ўйлади. Ортга қайтишга эса андиша қилди. Охири: “Нима бўлса бўлар, шу ташландиқ жойда боғ барпо этаман, кўрганлар лол қолсин”, деган шаҳд билан ўрнидан турди.
Шундай ишга киришди. Дастлаб трактор олиб келиб, майдонни тозалатди. Эски боғдан қолган шох-шаббаларни териб чиқди. Бир ҳафта меҳнат қилиб, атрофни бинойидек ҳолатга келтирди. Энди ер ҳайдаб, дарахт экишга ҳозирлик кўрадиган бўлди. Майдоннинг бир қисмида иссиқхона қуриб, лимон экишни режалаштирди. Баҳор яқинлашиб қолгани боис, тезроқ ҳаракат қилиш лозим эди. Фаррух ака тиним билмай ишлади. Ниҳол экиш мавсумигача ер тайёр бўлди. Танишларидан суриштириб, узум, анор, гилос, олма ва ёнғоқ кўчатларини олиб келди. Ўзи бош бўлиб, фарзандлари билан бирга экди. Ҳисоблаб кўрса, 5000 га яқин кўчат ўтқазибди. Энди буни кўкартириш лозим, аммо осон бўлмаслиги аниқ. Яқин атрофдагилар ҳам бу ерда ниҳолни кўкартириш мушкул эканини айтди. Имкони бўлса, боғ қилишга беҳуда вақт сарфламасликни маслаҳат берди.
Баҳор серёғин келгани ниҳоллар учун яхши бўлди. Саратон бошлангач, фермернинг хавотири ортди. Қўлига челак олиб, сув ташишга киришди. Кўчатларнинг ҳар бирини эринмай суғорди. Эрта тонгдан тунга қадар сув ташиш билан вақт ўтказди. Ҳар бир ниҳол билан тиллашиб, ҳол-аҳволидан хабардор бўлди. Жазирамадан талафотсиз ўтиб олгач, кўнгли хотиржам тортди. Яшнаб турган ниҳолларга қараб, машаққати унутилди. Кейинги йилда эса ариқ қазиб сув келтирди.
— Киши мақсади сари интилса, ҳар қандай оғир ишни ҳам уддалаши мумкин, — дейди Фаррух Пўлатов. — Бугун боғни кўрган киши албатта қойил қолади. Тўрт йил олдин экилган ниҳоллар тўлиқ ҳосилга кирди. Шунга яраша даромад келтирмоқда. Жумладан, ўтган йили биринчи ҳосилнинг ўзидан 20 тоннага яқин узум олдик. Беш тонна гилос, 4 тонна олхўри, 3 тоннага яқин анор, 2 тонна лимон етиштирдик. Умумий ҳисобда 600 миллион сўмга яқин даромад топдик. Натижада бозорларимизни обод қилишга, эл дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўша бошладик. Беш киши доимий иш билан таъминланди. 50-60 кишини мавсумий ишларга жалб этяпмиз. Жорий йилда янги лойиҳаларни ишга туширяпмиз. Айни пайтда яна бир иссиқхона қурдик. Унда асосан мандарин, апельсин каби цитрус мевали кўчатлар ўтқазилди. Шу билан бирга, ниҳоллар орасига қулупнай экдик. Келгуси йилда яна битта иссиқхона қуриш режамизда бор.
Кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари сифатида Фаррух Пўлатов ташландиқ ерда боғ барпо этиб, ўтган йилнинг ўзида 600 миллион, жорий йилда эса 800 миллион сўмга яқин маблағ ишлаб топди. Бундан ташқари, ўтган йилдан бошлаб асалари боқишни йўлга қўйган. Кўчатчилик билан ҳам шуғулланяпти. Бу йил жорий кузги мавсумда 20 минг туп кўчатни сотишга ҳозирлик кўрмоқда.
— Боғдорчиликка болалигимдан қизиқаман, — дейди фермер. — Шу сабаб кўчатчиликни ҳам йўлга қўйдик. Ҳар бир ниҳолни ўзим пайванд қилиб, кўпайтиряпман. Эртага ўзим етиштирган ниҳоллар турли жойларда мева бериб, атрофни яшилликка буркаса, қувонаман.
Китоб ўқиган, дарахт эккан кишининг қалбида эзгулик бўлади. Фақат яхшилик улашишга интилади. Яна бир гап. Фаррух ака нафақат далада, балки томорқасида ҳам бир қарич ерни бўш қолдиргани йўқ. Олти сотихли ҳовлисида хурмо, анор, олма экиб яхшигина ҳосил олмоқда. Ҳовлида етиштирилган меваларнинг даромади фарзандларининг ўқиши учун ажратилган. Бундан ташқари, фермер ўз ҳисобидан қишлоқдаги мактабнинг аълочи ўқувчилари учун ойлик стипендия ҳам жорий этган. Бу эса ёш авлоднинг билим олишга қизиқишини оширмоқда. Ўтган йили Фаррух Пўлатов оиласи вилоят миқёсида “Энг намунали оила” сифатида эътироф этилди.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири