Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги буйруғи имзоланди.
Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда “Университетим — фахрим, ифтихорим!” шиори остида Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллик юбилейи кенг нишонланади.
ТДЮУнинг юридик таълим тарихи ва тараққиётидаги ўрни, унинг нафақат республикамиз, балки минтақамизда ҳам замонавий юридик олий таълим муасссасаси сифатидаги беқиёс аҳамиятини халқимиз, жамоатчиликка кенгроқ тарғиб қилиш ҳамда университетнинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш, ҳуқуқшунослик касбини танлаган ёшларга миллий юридик таълимга бўлган муҳаббат ва қизиқишни, фахр ва ифтихор туйғусини янада оширишга қаратилган ушбу буйруқда юбилейга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, эндиликда университет талабаларининг Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси ва замонавий юридик таълимнинг истиқболларини ўзида қамраб олган ТДЮУ мадҳияси яратилади.
Шунингдек, “Тошкент давлат юридик университетига 30 йил” кўкрак нишони таъсис этилиб, ушбу нишон билан университет фаолияти самарадорлигини оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган ходим ва талабалар, ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари тақдирланади.
Шу билан бирга юридик фан ва таълим ривожини, университет тарихи ва истиқболларини ўзида қамраб олган ҳужжатли фильм ва университет альбоми яратилади.
Бундан ташқари, юридик таълим соҳасидаги тарихий меров, асосий қадриятлар ва ютуқларни сақлаш, тарғиб қилиш ва намойиш этишга қаратилган университет музейи ташкил этилади.
Ҳужжатга кўра, ТДЮУ фаолияти билан боғлиқ турли танлов ва лойиҳаларни ўтказиш, тадбирлар ва учрашувларга таниқли олимлар, маъданият ва санъат арбобларинини жалб этиш, халқаро ҳамкор ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда “Ўзбекистонда юридик таълим ва фаннинг ривожланиш истиқболлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманни ташкил этиш ҳамда университетда юридик таълимнинг 30 йиллиги муносабати билан “Юридик фанлар ахборотномаси — Вестник юридических наук — Review of law sciences” илмий-амалий ҳуқуқий журналининг махсус сони чоп этиш режалаштирилган.
Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими