Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Халқ банки ўртасида “Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига микроқарзлар берилишини таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида” имзоланган меморандумга мувофиқ Бош келишув тузилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, Халқ банки бошқаруви раиси Ф.Саламов ҳамда масъул ходимлар, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилгани, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқаролар қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Бош келишувдан кўзланган асосий мақсад “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган жисмоний шахсларга микроқарзлар беришни ташкиллаштиришдан иборатдир.
Микроқарз бир йил муддатга, 10 миллион сўм миқдорида, талаб этилган ҳужжатларнинг минимал талаблари асосида (паспорт, меҳнат мигрантининг аризаси ва доимий иш жойига эга бўлган шерик қарздорнинг паспорти) уч банк иш кунида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Labormigration.uz” дастурий мажмуасида рўйхатга олинган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетаётган фуқароларга берилади.
Микроқарзнинг фоиз ставкаси тижорат банклари томонидан мустақил равишда бозор тамойиллари асосида белгиланади ҳамда микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади. Бунда микроқарз ҳамда унга ҳисобланган фоизлар қарз олувчининг (оила аъзоларининг) топшириғига мувофиқ, уларнинг ҳисобварақаларига халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали келиб тушган маблағлардан ушлаб қолиш йўли билан ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.