Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим вазирлиги мутахассислари машғулот жараёнини кузатиб, талабаларнинг ҳаракатларига баҳо берди. Ёшлар табиий офатлар ёки техноген ҳалокатлар содир бўлган ҳолларда одамларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ёнғин хавфида тўғри йўл тутиш каби вазифаларни муваффақиятли бажардилар.
Тадбир доирасида таъкидланишича, келажак шифокорларини тайёрлаш жараёни фақат аудиторияларда эмас, балки шундай ҳаётий синов майдонларида ҳам амалга оширилмоқда. Шифокор бўлиш – бу фақат касалликни даволаш эмас, балки халқ олдида масъулиятни ҳис қилиш ва фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини сақлаб қолишдир.
Шу мақсадда университетда махсус тўгараклар ташкил этилган, маҳалла ва атрофдаги мактаблар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу эса ТДТУнинг жамоатчилик ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини яна бир бор намоён этди.
Машғулот якунида расман «Фуқаро муҳофазаси ойлиги» бошланиши эълон қилинди. Унинг давомида амалий машғулотлар, профилактик учрашувлар ва тарғибот ишлари ўтказилиб, ёшларда хавфсизлик маданияти янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Гулчеҳра Мирзаева