Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг кимё ва биология бакалавриат ҳамда магистратура мутахассисликлари халқаро аккредитациядан ўтказувчи энг нуфузли ташкилотлардан бири — ASIIN халқаро агентлиги томонидан аккредитация жараёнидан муваффақиятли ўтди.
Республикамиздаги барча педагог кадр тайёрлайдиган олийгоҳлар учун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқув дастурларини тайёрлашда етакчи университет этиб белгиланди эди. Олийгоҳ зиммасига юклатилган вазифалар қаторида 2025 йилгача ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланган. Университет илмий-педагогик жамоаси бу вазифа масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда барча имкониятларни таълим сифати ва самарадорлигига йўналтирди.
— Университетда таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишни босқичма-босқич амалга ошириш белгиланди ва нуфузли халқаро аккредитация агентликлари билан музокаралар олиб борилди, — дейди ТДПУ ректори Абдуғаффор Қирғизбоев. — Дастлаб университетнинг кимё ва биология бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (кимё ва биология) магистратура мутахассисликлари халқаро аккредитациядан ўтказилиши режалаштирилди. Энг аввало, мазкур таълим йўналишлари талабалари ўқийдиган бино замон талаблари даражасида тўлиқ капитал таъмирланди. Кимё ва биология таълим йўналишларининг хусусиятидан келиб чиқиб, Ислом тараққиёти банки ҳомийлигида қарийб 2,5 млрд. сўмлик замонавий ўқув лабораториялари харид қилинди ва ўқув жараёнига татбиқ этилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур жараёнда таълим дастурлари мазмунан қайта кўриб чиқилиб, ўқув режалар илм-фан ютуқларини акс эттирувчи амалий феъл-атворга эга фанлар билан бойитилди.
— Халқаро ташкилот томонидан университетнинг 4 та таълим дастурлари: Кимё ва Биология бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (кимё ва биология) магистратура мутахассисликлари халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши эътироф этилди ва халқаро аккредитация сертификати тақдим қилиш қарори қабул қилинди. Тақдим қилинган аудит ҳисоботида университетда таълим жараёни илмий фаолият билан уйғунлашганлиги, таълим олувчилар моддий-техник база ва лаборатория имкониятлари билан етарлича қамраб олинганлиги, таълим олиш учун қулай шароитлар яратилганлиги, соҳанинг етук мутахассислари ўқув жараёнига жалб этилганлиги алоҳида қайд қилинган, — дейди ТДПУ декани Қаландар Сафаров.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, университет республикамизда ASIIN агентлиги томонидан халқаро аккредитация сертификати берилган 3 та олийгоҳлардан бирига айланди. Эришилган ушбу ютуқ таълим дастурларининг халқаро даражада тан олиниши, университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишида муҳим аҳамиятга эга.
Феруза ЖЎРАЕВА,
yuz.uz мухбири
Ҳакимжон ЙЎЛДОШЕВ олган суратлар