Абитуриентлар учун ҳаяжонли дамлар бошланди. 2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш синови муддатлари белгиланди. Талабаликни орзу қилган ёшлар сўнгги тайёргарликни кўрмоқда.
Айрим абитуриентлар учун эса синовлар бошланиб улгурди. Жумладан, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон, ҳам тест синовлари ўтказилиши кўзда тутилган Чақириққача ҳарбий таълим йўналиши бўйича Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Синовлар 20 августда бошланиб, 28 августгача давом этади. Жараён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт иншоотида ўтмоқда.
Абитуриентлар учун қатор қулайликлар, жумладан, касбий (ижодий) имтиҳон дастури, зарур тавсиялар ва имтиҳон натижалари ҳақида маълумотлар олиши учун tdpu.uz/kasbiy/chxt веб-саҳифаси ишга туширилган.
Имтиҳонлар ўтказилишидан 3 кун олдин абитуриентлар рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатган телефон рақамига хабар юборилиб, уларга имтиҳон ўтказилиш санаси, жойи ва вақти, абитуриент имтиҳон топширадиган гуруҳ рақами маълум қилинган.
Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан жиҳозланди. Ота-оналар учун фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини ijodiy/tdpu.uz саҳифаси орқали онлайн кузатиш имконияти яратилган.
Ҳар бир абитуриент, норматив ҳужжатларда белгиланганидек, тиббиёт ниқоби ва қўлқопи, ичимлик суви билан таъминланмоқда.