Президентимизнинг шу йил 7 июндаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш, тармоқ статистикасининг шаффоф механизмини ишлаб чиқиш каби йўналишларда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги аслида иш берувчи энг катта тармоқ саналади.

Дунё аҳолисининг 40 фоизига яқини айнан шу жабҳада банд. Шу сабабли ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масалага айланаётган бир пайтда бу тармоқни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Эътибор қилган бўлсангиз, мамлакатимизда аграр сиёсатнинг асосий мақсади ушбу вазифани бажаришга қаратилган. Бу сиёсат, энг аввало, тупроқ унумдорлигини ошириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш, хўжалик юритишнинг кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришга йўналтирилган.

Бу борада ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида фойдаланилаётган ер майдони ҳудуднинг 60 фоизини ташкил этади. Кейинги пайтда ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида кам маҳсулдор пахта майдонлари ўрнига сабзавот, полиз, дуккакли экинлар экилмоқда. Бундан ташқари, интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналар бунёд этилди. Жорий йилда ғалладан бўшайдиган 90 минг гектар майдонга озиқ-овқат экинлари экиш режалаштирилган.

Албатта, бундай тадбирлар,  айниқса, тақчиллиги сезилаётган бир даврда мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни, суғоришнинг тежамкор ва замонавий усулларини қўллашни тақозо этади. Айнан ана шу соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта ўқитиш мақсадида институтимизда йигирмадан ортиқ йўналиш очилган. Улар агробизнес ва инвестицион фаолият, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, ўсимликларни ҳимоя қилиш, агрономия (анорчилик), агрокимё ва агротупроқшунослик, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, зоотехния, ветеринария, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси кабилардир.

Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 20202030 йилларга мўлжалланган стратегияси асосида экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган бошқарув тизими — кластерларнинг ташкил этилгани амалда ўзини оқламоқда. Яъни бу тизим қишлоқ аҳолисининг кафолатли даромадини таъминлаётир.

Дарвоқе, пахта хомашёси ва буғдой етиштириш харажатини молиялаштириш, асосий майдонларда экиладиган сабзавот маҳсулотларини етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлаш, ички бозорда дон ва донли экинлар нархининг барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган маҳсулотни бозор нархида харид қилиш, биржа савдоларига қўйиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигининг бошқа ташкилотларига замонавий техника воситалари етказиб бериш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарурлиги белгиланди.

Сурхондарё вилоятида бундай имкониятлардан самарали фойдаланиш, Президентимизнинг 2019 йил 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 20202030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ғўза экиладиган ҳудуд 33,6 минг гектарга, ғалла экиладиган майдон 40 минг гектарга қисқартирилди, 320 минг гектар ер фойдаланишга киритилди.

Қайта ўзлаштириш ҳисобига озиқ-овқат ҳамда ем-хашак майдони 193,6 минг гектарга кенгайтирилди. Хўш, бундай ўзгаришлар қандай самара берди? Ўтган йил якуни бўйича қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 105,3 фоизни ташкил этди. Унда фермер хўжаликлари улуши 20,7 фоиз, деҳқон хўжаликлари улуши 76 фоиз ва қишлоқ хўжалиги корхоналари улуши 3,3 фоиз бўлди. Янаям умумлаштириб айтадиган бўлсак, бу миқдор деҳқончиликда 53,8, чорвачиликда эса 46,2 фоизга тўғри келяпти.

Вилоятда ўтган йили 1454,1 гектар майдонга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усули қўлланди. Натижада йил қурғоқчил келганига қарамай ҳосилдорлик ошди. Жумладан, вилоятда қишлоқ хўжалигининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ҳозирча 50,4 фоизни ташкил қилади. Агар пахта ҳосилдорлигини олиб қарасак, юқоридаги замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига 72 370 гектар майдондан 2019 йилда 234 500 тонна, 2020 йилда 244 800 тонна, 2021 йилда эса 253 566 тонна пахта олинди.

Ўртача ҳосилдорлик эса 35 центнерга етказилди. Айни пайтда вилоятда пахтачилик бўйича тўққизта пахта тўқимачилик кластери ва тўртта пахта тўқимачилик кооперацияси ишлаб турибди. Улар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сув тежамкор технологиялар ва мақбул алмашлаб экиш тизимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада халқаро тажрибалардан кенг фойдаланиляпти. Ғаллачиликда ҳам янги босқичга ўтилмоқда.

Вилоятда бу соҳада саккизта кластер бўлиб, улар билан 2483 фермер фьючерс шартномаси имзолаган. Ғалладан бўшаган майдонга такрорий экинларни оқилона жойлаштириш деҳқонларимизга катта даромад келтиряпти. Жумладан, 2021 йилда 6646 гектар суғориладиган ва 100 гектар лалми майдонда нўхат, мош, ловия, фасоль, ерёнғоқ экилган. Муҳими, 28 минг 655 тонна дуккакли донли экинлар йиғиштириб олиниб, аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжи қондирилган ва бир қисми экспортга ҳам жўнатилган.

Ўтган йили Сурхондарё вилоятида хорижий мамлакатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича энг юқори кўрсаткич Денов, Шеробод, Термиз туманлари ҳиссасига тўғри келган. Яъни 173 115,7 тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 43680,7 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга эришилган. Мева-сабзавотчиликда ҳам янги технологияларни қўллаш, ишни оқилона ташкил этиш яхши самара беряпти.

Мисол учун, экин майдонлари ҳажми (40703 гектар) ўзгармаган ҳолда вилоятда 2019 йилда 971 934 тонна, 2020 йилда 1 013 532 тонна, 2021 йилда эса 1 165 000 тонна сабзавот етиштирилган. Вилоятда бугунги кунда 16 та кластер мева-сабзавотчиликка ихтисослашган. Улар томонидан 5944 тонна маҳсулотни қайта ишлаш бўйича 47,2 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, 55 та янги иш ўрни очилди. Вилоятда узумчилик борасида ҳам салмоқли натижаларга эришиляпти.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, токзорлар майдони ошмаган ҳолда 2021 йилда ундан олдинги йилга нисбатан 23 843 тонна кўп ҳосил олинган. Худди шу йилларда боғдорчиликда ҳам олдинги йилга нисбатан 26 947 тонна қўшимча ҳосил олинган. Асаларичилик оммалашиб бораётган соҳалардан бирига айланди. Ҳозир вилоятда 100 га яқин асаларичилик фермер хўжалиги мавжуд. Ваҳоланки, 2019 йилда бу кўрсаткич 35 та эди.

Шу боис, ўтган йили 2019 йилга нисбатан 305 тонна кўп асал етиштирилди. Чорвачилик қишлоқ хўжалигининг энг даромадли ва меҳнатталаб соҳалардандир. Сурхон воҳасида бу тармоқни ривож лантириш аҳоли катта қисмининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу, албатта, тармоқдаги бошқарув, ҳисоб-китоб ишларини такомиллаштириш, яйлов ва ем-хашак захирасини тўлдириш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам вилоятда ҳар йили юзга яқин чорвачилик фермер хўжалиги очилиб, бугун улар сони 2299 тага етди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир вилоятда чорва моллари сони 1 023 507 бошни ташкил этади. Бир йилда улардан 201 503 тонна гўшт, 909 170 тонна сут олинмоқда.

Паррандачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Муҳими, бу соҳа билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони 50 дан ошди. Кейинги икки-уч йилда паррандалар бош сони икки баробар кўпайди. Ўз-ўзидан аҳолининг тухум ва парранда гўштига эҳтиёжи ҳам кўпроқ қондириляпти.

Бинобарин, паррандачилик соҳаси билан шуғулланаётганлар сони ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти. Энди балиқчилик соҳасига тўхталиб ўтсак. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, ҳар йили 50-60 тадан янги балиқчилик хўжалиги очиляпти. Шунинг ҳисобидан ҳар йили бу тансиқ маҳсулотни етиштириш ҳажми қарийб 2000 тоннадан кўпайиб бормоқда. Бугун вилоят бўйича бу соҳада банд бўлганлар сони 3000 нафарга яқинлашиб қолди.

Қишлоқ хўжалигини 2019-2021 йилларда таҳлилий ўрганиш натижаларига кўра, давлатимиз томонидан яратилган кенг қамровли имкониятлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, илмий-тадқиқот институтлари олимлари берган амалий тавсияларга ўз вақтида амал қилингани натижасида вилоятда сўнгги уч йилда барқарор ўсиш ҳолати кузатилди. Бу эса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, агросекторда яратилган иш ўринлари ҳисобига аҳоли бандлигига эришиш билан бирга, аҳоли даромадини оширишга хизмат қилмоқда.