Тақдир тақозоси туфайли “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яқинларининг меҳрига маҳтал бўлиб умргузаронлик қилаётган юртдошларимиз алоҳида диққат-эътиборда. Улар тўлиқ давлат таъминотига олинган.

Аслида, бундай эзгу ишлар асрлар давомида юртимиз аҳли учун ҳавас қилишга арзигулик анъана бўлиб келган. Ушбу қадрият бугунги кунда янги кўриниш ва замонавий мазмун-моҳиятни ўзида мужассамлаштирган шаклларда қайта жонланди. Янада сайқалланди, ривожланди, такомиллашди. Бунга эса Президентимизнинг кенг қамров саъй-ҳаракатлари туртки бўлмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳрида жойлашган “Саховат” интернат уйида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳолидан хабар олди. Улар билан самимий мулоқотда бўлди. Ушбу масканда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, улар учун яратилаётган қулайликлар, имкониятлар тўғрисида сўз юритилди. Президентимизнинг муассасага ташрифидан васийликка олинганлар ниҳоятда мамнунлик изҳор этди. Чунки қарийб тўрт йилдан буён уларни қийнаб келаётган муаммолар ижобий ҳал этиладиган бўлди. Жумладан, тўрт ой ичида “Саховат” интернат уйи учун янги бино қуриб берилади. Шу тариқа мазкур даргоҳда тўлиқ давлат таъминотига олинган фуқароларни Фарғона вилоятидаги шундай муассасага кўчириш хусусидаги гап-сўзларга чек қўйилди. Нуронийлар бундан жуда миннатдор бўлди, қувонди. Суҳбат давомида азалий қадриятларимиздан саналган, нуроний отахон ҳамда онахонларни эъзозлаш, ҳурматини янада юқори даражага кўтаришдек масъулиятли ва шарафли вазифаларни бажариш кун тартибига қўйилди.

Шунингдек, Президентимиз пойтахтимиздаги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига ҳам борди. Ётоқхона ва даволаш хоналарида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Бу ердаги нуронийлар билан учрашди, дилдан суҳбатлашди. Пансионат ёнида боғ барпо этиш, бундай масканларда фаолият юритувчи тиббий ходимлар маошини ошириш масаласини ҳам алоҳида кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Маданият ходимлари, хонандалар мунтазам кўнгилочар тадбирлар ўтказиши, Ёзувчилар уюшмаси янги китоблар тақдим этиши, турли маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этиши лозимлиги қайд этилди. Бундай эътибордан васийликка олинганлар беҳад мамнун бўлди.

Тарихий воқеага айланган мазкур ташриф доирасида видеоконференция тарзида учрашув бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ижтимоий муассасалар, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 34 та “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари раҳбарлари иштирок этди. Мамлакатимиздаги “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги шароитлар, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Вазирлар, ҳокимларнинг ҳисоботи тингланди. “Саховат” интернат уйларидаги тиббий ускуна ва жиҳозларни янгилаш, замонавий физиотерапия бўлимлари ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди. Васийликка олинганларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган самарали ишларни бажариш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш кераклиги қайд этилди. Тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш масаласида қатор муҳим вазифалар белгиланди. Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шу боис, агентлик ҳамда унинг ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлинмалари, туман (шаҳар) шўъбалари зиммасига юклатилган шундай шарафли ва ўта масъулиятли вазифани бажаришга киришган. Ўз олдига аниқ мақсадларни белгилаб олган. Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида қайта ташкил этиш борасида жадал саъй-ҳаракатлар олиб борилади. Агентликни кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишдаги ваколатли давлат органи этиб белгилаш вазифасини бажаришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва ижроси ўз вақтида таъминланади.

“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошига юз фоиз устама тўлаш тартиби жорий этилади. Мазкур муассасалардаги кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланади. Бунинг учун эса ушбу шахсларнинг озиқ-овқат ва дори-дармон таъминоти учун ажратиладиган маблағ миқдорини ошириш ҳамда бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш масаласида қатор самарали таклифлар тайёрланади ва ўз вақтида амалиётга жорий этилади.

Мамлакатимиздаги ҳар бир “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйидаги шарт-шароит ўрганилади. Қўшимча бино қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, моддий-техник базасини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун янги бино қуриш ва ушбу муассасага туташ уч гектар ташландиқ ерда “Нуронийлар” боғи бунёд этилади. “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида қўшимча ва ёрдамчи вазифалар, яъни таом тайёрлаш, кир ювиш, тозалаш, техник хизмат кўрсатиш, ахборот-комуникация таъминотини ташкиллаштиришда аутсорсинг хизматидан фойдаланиш қамрови кенгайтирилади.

2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Тахиатош” санаторийси, Жиззах вилоятидаги ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази, Навоий вилоятидаги Нурота “Мурувват” интернат уйи, Наманган вилоятидаги “Косонсой” санаторийси, Тошкент шаҳридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилади.

Аслида, мазкур тиббий-ижтимоий муассасалар қурилиш-реконструкция ишларини амалга ошириш бўйича манзилли дастурларга киритилган эди. Аммо муайян сабаблар туфайли ишлар белгиланган муддатларда бажарилмади. Жиззах вилоятидаги “Маржонсуви” санаторийси, Самарқанд вилоятидаги Ургут “Мурувват” интернат уйи, Тошкент вилоятидаги “Товоқсой” санаторийси ҳамда Тошкент шаҳридаги “Мурувват” интернат уйида аҳвол оғир. Гарчи манзилли дастурларда назарда тутилмаган бўлса-да, уларда 2022-2023 йилларда қурилиш-реконструкция ишларини бажариш белгилаб олинди. Андижон, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида 2022-2023 йилларда уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳаллий санаториялар ташкил этилади. “Саховат” уйларининг ҳар бири автобуслар билан таъминланади. Автобус хизматлари йўлга қўйилади ва кексалар режали тартибда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга олиб борилади. Бу эса, нуроний отахон ва мунис онахонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатлигини мустаҳкамлаб олиши, ҳаётини мазмунли ўтказишида муҳимдир.

Қолаверса, тиббий реабилитация тизимини тубдан яхшилаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ҳамда соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Бу муассасалар туман (шаҳар) бирламчи тиббий-санитария хизмати муассасалари, ҳудудий тиббиёт бирлашмалари, Тошкент шаҳридаги илмий-амалий марказларига номма-ном бириктирилди. Мазкур муассасаларда давлат таъминотига олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлик кўрсаткичи алоҳида дастур асосида мунтазам баҳолаб борилади. Уларни ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига бириктириш ва шу орқали давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштиришни йўлга қўйиш, ҳар йили бир марта республикадаги энг яхши санаторийларга бепул йўлланма бериш назарда тутилган.

Агентлик тасарруфидаги барча тиббий-ижтимоий муассасалар, яъни санаторийлар ва реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари фаолияти чуқур таҳлил қилинади. Уларга эътибор кучайтирилади. Улардаги муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиш чоралари кўрилади. Шунингдек, тизимли тарзда маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, турли тўгараклар ташкил қилинади. Шоир-ёзувчилар, актёрлар билан ижодий учрашувлар ўтказилади. Халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ходимлари билан ҳамкорликда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат таъминотига олинганларнинг ҳаёт кечириш сифатини яхшилашга эришилади.

Айни пайтда ҳукумат томонидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласида амалий ҳаракатлар бошланган.

Юртимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг мавжуд барқарор механизми жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, вақтинча ишсизлар ва бошқа ёрдамга эҳтиёжманд аҳоли вакилларига манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишга қаратилади.

Алишер ИНОҚОВ,

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори