Икки ва кўп томонлама сиёсий-дипломатик алоқаларни кенгайтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. 2035-2036 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига Ўзбекистон номзоди илгари сурилмоқда.
Барча дипломатларимиз жорий йилда ҳам халқаро алоқалар жадвалида юқори фаолликни сақлаб қолиш, ташқи сиёсий кун тартиби янада сермазмун бўлиши учун жиддий саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Олий даражадаги ташрифларга бир ой қолганда эмас, анча олдин тайёргарлик кўриш, пухта ишланмаган шартномалар эртага истиқболсиз лойиҳага айланиши ёки инвесторлар йиллар давомида сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилди.
Дунёда ўз овози ва салоҳиятига эга бўлган Буюк Британия, Испания, Индонезия, Австралия, Бразилия, Канада каби йирик давлатлар билан олий даражадаги ташрифлар ҳанузгача амалга оширилмагани, алоқалар суст бўлиб қолаётган давлатлар билан ҳамкорликни жонлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаганига эътироз билдирилди.
Олий даражадаги хорижий ташрифларга тайёргарлик сифатини ошириш, Ташқи ишлар вазирлигининг стратегик таҳлил ва режалаштириш салоҳиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.