Сўнгги йилларда онлайн харид ва электрон тўловлар ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаётгани, айни пайтда айрим шахслар томонидан бу имкониятлар суиистеъмол қилинаётгани кузатилмоқда. Айниқса, байрамлар арафасида арзон нархлар ва катта чегирмаларни баҳона қилган ҳолда, ҳатто давлат идоралари номидан чиқиш орқали фуқароларни алдаш ҳолатлари кўпайган.
Ана шундай ҳолатлардан бири навбатдаги тезкор-қидирув тадбирида аниқланди. Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номи билан сохта канал ва гуруҳлар очиб, пул маблағларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёш оралиғидаги беш нафар шахс жорий йил бошида олдиндан режалаштирилган ҳолда жиноий ҳаракатларни амалга оширган. Улар «Мусодара товарлар» ва «Оптом склад» каби номлар остида канал ва гуруҳлар ташкил этиб, ўзларини божхона тизими ходимлари сифатида таништирган ўнга яқин сохта аккаунтдан фойдаланган.
Фирибгарлар маиший техника, мебеллар, гаджетлар, жумладан iPhoneʼнинг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилган. Ҳатто аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларни етказиб беришни ваъда қилган. Пул маблағлари эса бошқа шахслар номига расмийлаштирилган банк карталари орқали қабул қилинган.
Текширувлар давомида жиноий гуруҳ 60 нафар фуқарони алдаб, жами 117 миллион сўм маблағни ўзлаштиргани аниқланди. Товарни талаб қилган ёки қайта алоқа ўрнатишга уринган жабрланувчилар ижтимоий тармоқларда «қора рўйхат»га киритилиб, эътиборсиз қолдирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўриляпти.