Таъкидлаш жоиз, ТИВ Оҳангарон шаҳрига бириктирилган.

Вазирлик раҳбарияти ва масъул ходимларининг Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан музокаралар ўтказиш мақсадида уюштирган қатор ташрифлари натижасида 21 маҳалладаги ижтимоий муаммолар атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ишлар изчил тарзда амалга оширилмоқда.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига зарур техника ва жиҳозлар етказиш мақсадида 4 та хайрия тадбири ташкил этилди. Натижада Оҳангарон шаҳрининг 8 мингга яқин аҳолисига беғараз кўмак берилди.

Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 213 нафар имконияти чекланган кишига хайрия ёрдами кўрсатилди. Хусусан, “Янгиобод” маҳалласида жойлашган 7-сонли ногирон болалар ўрта махсус мактабига 3 дона ногиронлар аравачаси ва 7 дона юришга ёрдам берувчи мослама, 10 дона махсус парта, 6 дона компьютер тўплами, 3 дона проектор, 2 дона электрон доска, принтер ва китоблар тақдим этилди. “Янгилик” маҳалласида жойлашган 4-сон ихтисослаштирилган болалар боғчасига 2 дона ногиронлик аравачаси берилди.

Шунингдек, «Бирлик», «Янгилик», «Хонобод», «Навбаҳор», «Ёшлик», «Ватан», «Мустақиллик», «Адолат», «Орзу», «Шодлик», «Дўстлик» маҳаллаларига 15 дона ногиронлар аравачаси ва 12 дона  юришга ёрдам берувчи мослама топширилди.

Ўз навбатида, умумтаълим мактаб ўқувчиларига ўзбек, рус, инглиз ва бошқа тилларда нашр қилинган 1000 га яқин китоб, компьютер тўпламлари, шунингдек, Оҳангарон халқ таълими бошқармасига COVID-19ни аниқлайдиган экспресс тестлар етказилди.

Акция доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчилари томонидан 4-сонли мактаб ўқувчиларига “Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан халқаро алоқалари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Шу билан бирга, университет профессор-ўқитувчилари томонидан 4-сонли мактаб ўқитувчилари учун замонавий педагогика бўйича тренинг ўтказилди. Бундан ташқари, Сингапурнинг «SixClouds Pte Ltd» компанияси томонидан инглиз тилини ўрганиш бўйича 1-6 синф ўқувчиларига мўлжалланган замонавий мультимедиа дастурларни Оҳангарон мактабларига бериш ва жорий йил май ойининг иккинчи ярмидан ушбу тизим бўйича ўқитувчиларни ўқитиш масаласи ишлаб чиқилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 4 дона тикув машинаси тақдим қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консулхонаси орқали 10 дона тикув машинаси жўнатилиши кутилмоқда.

Вазирлик томонидан ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшлар фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида “Бахт” маҳалласида истиқомат қилувчи Саида Абдуғафурова ва Мукаррам Нурматова, «Қўрғон» маҳалласида яшовчи Наргиза Абдулҳалимовага ноутбуклар топширилди.

Оҳангарон маҳалла қўмиталарини ободонлаштириш доирасида «Янгилик», «Охунбобоев», «Мустақиллик», «Бирлик», «Намуна» ва «Навбаҳор» маҳаллаларини компьютер техникаси ва зарур мебель билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.  

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакилларининг Оҳангарон шаҳри маҳалла ва туманлари кесимидаги ишлари давом этмоқда.