Тадбирда, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон ТИВ раҳбарлари, шунингдек, ТДТ бош котиби ва оқсоқоллар кенгаши раиси иштирок этди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартиби ҳамда Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. 2022 йил 11 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган ТДТ саммитида имзолаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари жаҳонда рўй бераётган воқеаларнинг жадаллиги ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар ТДТни замонавий воқеликка доимий мослаштириш зарурлигини тақозо этишини таъкидлади.
Ташкилот доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт, саноат ва технологик кооперация, инновациялар, АКТ, илм-фан, технология ва маданий-гуманитар бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.

Кучайиб бораётган хатар ва таҳдидларни енгиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида стратегик масалалар бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири томонидан ТДТнинг Самарқанд саммитига тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бўлажак тадбир ушбу тузилманинг 2021 йилда Туркий кенгашдан Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилгандан кейин бўлиб ўтадиган биринчи саммит ҳисобланади.
Йиғилиш якунлари бўйича ТДТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2022 йил 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.