Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида доимий рўйхатда турувчи, “Next” савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишловчи, 1999 й.т. фуқаро Жахонгир У. ариза билан мурожаат қилиб, 10 май куни ўзига тегишли бўлган банк пластик картасидан 2.020.000 сўм миқдоридаги пулларини номаълум шахс “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти орқали номаълум йўллар билан ечиб олганлигини маълум қилиб, номаълум шахсни аниқлаб унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бўлими ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, Фарғона вилояти, Бешариқ туманида доимий рўйхатда турувчи, шу туманда жойлашган мактабгача таълим муассасасида инглиз тили ўқитувчиси, Фарғона Давлат Университети талабаси, 1999 й.т. фуқаро Пиримқул Ж. аниқланиб, ушланди.
Ҳолат юзасидан Пиримқул Ж. билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида, жиноий ҳаракатларини амалга ошириш ва жиноят изларини яшириш мақсадида, май ойининг бошларида “Samsung J” русумли телефон аппарати ҳамда интернет тармоғи орқали Америка Қўшма Штатларида рўйхатга олинган +1(747)251-5148 SIP телефон рақамига “Telegram” ижтимоий тармоғида “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунтни рўйхатга олиб, Click ва UzCard ташкилотлари номидан “Telegram” ижтимоий тармоғида мавжуд канал ва гуруҳ обуначиларни ишончига кириб, алдов йўли билан обуначиларга тегишли бўлган банк пластик карталарининг маълумотларини олиб, банк пластик карталарда бўлган барча маблағларни яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, интернет тармоғи орқали Р2Р халқаро пул ўтказмалар тизимига уланиб маблағларни ечиб олиб, жиноий йўл билан топилган жами 8.000.000 сўм миқдоридаги маблағларни интернет тармоғи орқали легаллаштириб, отаси вақтинча ишсиз, 1968 й.т. фуқаро Диёр А.нинг номига Миллий банк томонидан расмийлаштирилган Виртуал банк пластик картасига ўтказиб юборганлигини маълум қилди.
Фуқаро Пиримқул Ж.нинг олдида бўлган “Samsung J” русумли телефон аппарати кўздан кечирилганда, “Telegram” ижтимоий тармоғида Америка Қўшма Штатларида рўйхатга олинган +1(747)251-5148 SIP телефон рақамига боғланган “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти, “ClickВОТ” аккаунтида виртуал банк пластик картаси борлиги аниқланиб, виртуал банк пластик картасида 20 май ҳолатига жами 19.283.000 сўм миқдорида маблағлар мавжудлиги аниқланиб, “Samsung J” русумли телефон аппарати ашёвий далил сифатида олиниб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига топширилди.
Ҳозирда Пиримқул Ж.нинг Тошкент шаҳар ҳудудида содир этилган ушбу турдаги жиноятларга алоқадорлиги тезкор йўллар билан текширилмоқда.
(барча шахсларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган)
ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси