Шу йилнинг 2-15 апрель кунлари Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳри “Ишмурат” кулолчилик мактабида фаолият олиб бораётган Лилия Сафуанова, Лилия Емельянова, Снежана Хайруллиналар Фарғона вилояти Риштон туманидаги машҳур уста-кулол, халқ амалий санъати устаси Бахтиёр Назиров устахонасида бўлиб, анъанавий Риштон кулолчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёнларини ўргандилар, кулолчилик ҳамда кошинпазлик сир-синоатлари билан танишдилар.
Татаристондан келган ҳунармандлар “Ишмурат” кулолчилик мактабида кулолчилик билан шуғулланади, бу устахонада кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, маҳорат дарслари намойиш этилади ва ёшларга ҳунар ўргатади.
Шу билан бирга татаристонлик меҳмонлар Риштон анъанавий кулолчилик намаёндалари, академик Шарофиддин Юсупов ҳамда амалий санъат устаси Алишер Назиров устахоналарида бўлдилар.
Риштонлик усталарни Ишмурат кулолчилик мактаби билан ҳамкорлиги бардавом бўлиши, ўзаро тажриба ҳамда маҳсулотларни сотилишини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Таъкидлаш лозимки, Республика "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан татаристонлик ҳунармандларнинг меҳмонхона хизмати ҳамда ҳунар ўрганиши учун уста ҳунармандларга иш ҳақи молиялаштирилди, деб ёзмоқда уюшманинг матбуот хизмати.