Ташриф доирасида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳлари юборилиб, шаҳар-туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди. Вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири ўрганилиб, 333 таси “қониқарли”, 182 таси “ўрта” ва 29 таси “паст” ривожланиш тоифаларига ажратилди. Аҳолига даромад манбаи яратиш захиралари аниқланди.

Амалий саъй-ҳаракатлар Олот туманидан бошланди. Хусусан, вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари томонидан “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида аввало мактаб раҳбарияти ва педагог ходимлари орасида Давлатимиз раҳбарининг таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли фармон ва қарорлари, шунингдек, ташриф жараёнида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда халқ таълими муассасалари олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Таълим муассасасида ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилганлиги ҳолати ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур таълим муассасаси 340 ўринли бўлиб, 220-ўринли 1-ўқув биноси 1964 йилда, 120 ўринга мўлжалланган 2-ўқув биноси эса 2009 йилда қурилган. Айни пайтда бу ерда 290 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабнинг эски мослаштирилган биноси замонавий талабларга жавоб бермайди. Моддий-техник таъминотида ҳам анча кемтикликлар мавжуд. Айни шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, таълим муассасасида таълим-тарбия сифатини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Мактабнинг эски ўқув биноси ўрнига замонавийсини барпо этиш, мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш, ўқув хоналарини “Замонавий мактаб” талаблари асосида безатиш, педагог кадрлар сифат таркибини яхшилаш, ўқувчиларнинг билим сифатини ошириш каби йўналишларда режалаштирилган ишларнинг аниқ механизмлари яратилди.

Айни пайтда мазкур дастур асосида мактабнинг кириш қисми ва физика, кимё, биология, информатика фан хоналарини талаб даражасида таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш, бино атрофини ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Информатика хонасида юқори тезликдаги интернет тармоғи билан ишлаш имконияти яратилди.

Мактабнинг 120 ўринли ўқув биносидаги иссиқлик тизими кўрикдан ўтказилиб, иш фаолияти яхшиланди. Синф хоналаридаги эски ёриткичларни замонавий энерго тежамкор лампаларга алмаштириш жараёнлари ҳам жадаллик билан кечмоқда.

Таълим-тарбия жараёнларини сифатли ва самарали ташкил этиш бўйича методист ва илғор тажрибали ўқитувчилар томонидан амалий семинар, тренинглар ташкил этилиб, мактаб педагогларига методик ёрдам кўрсатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз раҳбарининг вилоятга қилган ташрифидан сўнг Олот туманининг чекка ҳудудида жойлашган ушбу мўъжаз масканда ҳам ўзгаришлар шамоли эсди.

Тез кунлар ичида ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга бўлган бу масканда таълим-тарбия сифати ҳам янгича пағонага кўтарилишига асло шубҳа йўқ. 

Вилоят Халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати