Юридик таълимда кутилаётган шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида ёшларни университет ректори Раҳимжон Ҳакимов хабардор қилди.

Онлайн мулоқот чоғида ректорат вакиллари билан бир қаторда, факультет деканлари ҳам иштирок этиб, талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

Таъкидланганидек, ТДЮУда Европа кредит тизимига ўтилаётгани таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Мазкур тажриба кўпгина мамлакатларда ўзини оқлаган. Унга кўра талабаларга мутахассислик фанлари чуқур ўқитилади ва мустақил таълимга кенг (60 фоизгача) ўрин берилади. Ўқув предметлари ва профессор-ўқитувчиларни эса ўзингиз танлашингиз мумкин. Раҳимжон Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, университетда амалиёт тизими ҳам ислоҳ этилди. Эндиликда 1-курсдан Юридик клиникада амалиёт ўташ ҳамма учун мажбурий этиб белгиланган.

Яна бир муҳим янгилик. Сентябрь ойидан ТДЮУда талабалар билимини баҳолаш жараёни деярли тўлиқ автоматлаштирилади. Шу мақсадда “Электрон университет” платформаси ишга туширилмоқда. Мазкур тизимда ҳар бир талабанинг шахсий кабинети очилиб, қайси фандан қанча балл тўплаганидан тортиб, назорат ишлари ва контракт тўловидаги қарздорлигигача акс эттирилади. Бу, ўз навбатида, талабаларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларини шаффофлаштириш ҳамда таълим жараёнида коррупциянинг олдини олишга ёрдам беради.

Янги тартибга мувофиқ, ТДЮУда 4-курсларнинг ҳаммаси ҳам диплом ишини ёзмайди. Бундай ҳуқуқ умумий ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан юқори бўлган талабаларгагина берилади. Қолганлар, давлат имтиҳонларини топшириш билан чекланади, холос.

Тошкент давлат юридик университети юртимиз олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолиятини йўлга қўймоқда. Натижада талабалар турли хат-ҳужжатларни олиш, расмийлаштириш ва тақдим этиш учун ортиқча вақт сарфламайди. Барча хизматларни максимал равишда электрон тизимга ўтказиш кўзда тутилган.

Раҳимжон Ҳакимов шу кунларда интернет тармоғида қизғин мунозараларга сабаб бўлган контракт суммасини камайтириш масаласига ҳам ойдинлик киритди. “Ҳозирда базавий тўлов-шартнома пулининг 10 фоизи миқдорида чегирма тақдим этиш имкониятини кўриб чиқяпмиз, — деди ректор. — Бундан ташқари, университет контракт тўлашга қийналаётган ногиронлиги бор, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга 4 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга тайёр. Яна бир гап. Биласиз, коронавирус пандемияси туфайли сентябрь ойида университетда ўқиш тўлиқ масофавий шаклда ташкил қилинади. Компьютери йўқ талабалар факультетларга чиқсин. Уларга техникани ўзимиз етказамиз. Интернет муаммосини ҳам ҳар бир туман кесимида имкон қадар ҳал қилиб беряпмиз. Бунинг учун Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ресурсларидан фойдаланилади”.

Мулоқот давомида талабалар ректорга кўплаб савол ва таклифлар билан мурожаат қилди.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими