Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли Қарши гарнизонида йигитлик бурчини адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бериладиган тавсияномалар учун тест синовларидан ўтишни бошлади.
Тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.
Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг 40 таси — жанговар тайёргарлик, 20 таси — маънавий-маърифий тайёргарлик, 10 таси — математика фани, 10 таси — физика фани бўйича тест саволларидан, шунингдек қолган 20 таси — мантиқий тест саволларидан иборат бўлади.
Ҳар бир тўғри жавоб учун: жанговар тайёргарлик бўйича — 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича — 1,1 балл, математика бўйича — 1 балл, физика бўйича — 1 балл, мантиқий саволлар бўйича — 1 балл берилади.
Президентимиз Қарори билан таъсис этилган ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси муддатли ҳарбий хизматчилар – эртамиз давомчилари бўлган ёшлар қалбида Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат бурчини шараф билан ўташга, армия мактабида қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлишга, ҳарбийликдек шарафли касбга бўлган қизиқиш ва ҳавасни янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Фарғона, Андижон ва Наманган гарнизонларининг муддатли ҳарбий хизматчиларга ҳам тавсиянома бериш бўйича тест синовлари бошланди.
Таъкидлаш керакки, муддатли ҳарбий хизматчилар орасида тавсиянома учун тест жараёнлари барча ҳарбий округларда бўлиб ўтаётганини маълум қилмоқда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати.