Мазкур турнир Ўзбекистон шахмати тарихида мутлақо янги саҳифа очиб, юртимиз вакилларининг жаҳон тахтини эгаллаётганини яна бир бор исботлади. Мусобақанинг «Masters» гуруҳида 9 очко жамғарган Нодирбек Абдусатторов турнир ғолибига айланди ва ушбу нуфузли беллашувлар тарихида чемпионликни қўлга киритган илк ўзбек шахматчиси сифатида тарихга кирди.

Шу билан бирга, яна бир истеъдодли вакилимиз Жавоҳир Синдаров 8,5 очко билан мусобақани мағлубиятсиз якунлаб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка мезбон гроссмейстер Йорден ван Фореест якун ясади.

Ушбу натижалар шахматчиларимизнинг жаҳон рейтингидаги ўринларини кескин юқорига кўтарди. Хусусан, Нодирбек Абдусатторов ўз рейтингини 19,5 пунктга ошириб, 2770 балл билан дунёнинг энг кучли беш нафар шахматчиси қаторидан жой олди. Жавоҳир Синдаров эса 19,4 қўшимча очко жамғарган ҳолда 2745 рейтинг билан дунё рейтингида 11-поғонага кўтарилди.

Тарихий ғалабани қўлга киритган шахматчиларимиз 3 февраль куни Тошкент вақти билан соат 04:10 да «Istanbul–Toshkent» йўналишидаги HY-274 рейси билан юртимизга қайтиб келишади. Ушбу муваффақият ўзбек шахмат мактабининг жаҳондаги гегемонлигини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан қадам бўлди.