Тадбирда асосий эътибор ташқи меҳнат миграцияси соҳаси фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, улар фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишларга қаратилди.

Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони коррупциянинг илдиз отишига йўл қўймаслик учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб, ҳужжатга кўра, мамлакатимизда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур йўналишдаги вазифалар ижросини тизимли ташкил этишга хизмат қилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йилда эълон қилинган резолюцияга асосан 2004 йилдан эътиборан ҳар йили 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонланиб келинади. Ушбу кун муносабати билан юртимизда илк бор кенг кўламли “Антикоррупция ҳафталиги” ўтказилмоқда, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизими бўйича масъул Д.Бердиқулов. – “Очиқ эшиклар куни” доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Агентликнинг вилоят филиалларида ташриф буюрган 208 нафар, “Call-марказ” орқали 203 нафар фуқароларга тегишли маслаҳатлар берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбар ва ходимлари иштирок этган тадбирда юқоридаги иллатлар соҳалар тараққиётига тўсиқ бўлувчи энг катта ғов экани қайд этилиб, унинг олдини олишнинг самарали усулларидан бири коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш, замонавий компьютер технологиялари, рақамли иқтисодиётни жорий этиш орқали инсон омилини камайтириб, адолатли, шаффоф тизимни яратиш экани таъкидланди.

Шунингдек, бу борада ташқи меҳнат миграцияси тизимида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида Агентликнинг бошқарма ва бўлимлари, минтақавий филиаллар раҳбар – ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув ташкил этилиб, вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури, сиёсати, асосий атама ва тушунчалар, тизимда “манфаатлар тўқнашуви”ни бошқариш, салбий ҳолатлар юзага келишини олдини олиш, коррупцион хатарларни баҳолаш, унга қарши курашишни янада жадаллаштириш, истиқболда соҳани янги босқичга кўтариш каби ислоҳотлар иштирокчиларга тақдимот шаклида намойиш этилди.

Тақдимотда меҳнат миграцияси тизимида коррупциянинг келиб чиқиши сабаблари, унга имконият яратиб берувчи омилларни баратараф қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар акс эттирилди.